Қирғиз ёшлари ОХҲТ полиция кучлари киритилмаслигига эришмоқчи

Қирғиз полицияси
Image caption ОХҲТ полициячилари қуролсиз бўлиб, улар Қирғиз ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан ҳамкорлик қиладилар

Қирғизистон жанубида Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг полиция-маслаҳат кучларини жойлаштиришга қарши бўлган ёшлар ташкилотлари 10 минг имзо тўплаганини айтмоқдалар.

Ёшларнинг "Ақ Қизмат" деб номланган ташкилоти Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик кучлари полициячиларининг Қирғизистонга жанубида жойлаштиришига қарши ўн минг инсоннинг имзосини тўплагани ҳақида эълон қилган.

Ёшлар ташкилотининг вакили сўзларига таяниб Россиянинг "Интерфакс" ахборот агентлиги хабар қилишича, бу имзолар охирги бир неча кун мобайнида фақат Ўш шаҳрининг атрофида тўпланган.

"Биз яқинда ўз кампаниямизни Жалолободда ва мамлакатимизнинг бутун жанубий қисмида давом эттирамиз", деб айтган "Ақ Қизмат" ташкилоти вакили.

Қирғиз ёшлари ташкилотлари фақат норозилик чиқишлари ёки раллилар билан чекланиб қолмасликлари лозимлигини, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти полициячиларини мамлакатга киритмасликнинг амалий чораларига қўл уришлари лозимлигини айтишган.

Июн ойидаги қонли ҳодисалар ортидан Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти Қирғизистон жанубига 52 қуролсиз полиция-маслаҳат кучлари ходимларини жойлаштиришга қарор қилган, бу вазиятни барқарорлаштириш учун муҳим эканлиги урғуланган.

12 август куни Ўш ва Бишкек шаҳарларида ўзларини мамлакатдаги қатор сиёсий партиялар дастаклаётганини айтадиган Қирғиз ёшларининг ташкилотлари ОХҲТ полициячиларига қарши норозилик амалиётлари ташкил қилганлар.

Маҳаллий кузатувчилар бу ташкилотлар қонли ҳодисаларга алоқадорлиги фош этилиши олдини олмоқчи бўлган сиёсатчилар томонидан молияланаётган гуруҳлар эканини айтадилар.

Ёшлар ташкилотлари агар Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик кучлари Ўш шаҳрига келадиган бўлсалар, шаҳардаги йирик магистрал йўлларни тўсиш, Ўш аэропорти учиш-қўниш йўлагини ўраб олиш, полиция-маслаҳат кучлари ходимларининг Ўшда фаолият юритишига йўл бермасликка ваъда беришган, полициячилар хавфсизлигини кафолатлай олмасликлари ҳақида пўписа қилганлар.