Князев: хунрезлик айбдорларининг жазосиз қолиши яна қонли ҳодисаларга ундайди

Профессор Александр Князев
Image caption Таҳлилчи Александр Князев Қирғиз муваққат ҳукуматини миллий шовинизм сиёсатини дастакламасликка чақирди

Александр Князев Олма Отадаги "Сиёсий қарорлар институти"нинг маслаҳатчиси.

У 1959 йил 20 октябрда туғилган.

Александр Князевнинг ҳам номзодлик ва ҳам докторлик диссертацияси Афғонистон муаммосига бағишланган.

Профессор Князев ўзининг илмий йўналиши Марказий Осиё хавфсизлиги ва геополитика муаммоларига бағишланганини айтади.

Князев Марказий Осиё мамлакатларининг ўзаро муносабатлари, минтақа олдидаги мавжуд муаммолар таҳлилига бағишланган кўплаб мақолалар эълон қилган.

Александр Князев кўп йиллик журналистик тажрибасига эга.

У Қирғизистонда фаолият юритадиган рус тилидаги бир неча оммавий ахборот воситаларида ишлган, журналистикадан сабоқ берган.

Александр Князев бир неча ҳужжатли филмлар муаллифи ҳамдир.

Унинг Қирғизистон сиёсий ҳаётидаги таҳлиллари собиқ президент Қурманбек Бакиев режимини ғазабга келтирган, у 2009 йил декабрида Москвада Асқар Акаев билан учрашганидан кейин Бишкекда калтаклаб кетилган.

Қирғизистон жанубидаги қонли ҳодисаларидан кейин Қирғизистон ҳукумати миллий комиссия тузган, профессор Александр Князевнинг ҳам ушбу комиссияси аъзоси экани эълон қилинган.

16 август куни Бишкек шаҳрида матбуот анжумани уюштирган Александр Князев "Қирғизистон жанубидаги ҳодисалар сабаблари, оқибатларини ўрганиш, тавсиялар ишлаб чиқиш бўйича Миллий комиссия" таркибидан чиқишини эълон қилган.

Профессор Князев айтишича, бу комиссия ишламаяпти.

Қирғизистондаги ҳозирги сиёсий вазиятга баҳо берган таҳлилчи Александр Князев муваққат ҳукуматнинг олиб бораётган сиёсатини танқид қилган.

"Агар ҳукумат бундан кейин ҳам миллий шовинизм сиёсатини қўллаб-қувватлашда давом этаверса, Қирғизистон ўз давлатчилигини йўқотиши мумкин", дея огоҳлантирган сиёсий эксперт Александр Князев.

Александр Князевнинг саволларга жавоблари

Япониядан доимий муштариймиз Комрон шундай савол берган: Сиз нима деб ўйлайсиз, минтақа барқарорлигига кўпроқ қайси омиллар салбий таъсир кўрсатади: 1. Шўролар Иттифоқи пайтида миллатига қараб давлат ташкил сиёсатими ёки 2. Америка ва Россиянинг бу минтақани ўз назоратига олиш йўлидаги ўзаро рақобатими?

Александр Князев: 1.Ҳар қандай ҳолатда ҳам биринчи сабаб – Шўролар даврида чегараларнинг нотўғри чизиб чиқилгани асосий, фундаментал сабаб ҳисобланади. Ўша пайтда фақат маъмурий чегара бўлиб хизмат қилган, бугун мустақил бўлган республикалар ўртасидаги чегаралар ҳар хил сабаблар асосида чизиб чиқилган. Бунда баъзан сиёсий томони ҳисобга олиниб, баъзан эса иқтисодий жиҳатини назарда тутиб чегара ўтказилган, аҳолининг миллий таркибига эътибор берилмаган.

Фақат Қирғизистондагина эмас, барча собиқ Шўро республикаларида миллатлар, этносларнинг ўзаро муносабатлари масалаларни можаросиз ҳал қилишга, миллий озчиликларнинг мавқеини таъминлашга қодир эмаслар. Биринчи ўринда мана шу ноқобиллик миллатлараро низоларга сабабчи бўлади. Буни Қирғизистон жанубида, Тоғли Қорабоғ, Шимолий Осетия, Абхазия ва Приднестровьеда кўриш мумкин.

2. Албатта, АҚШ ёки Россиянинг минтақада ўзининг ролини кучайтириш мақсадидаги сиёсатларининг таъсири ҳам Марказий Осиёдаги вазиятга таъсир қилади. Биласизми, сиёсат ўзининг моҳияти билан ноахлоқий ҳисобланади. Аммо сўнгги ҳодисаларда бу икки мамлакатнинг роли ката эмас. Бу можаронинг ўзининг объектив сабаблари бор, бу Россия ёки Американинг таъсири билан келиб чиққан эмас. Лекин ушбу инқироздан бу мамлакатлар ўзларининг манфаати йўлида фойдаланиб қолишни истаган бўлишлари мумкин.

Қонли ҳодисалар авжига чиққан пайтда Роза Ўтинбоеванинг Россиядан қўшин киритишни илтимос қилиши Россия учун бир имтиҳон бўлди. Чунки Россия раҳбариятида ҳам бу минтақаларга қўшин киритишни, бу ҳудудларнинг ўзларининг назоратидаги ҳудуд бўлишини истайдиганлар топилади. Мен ўйлайманки, Россия Қирғизистон жанубига қўшин киритмай тўғри йўл тутди. Россиянинг ҳарбий аралашуви Россиянинг минтақадаги мавқеига путур етказган бўларди, деб ўйлайман. Чунки ҳарбий таъсир ҳар доим ҳам энг маъқул таъсир эмас. Россия ҳарбий таъсирдан кўра, иқтисодий таъсир йўлларини афзал кўрди ва мана шу йўлда ишлаяпти.

Bahodir: Mana siz Qirg’zistonda oxirgi yillarda yashab faoliyat yuritgansiz. Bu mamlakatda millatchilik bu qadar avj olishiga nimalar sabab bo’ldi. O’zbeklarga qarshi qirg’izlarning bu qadar kuchli nafrati, dushmanligi ildizlari, sizningcha nimada?

Александр Князев: Менимча, гап фақат ўзбеклар ҳақида эмас. Ўзбеклар Қирғизистонда сони энг кўп миллий озчилик ҳисобланади. Улар бу ҳудудларда тарихан истиқомат қилиб келган туб аҳоли ҳисобланади. Мамлакатдаги бизнесда ўзбекларнинг ўзининг кучли мавқеи бор, улар ўз урф-одатларига эгалар. Айниқса, мамлакат жануби Ўш шаҳри, Ўш атрофии ҳамда Жалолобод вилоятида. Бу ерда қирғизлар миллий шовинизми бошқаларга нисбатан ўзбекларга кўпроқ, аниқ кўзга ташланади. Қирғиз миллатига мансуб аҳолида миллий шовинизм тенденцияси фақат ўзбекларга қарши дейиш тўғри эмас, агар мамлакат шимолидаги вазиятга қаралса, жанубдагидек кенг миқёсда бўлмаса ҳам, бундай муносабатнинг дунганларга нисбатан, уйғурларга, туркларга нисбатан, русларга қарши эканини кўриш мумкин.

Бунинг сабаби, менинг назаримда, давлатчилик кучсизлигидадир. Бу Шўролар Иттифоқи парчаланиб кетганидан кейин қирғиз давлатчилигининг кучсизлиги аломатидир. Балки бунинг илдизлари Совет даврига ҳам бориб тақалар.

Биласизми, ҳар қандай жамиятда ўзининг давлатчилигини барпо этиш учун қандайдир мафкура, қандайдир ғоя зарур. Яъни, бу ғоя, бу мафкура жамиятдаги барчани бирлаштира оладиган бўлсин. Одамларни бирлаштиришнинг энг осон йўли – бу миллий ғоя атрофида бирлаштиришдир.

Саводи баланд бўлмаган одамларга, оилавий, ахлоқий тарбия анъаналари кучсиз бўлган муҳитда ўсиб вояга етганларга жуда тез таъсир кўрсатишнинг йўли, уларнинг онгини қисқа вақтда эгаллаб олишнинг йўли бу миллий ғоя, миллатчилик ғоясидир. Бу айниқса, ҳаётий тажрибаси йўқ ёшларга тез таъсир қилади. Бунинг устига мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол яхши бўлмаса, одамлар қашшоқ яшаётган пайтда «ҳаммасига тўқ, бой яшаётган мана бу айбдор” деб бошқа миллат вакилини ҳамма муаммоларнинг сабабчиси қилиб, оломонни унга йўналтириш жуда осон. Бу қайсидир сиёсатчи учун ёки давлат органи учун одамларни бирлаштиришнинг усулидир. Бундай мафкура Қирғизистонда Совет Иттифоқининг охирги йилларидан ривожлантириб келинди.

Фарғона водийсидаги Шўролардан олдинги тарихга назар ташланса, мисол учун Ўш шаҳрида қирғизлар яшамаганлар. Меҳнатнинг табиий тақсимоти бўлган. Ўзбеклар зироатчилик, тижорат билан шуғулланганлар. У ерга келиб жойлашган руслар ҳунармандчилик, саноат билан банд бўлганлар. Қирғизлар чорвачилик билан шуғулланганлар. Ҳар кимнинг ўзининг жойи бўлган. Бозор ташкил қилинган кунларда ҳар ким ўзининг тайёрлаган маҳсулоти билан алмашар, ҳеч ким бировнинг ўрнига даъво қилмас эди.

Шўролар қирғизларни мажбуран ўтроқ халққа айлантиришга ҳаракат қилади, уларни кўчманчиликдан воз кечиб, бир жойда турғун яшашига эришишни истайди. Аммо ўтроқ халққа айланган одамларни нима билан банд қилиш йўлини тополмайди. Аҳоли сони эса кўпайиб борарди. 1980 йилларнинг охирида яшаш, деҳқончилик билан шуғулланиш қулай бўлган водий ерларига аҳоли кўчириб олиб келинади. Қирғизлар шуғулланмоқчи бўлган иш Билан бошқалар - ўзбеклар ёки руслар банд эдилар, уларнинг турмуш даражаси қирғизларникига қараганда баланд эди. Бундай ижтимоий ҳасад осонгина миллий нафратга айланади ва ўртада миллий низо келиб чиқади. 1990 йилдаги Ўш ҳодисаларига қараладиган бўлса, бу ҳодисаларда иштирок этган қирғиз ёшларининг аксари – тоғли ҳудудларда яшаган, ўзининг яшаш жойида ишсиз бўлган, пастга водийга тушиб, бой яшаётган ўзбекларни кўрган ёшлар эди. Бундай кўролмасликнинг шаклланиши тез кечади. Кейин эса бундай нафратни ахлоқсиз сиёсатчилар ўз манфаатларига йўналтирадилар.

Dilshod Tojiddinzoda, Moskva: Mana, Siz, ishlamayotgani uchun o'sha komissiya tarkibidan chiqmoqchi ekansiz. Nima deb o'ylaysiz, mavjud hukumat nima uchun sustkashliklarga yo'l qo'yayapti: qirg'iz millatiga mansub aholi nafratidan hadiksirayaptimi, mamlakatdagi chuqur ildiz otib ketgan jinoiy unsurlarning kuchayib ketgani tufaylimi yoki davlat boshlig'i ayol kishi bo'lgani uchunmi? Yoki bo'lmasam, buning boshqa bir biz bilmaydigan mavhum tomonlari ham bormi? Javob uchun oldindan minnatdorchilik bildiraman!

Александр Князев: Биласизми, Қирғизистон жамиятидаги қирғизларнинг аксари қайсидир даражада миллатчилик руҳида тарбияланган. Яъни, бу мамлакат қирғизларнинг номи билан аталгани учун қирғизлар бу мамлакатда титулли миллат ҳисобланади ва бу ер қирғизларники, деган тушунча уларнинг онгига сингдирилган. Бундан келиб чиқадики, Қирғизистонда яшаётган бошқа миллатга мансуб одамлар иккинчи даражадаги одамлар ҳисобланади. Улар устун миллат учун мўлжалланган тартиб-қоида билан келишишлари, бунга рози бўлишлари шарт. Ҳали Асқар Акаев ҳукмронлиги пайтида сиёсат фақат қирғизлардан ташкил топган эди. Сиёсатда ўзбек ёки руснинг иштироки истисно ҳолат ҳисобланарди. Қирғиз жамиятининг аксар қисми бу мамлакатда қирғиз доим устун туриши керак, деб ҳисоблайди. Шу сабабдан ҳам ҳар қандай комиссия, ҳар қандай ҳукумат ёки сиёсий раҳбарият “Қирғизистон жанубидаги ҳодисаларда қирғизлар кўпроқ айбдор, бу ҳодисалар оқибатида ўзбеклар кўп жабр кўрди”, деб айтишга журъат қила олмайди. Бу дегани Қирғиз жамиятининг кўпчилигининг норозилигига, қаҳр-ғазабига учраш, деганидир.

Шунинг учун ҳар қандай комиссиянинг ўша маргинал, миллатчилик кайфияти руҳида иш кўришдан ўзга чораси йўқ. Чунки бу комиссия қўлида ҳодисаларнинг асосий айбдори қирғизлар эканига ишонтириш воситаси йўқ, имкони йўқ.

Иккинчи Жаҳон урушидан кейинги ҳолатга солиштирадиган бўлсак, урушдан кейин олмонлар биз “фашизм” деб атайдиган нарсани тан олишга, эътироф этишга ўзларида маънавий куч топа олдилар. Шунинг учун ҳам бугунга келиб олмонлар дунёдаги ҳурматга сазовор миллат деб кўрилади. Олмонлар ўзларининг айбини тан олиш жараёнини босиб ўта олдилар.

Ўйлайманки, Қирғизистондаги сиёсий элита вакилларини ҳам ўзида жамлаган бугунги комиссия бундай эътирофгача шаклланиб етмаган, бундай тан олишга қодир эмас. Бу комиссия расмиятчилик учун хулосалар бериб қўяди. Бу хулосалар аллақачон эълон қилинди. “Бу конфликтнинг бошловчилари ўзбеклар”, “Ўшдаги муллалар масжидлардан тартибсизликларга чақирган”, деган хулосаларини эшитдик. Балки шундай ҳодисалар ҳам бўлгандир, аммо низо негизида шу нарса ётиптими, бу бошқа масала. Шунинг учун бу комиссия мен юқорида тилга олган тенденциялар талаб қилаётган конюнктура талабларини бажариш билан чекланади, холос. Мен бу комиссиянинг холис бўлишига бошидан шубҳам бор эди, аммо бу комиссия таркибига киришга розилик берар эканман, ичимда кичкина бўлса ҳам умид бор эди, балки унинг фаолияти ҳаққоний, холис бўлар деган. Мана орадан бир ой ўтиб маълум бўлдики, менинг бу комиссияга керагим йўқ экан. Шунинг учун бу комиссия таркибидан чиқишимни эълон қилдим.

Odiljon Maxdumiy: Qirg'iziston janubida bo'lib o'tgan hunrezliklarni o'zbeklarga qarshi qilingan genotsid ekanligini dunyo ahli va ma'sul tashkilotlar tan oldi deb bilasizmi?

Александр Князев: Мен ҳам ўзимнинг шарҳларимда “геноцид” деган атамани ишлатганман. Балки йирик қон тўкилишини аниқ ифодалаб берадиган халқаро ҳуқуқий тушунча бордир, Қирғизистон жанубидаги ҳодисалар ҳақида гапира туриб, қатор ташқи кузатувчилар, шу жумладан мен ҳам “геноцид” сўзини қўллашимиз жуда ҳам тўғри эмасдир. Балки бунда эмоционал бўёқ кўпдир. Аммо гап қандайдир илмий атамаларда эмас. Одамларни ўлдиришаётганини кўрганда, кўз кўриб қулоқ эшитмаган ваҳшийлик содир этилганини кўрганда, инсоннинг ўзининг ҳис-туйғусини жиловлаши қийин бўлади.

Мен ўйлайманки, асосий нарса Қирғизистон жанубидаги ҳодисаларни расмий даражада, ёки норасмий қатлиом деб тан олиниши, аталишида эмас. Асосий нарса адолатли тергов ўтказиш, ким айбдор эди, ким ҳалок бўлди, номлари аниқ айтилиши. Жабр кўрганлар ҳеч бўлмаганда ҳукумат, халқаро ҳамжамият айбдорларни топди, деб маънавий қониқиш ҳис қилсинлар. Айбдорлар эса айбига яраша жазо олиши шарт.

Ушбу инқирознинг асосий сабабларидан бири 1990 йилдаги ҳодисаларга бориб тақалади. Қонли ҳодисалар келиб чиққанидан кейин Шўролар армияси тартибсизликларни тўхтатган, аммо Шўролар Иттифоқи парчаланиб кетгани туфайли ўша ҳодисалар бзасидан терговни тўхтатишган эди. 1990 йил ҳодисалари учун ҳеч ким жазога тортилмаган. Ва ана шу жазосизлик янгидан-янги жиноятларни туғдиради.

Шунинг учун мен ўйлайманки, номнинг аҳамияти катта эмас, бу “қатлиом” деб аталадими, “этник тозалаш”ми ёки “этник тўқнашув”, қандай аталишидан қатъи назар, энг муҳими конкрет айбдорлар жазолансин. Келажакда кимнингдир хаёлига яна шундай ҳужумларни бошлаш фикри келса, билсинки, бу ҳужум учун жазо олиши мумкин.

Савол: Мана қонли ҳодисалардан кейин икки ой ўтди, Қирғизистон раҳбариятининг ҳақиқий айбдорларни топиш ва жазолаш йўлидаги ҳаракатларини қандай баҳолайсиз?

Александр Князев: Мен Қирғизистондаги бугунги сиёсий раҳбариятнинг ҳам, ўша қонли ҳодисалар юзасидан тергов олиб бораётган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ҳам объектив тергов ўтказишга қодир эканликларига ишонмайман. Чунки, авваламбор, бу одамлар биз юқорида тилга олган миллий шовинизм руҳида тарбияланган одамлар. Мен конкрет ҳуқуқ-тартибот органларинини назарда тутаяпман. Бу идоралар моноэтник, яъни фақат қирғиз миллатига мансуб инсонлар ишлайдиган ташкилотлар ҳисобланади. Жўн бир этник бирдамлик руҳи туфайли ҳам қирғиз терговчиси қирғизни эмас, ўзбекни айбдорга айлантиргиси келади. Балки бунинг учун у қирғиз терговчиси айбдор эмасдир, бу унинг айби эмас, бу унинг бахтсизлиги. Чунки уни шундай тарбиялашган. Шунинг учун мен қирғиз тергов органлари томонидан холис тергов ўтказилишига ишонмайман. Халқаро ҳамжамиятнинг, шу жумладан Қирғизистоннинг асосий ҳамкорлари Россия, Қозоғистон ва Ғарб давлатларининг асосий вазифаси Қирғизистон раҳбариятини халқаро терговга кўндириш, халқаро тергов ўтказилишига розилик беришига мажбурлашдир. Бунинг шакли турлича бўлиши мумкин. Аммо бу текширишни олиб борадиганлар четдан, нейтрал иштирокчилар бўлмоқлари керак. Акс ҳолда айбдорлар яна жазосиз қолади, улар жазосиз қолса, қонли ҳодисалар такрорланмаслигига кафолат бўлмайди.