"Икки одамнинг гапи комиссия хулосаси эмас" - қирғиз фаоли

Image caption Азиза Абдирасулова зўравонликлар ортидан ўзбек маҳалларига қилинган рейдларнинг бевосита гувоҳи бўлган ва уларни ҳужжатлаштирган

Қирғизистонлик нуфузли инсон ҳуқуқлари фаоли Азиза Абдирасулова мамлакат жанубидаги этник зўравонликларни ўрганиш бўйича тузилган Миллий Комиссия раҳбарини иш тамойилларини бузганликда айблаган. Абдирасулова хоним Миллий Комиссия таркибига киритилган мустақил фаолдир. Унинг айтишича, комиссия раиси Абдиғани Эркебаев ва комиссия аъзоси Жипар Жекшеев комиссиянинг илк хулосаларини бошқа аъзолар билан келишмай туриб эълон қилишган. 17 август куни Эркебаев матбуот анжуманини чақириб, жанубдаги зўравонликларни ўзбек диаспораси раҳбарларидан бири Қодиржон Ботиров "илҳомлантиргани", ҳамда унинг чамалашича, Қирғизистондан чиқиб кетган 20 минг ўзбекнинг орасида июнь воқеаларининг ташкиллаштирувчилари бўлганини айтганди. Жекшеев эса бировнинг миллати туфайли таҳқирлаш ҳоллари бўлгани сафсата эканини айтган. Би-би-си комиссия аъзоси Азиза Абдирасуловадан нимадан норози бўлаётганини сўради.

Абдирасулова: Мен буни норозилик деб атамаган бўлардим. Мен ҳайронман ва сал аччиқланганман, чунки комиссиянинг тамойилларига биноан ҳар қандай баёнот ёки ҳар қандай хулоса барча аъзолар билан келишилган ҳолда қилиниши керак. Тўғри, мен сафарда эдим, лекин комиссия илк хулосаларни тайёрлаётганини эшитишим биланоқ комиссиянинг 13та аъзосига қўнғироқ қилдим ва "бу хулоса сизлар билан келишилган ҳолда қилиндими?" деб сўрадим. Улар "йўқ" деб жавоб беришди. Биласизми, гап бу ерда принцип ҳақида кетаяпти. Хулоса нақадар ҳаққоний ёки нотўғри бўлгани хақида эмас. Биз 12 кундан бериш ишлаяпсиз. Ўшга йўлга чиққанимда ўзаро келишиб олгандик, 20 августда учрашамиз ва бор ҳужжатларни муҳокама қилиб, яна бир гуруҳ одамни жанубга йўллаймиз деб келишгандик. Албатта, жаноб Эркебаевнинг комиссия раиси сифатида хаққи бор баёнот қилишга, аммо у фақат комиссиянинг фаолияти ҳақида оммани хабардор қилиши керак. Ким қаерга боргани, қандай учрашувлар бўлганини гапириши мумкин, аммо хулоса ҳақида эмас. Икки одамнинг хулоса чиқариб чиқиш қилгани жуда хунук бўлган ва келажакда, менимча, бу бизнинг комиссияга ишончсизликни оширади.

Би-би-си: Сизнинг мавқеингиз комиссия раиси Эркебаев ва комиссия аъзоси Жипар Жекшеевнинг қарашларидан қандай фарқ қилади?

Абдирасулова: Мен бунга тўхталишни истамаган бўлардим, чунки мен ҳам ҳозир ўз фикримни гапира бошласам, ҳудди улардек йўл тутган бўламан. Гап бу ерда икки киши ўзаро илк хулосаларга келишгани ҳақида кетаяпти. Комиссиянинг ўттизта аъзоси бор-ку! Бирортамиз билмаганмиз илк хулоса тайёрланганини. Мен Жипар Жекшеев билан гаплашсам, у ўз қарашлари ҳақида гапирганини айтди. Агар ўз қарашлари бўлса, унда буни аниқ баён қилиш лозим эди.

Би-би-си: Қирғиз миллий комиссияси ҳали иш бошламасиданоқ унинг объектив бўлишига шубҳа билдирилганди. Унинг илк хулосаси ана шу шубҳаларни асосли эканини намоён қилмоқдами?

Абдирасулова: Биласизми, икки одам бу комиссия дегани эмас. Комиссиянинг 30та аъзоси бор. Бу аъзолар ичида жуда ишончли ва ҳурматга сазовор одамлар бор. Мен шубҳа қилишни истамайман. Қандай бўлмасин, ягона хулосага келамиз деб умид қилишни истайман. Агар якуний хулоса билан келишмаган аъзо бўлса, у ўз шахсий фикрини баён қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Аммо, ҳозирги босқичда ҳар ким чиқиб ўз шаҳсий фикрини гапираверса, унда бу комиссия бўлмай қолади.

Би-би-си: Комиссия ўзи қандай иш олиб борди? Ҳамма тарафларнинг кўрсатмалари инобатга олиндими?

Абдирасулова: Комиссия ҳали ҳам ишини давом эттирмоқда. Биз бор ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, яна бир гуруҳимиз жанубга келиши керак, ундан кейингина якуний ҳисобот чиқарилиши керак эди. Ҳали, масалан, менинг қўлимдаги бир неча ҳужжатларни комиссия кўриб чиққани йўқ, бошқа аъзоларнинг ҳам муҳокама қилинмаган қоғозлари бор. Шунча ҳужжат кўриб чиқилмасдан туриб икки одам илк хулоса қилиб ўтирибди.

Би-би-си: Комиссия аъзолари қачон эълон қилмоқчи якуний хулосани?

Абдирасулова: Президент фармонига кўра, биз 10 сентябргача ҳисоботни чиқаришимиз керак эди. Лекин, ҳозирча билмадим, Абдиғани Эркебаевич аварияга учрагани айтилмоқда, шу сабабдан бу 1 октябргача чўзилиши мумкин. Лекин, икки одам хулосани вақтли чиқариб қўйганидан кейин, билмадим, қандай ишлаймиз буёғига, қандай муносабат бўлади.