Маркус Мюллер ОХҲТ полиция-маслаҳат гуруҳи раҳбари бўлади

Маркус Мюллер(ОХҲТ расмий веб-сайтидан олинган сурат)
Image caption Маркус Мюллер ОХҲТ ҳамда Швейцария ҳамкорлик ташкилотининг Бишкек идорасига раҳбарлик қилган

Швейцария расмийлари маълум қилишларича, швейцариялик дипломат, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Бишкекдаги идорасига раҳбарлик қилган Маркус Мюллер ОХҲТ полиция-маслаҳат гуруҳига раҳбарлик қилади.

Швейцария Ташқи ишлар вазирлиги жаноб Мюллер Қирғизистон жанубига юбориладиган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг 52 нафар қуролсиз полициячилари раҳбари этиб тайинланганини тасдиқлаган.

Маркус Мюллернинг Қирғизистонда катта иш тажрибасига эга экани билдирилган.

У Бишкек шаҳрида дастлаб Швейцария ҳамкорлиги идорасининг раҳбари, кейинчалик эса Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Бишкекдаги идораси раҳбари сифатида фаолият юритган.

ОХҲТга аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари июн ойидаги хунрезликлар ортидан Қирғизистон жанубига полиция-маслаҳат гуруҳини киритишга қарор қилган эди.

52 кишидан иборат қуролсиз полициячиларнинг сентябр ойи бошида Қирғизистонга етиб бориши кутилмоқда.

ОХҲТ полиция-маслаҳат гуруҳининг маҳаллий Қирғиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари билан вазият таранглигини юмшатиш мақсадида ҳамкорлик қилиши кўзда тутилган.

Полиция-маслаҳат гуруҳининг ҳозирча тўрт ойга жойлаштирилиши кўзда тутилган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар қилишича, ОХҲТ полиция гуруҳи таркибига Туркия 15, Сербия ўн, Россия етти нафар, Булғористон, Латвия ва Словакия уч нафардан, Литва ва Швеция бир зобит юборишга рози бўлганлар.

Полиция кучларининг жойлаштирилиши 4 миллион еврога тушиши маълум қилинган.

Қирғизистон муваққат ҳукумати Оврўпо ташкилоти полициячиларини мамлакат жанубига киритишни маъқуллаган, бироқ уларга қарши пойтахт Бишкек ва Ўш шаҳрида норозилик амалиётлари уюштирилмоқда.

Ўзларини Қирғиз ёшларининг ташкилотлари дея тақдим этаётган гуруҳлар Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг полициячиларини жойлаштириш вазиятни беқарорлаштиради, демоқдалар.

Ёшлар полициячиларнинг киритилишига йўл қўймасликлари ҳақида эълон қилмоқдалар.

Қирғиз муваққат ҳукуматининг айрим аъзолари ҳам ОХҲТ кучлари киритилишига қарши эканини маълум қилганлар.