'Қирғизистонни тарк этган 20 минг ўзбекнинг аксари қонли ҳодисалар ташкилотчилари'

Июн ойидаги хунрезликлардан кейин ташкил этилган комиссия фаолияти танқид этилгани ортидан Бишкекда уюштирилган матбуот анжуманида комиссия раҳбарлари ҳисобот берганлар.

Бир кун илгари "Қирғизистон жанубидаги ҳодисалар сабаблари, оқибатларини ўрганиш, тавсиялар ишлаб чиқиш бўйича Миллий комиссия"нинг аъзоси, сиёсий таҳлилчи Александр Князев бу комиссия таркибидан чиқишини эълон қилганди.

Александр Князев айтишича, бу комиссия аллақачон ўз фаолиятининг биринчи босқичини тугаллаётгани ҳақида хабар қилишган, бироқ комиссия аъзоси сифатида унинг ўзи билан бирор марта боғланишмаган.

"Қирғизистонда, менинг назаримда, мамлакатнинг асосий этник гуруҳи сифатида кўрилган миллат томонидан миллатчилик гуллаб-яшнамоқда. Мана шу каби муҳитда миллий комиссия объектив хулоса чиқара олмайди, ва мен бу ҳолатнинг таркибий қисми бўлишни хоҳламайман", деб айтган Александр Князев.

17 август куни Бишкекда матбуот анжумани ўтказган "Қирғизистон жанубидаги ҳодисалар сабаблари, оқибатларини ўрганиш, тавсиялар ишлаб чиқиш бўйича Миллий комиссия" раҳбари Абдуғани Эркабоев комиссия мақсади адолат ва холислик эканини айтган, бу комиссия таркибига турли миллат вакиллари - қирғиз, ўзбек, рус ва бошқалар кирган, деди.

Комиссия раҳбари Абдуғани Эркабоев сўзларига кўра, июндаги қонли ҳодисалар ибтидоси ҳали май ойидан бошланган, бунинг "илҳомчилари" дея Жалолободдаги Ўзбек миллий маркази раҳбари Қожиржон Ботировни атаган.

Миллий комиссия қонли ҳодисаларни ўзбеклар бошлаган деган хулосага келган.

Жаноб Эркабоев айтишича, хунрезликлар ортидан тахминан 20 минг маҳаллий этник ўзбек Қирғизистон жанубидаги яшаш жойларини тарк этганлар.

Миллий комиссия аъзоси Жипар Жикшеев айтишича, яшаш жойларини ташлаб кетганларнинг бир қисми июн ҳодисаларининг ташкилотчилари бўлганлар ва шунинг учун қочиб бошқа мамлакатларга кетишган.

Комиссия вакилларига кўра, хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари Қирғизистон жанубига қонли ҳодисалар бошланмай туриб йиғила бошлаганлар, улар ҳодисалар ҳақида олдиндан билишган.

Миллий комиссия вакиллари халқаро ташкилотларнинг Қирғизистон жанубида юз берган ҳодисалар ҳақида ҳосил бўлган таассуротлари нотўғри бўлгани сабаби ҳодисаларнинг бир ёқлама ёритилишида деб айтганлар.