Қирғизистондаги беқарорликлар мамлакат иқтисодига қанчага тушмоқда?

Image caption Беқарорликлар Қирғизистон иқтисоди қолиб, минтақа иқтисодига ҳам таъсир этмоқда

Қирғизистоннинг Осиёдаги энг йирик улгуржи бозорларидан бири бўлган "Дордой" бозорилик тадбиркорлар ҳукуматга расман мурожаат этиб, оммавий намойишларни тақиқлашини сўрашган.

Уларнинг айтишларича, кети кўринмаётган муаммолар ва намойишлар Қирғизистондаги беқарорликларнинг асосий сабабидир.

Тадбиркорларга кўра, Қирғизистонда кузатилаётган ҳар бир норозилик чиқиши ўз фаолиятларига жиддий таъсир қилмоқда.

Норозилик чиқишлари ортидан тартибсизликлар юз беришидан қўрқиб, хорижлик харидорлар ҳам Қирғизистонга келишдан қўрқиб қолишган, дейишади улар.

"Дордой" бозори эса, бутун минтақа иқтисодида муҳим ўрин тутувчи савдо марказларидан саналади.

Хитойдан келувчи товарлар айнан "Дордой" орқали Қозоғистон, Россия ва Ўзбекистонга тарқалади.

Айрим иқтисодчиларга кўра, "Дордой" амалга ошираётган қайта экспорт жараёни Қирғизистон иқтисодини тутиб турувчи энг йирик иқтисодий фаолиятлардан бири саналади.

Экспертларга кўра, президент Қурманбек Бакиевнинг қудратдан четлатилишига олиб келган апрел ойидаги қонли тўқнашувлар Қирғизистон иқтисодига 1 миллиард сомга тушган.

Июн ойидаги этник низолар Қирғизистон жанубига етказган зарар миқёси эса, 1 миллиард АҚШ долларида баҳоланмоқда.

Иқтисодга энг катта зарба қишлоқ хўжалиги ва савдога қаттиқ таянган Ўш ва Жалолобод шаҳарларидаги этник зўравонликлар бўлган.

Расман 351 инсонни нобуд қилган, минглаб уйларни вайрон қилган можаро йирик бозорлар ва дўконларни харобага айлантирган, минглаб одамларни иш жойидан жудо қилган.

Маҳаллий мутахассисларга кўра, ойлаб давом этган сиёсий ва этник зўравонликлар ортидан Қирғизистондаги ўсиш даражаси ортга қараб кетиши хавфи бор.

Тобора тушиб бораётган турмуш даражаси, кенг тарқалган коррупция ва уюшган жиноятчиликнинг ривожланиши мамлакатдаги аҳволни янада ёмонлаштирган.