Ўш ҳокими тарафдорлари олдида чиқиш қилди

Қирғизистоннинг иккинчи йирик шаҳри бўлмиш Ўш марказий майдонида шаҳар ҳокими Мелис Мирзакматовнинг лавозимда қолишини талаб этаётган намойишчилар чиқиши давом этган.

Ўш шаҳрида Мирзакматов лавозимидан олингани борасидаги миш-мишлар икки кундирки унинг тарафдорлари ғазабига сабаб бўлмоқда.

Ҳоким Мирзакматов икки кунлик сукунатдан сўнг бугун одамлар олдига чиқиб, Ўшдаги ижтимоий вазиятнинг абгорлиги ҳақида батафсил гапирган.

Қирғизистоннинг 24.kg хабар агентлиги хабар қилишича, Мирзакматов билан ёнма-ён бош вазир ўринбосари Азим Бекназаров ҳам нутқ сўзлаган. У жаноб Мирзакматовни ҳеч ким лавозимидан четлатмагани ва ҳозирча четлатиш нияти йўқлигини айтган.

Ўш шаҳар ҳокимияти тасдиқлашича, ҳокимият биноси қаршисида икки мингдан ортиқ намойишчилар йиғилган. Улар қўлларига Мирзакматовни дастакловчи шиорларни кўтариб олишган ва баъзилари Президент Роза Ўтинбоеванинг истеъфосини талаб қилишмоқда.

Image caption Мелис Мирзакматов июнь ойидаги этник зиддиятларни уюштиргани борасида даъволар мавжуд

Намойишни кузатган мустақил кузатувчиларга кўра, намойишчилар орасида ўшликлар кам, йиғилганлар асосан ўзга қишлоқлардан юк машиналарда келаётган одамлардир. Энг кўп одамлар Мирзакматовни қаҳрамон деб биладиган ўз она қишлоғи Қорасувдан келишмоқда.

Намойишчиларга 20 отлик кишилар ҳам келиб қўшилишган.

Кузатувчиларга кўра, иштирокчилар меҳнат ва муҳожират вазири Ойгул Рисқулова ва Интерньюс халқаро хабар агентлиги телеоператорига ҳужум қилишган.

Телеоператор жиддий жароҳатлар олмагани, лекин телекамераси шикаст егани айтилади.

Ҳокимиат биносини ҳуқуқ-тартибот кучларининг махсус қўшинлари қуршаб олишган ва улар сони янада кўпаймоқда.

Бишкекдаги ҳукуматнинг баъзи аъзолари Би-би-си билан суҳбатда Мелис Мирзакматовни лавозимидан четлатиш ҳакида қандайдир қарордан бехабар эканини айтишган.

Расман тасдиқланмаган маълумотга биноан эса, Мирзакматов кеча Бишкекда ҳукумат раҳбарлари билан учрашган ва ҳозирча лавозимида қолган.

Жаноб Мирзакматов 20 август куни Россиянинг Коммерсант рўзномасига берган интервьюсида марказий ҳукумат қарорларининг жанубда кучи йўқ эканини айтган.

У, шунингдек, ўзини "миллатчи" деб атаб, ўзбек аҳоли июнь зўравонликлари олдидан қирғиз суверенитетига ҳамла қилгани ва у "ўзбекларга зарба" берганини билдирган.

Роза Ўтинбоева Мирзакматов борасида бирон муносабат билдирмаган. У бугун Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг норасмий йиғинида иштирок этиш учун Ереванга учиб кетган.

Кузатувчиларга кўра, Мирзакматов ва унинг тарафдорлари марказий ҳукумат устидан ғалаба қозонишганини айтишмоқда.