Ўзбек жангарилари афғон полиция идорасини ҳужумга тутган

Image caption Гуруҳ раҳбари Тоҳир Йўлдошнинг ўлдирилгани хабар қилинган

Афғонистон расмийлари Қундуз вилоятида бир полиция ходими дохил, уч киши ҳалок бўлган ҳужум учун Ўзбекистон Исломий Ҳаракати масъул эканини айтишган.

Расмийларга кўра, Али-Обод туманидаги ҳодисада НАТО кучлари икки жангарини ўлдирган.

Франс-пресс хабар агентлигининг туман ҳокими Ҳасибуллоҳ Муҳташамдан иқтибос келтиришича, исёнчилар туман полиция идорасини шанба куни кеч соатларда ҳужумга тутишган.

Ҳужумда бир афғон полицияси ходими ҳалок бўлган.

НАТОнинг билдиришича, иттифоқ кучлари жангарилар ўтирган юк машинасини ҳаводан нишонга олган ва икки жангарини ўлдирган.

Улардан бирининг Ўзбекистон фуқароси экани айтилади.

НАТОга кўра, ҳужумга Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг қўмондонларидан бири бошчилик қилган.

Иттифоқ кучларининг билдиришича, ўзбек жангари гуруҳи шунингдек, минтақадаги яна бир ҳудудга қурол-яроғ етказиб бергани маълум.

Нисбатан тинч бўлган Афғонистон шимолида сўнгги пайтларда исёнчиларнинг ҳужумлари кучайган.

Ўтган ҳафта Қундуз вилояти расмийлари Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг уч нафар аъзоси ҳибсга олинганини маълум қилишган.

Маҳаллий полиция бошлиғи уларнинг тожик фуқаролари экани ва Покистон билан чегарадаги Мироншоҳ минтақасида тайёргарликдан ўтганликларини айтган.

1998 йилда ташкил топган ва Президент Ислом Каримов ҳукуматига мухолифатда бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Толибон бошқаруви даврида Афғонистон шимолида ўзининг базаларига эга бўлган.

АҚШ ЎИҲни 2000 йилда террорчи ташкилотлар рўйхатига киритган ва Америка бошчилигидаги ишғол ортидан ўзбек жангарилари Афғонистондан чиқарилган.

Гуруҳ афғон-покистон чегарасида ҳануз фаол экани айтилади.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати раҳбари Тоҳир Йўлдошнинг ўтган йил августида Жанубий Вазиристондаги америкаликларнинг ҳаво ҳужумида ўлдирилгани хабар қилинган.

Бироқ Покистон Ички ишлар вазирлиги унинг ўлимини тасдиқловчи "қатъий далиллар" йўқлигини айтган.