КХШТ раҳбарлари Қирғизистонга ҳарбий ёрдам масаласида келиша олмадилар

Image caption КХШТ раҳбарлари ташкилот Қирғизистондаги воқеаларга тезкор муносабат билдиролмаганини тан олишган

Ереванда учрашган МДҲ Коллектив Хавфсизлик Шартномасига аъзо давлатлар раҳбарлари Қирғизистонга ҳарбий ёрдам борасида келиша олмаганлар. Арманистон Президенти Серж Саркисян бу борадаги маслаҳатлашувларнинг давом этишини айтган.

Қирғизистон июн ойида юзлаб, асосан ўзбекларнинг ўлимига олиб келган зўравонликлар ортидан МДҲ хавфсизлик ташкилотидан ҳарбий жиҳозлар етказиб бериш ва қирғиз ҳарбийларини тайёргарликдан ўтказишда ёрдам сўраганди.

Саммит арафасида Қирғизистоннинг ўзбек жамоаси КХШТ раҳбарларига мурожаат билан чиқиб, зўравонликларда гумон қилинаётган қирғиз армиясига қурол-яроғ етказиб бермасликни сўрашган.

Еревандаги матбуот анжуманида жаноб Медведев Коллектив Хавфсизлик Ташкилоти Қирғизистондаги воқеаларга тезкор муносабат билдира олмаганини тан олган.

Хўш, КХШТ раҳбарларининг Қирғизистонга ҳарбий ёрдам борасида қарор олишларига нима тўсқинлик қилмоқда?

Би-би-си россиялик ҳарбий шарҳловчи Александр Гольц билан суҳбатлашган.

Алекcандр Гольц: Қирғизистондаги воқеалар Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг қанчалик заифлиги, уни НАТОга ўхшаш дунёдаги бошқа ҳарбий иттифоқлар билан қиёслашнинг мутлақо асоссиз эканини кўрсатди. Муаммо шундаки, КХШТ амалда Россия билан бешта собиқ совет давлатлари ўртасидаги икки томонлама ҳарбий келишувларнинг механик бир тарзда бирлаштирилишидан бошқа нарса эмас. Бу давлатларнинг Россия билан икки томонлама шартномаларини ҳисобга олмаса, ўртада ҳеч қандай муштарак таҳдид ва муштарак манфаатлари йўқ. Ҳамма муаммо шунда. Марказий Осиёда хавфсизлик билан боғлиқ биргаликда ҳал қилиниши керак бўлган битта муаммо юзага келиши билан ушбу ҳарбий иттифоқнинг бунга тайёр эмаслиги маълум бўлиб қолди. Энг ачинарлиси, бунга Россия ҳам тайёр эмас эди. Бу Россиянинг ўзидаги ички сабаблар билан боғлиқ эди. Россияда ҳозирда амалга оширилаётган ҳарбий ислохотлар боис, мамлакат жанговар тинчликни сақловчи бўлинмаларни етказиб бериш имконига эга эмас. Россияки, тайёр бўлмаганидан кейин, КХШТнинг бошқа аъзолари ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади.

Би-би-си: Коллектив Хавфсизлик Шартномасида Қирғизистондаги воқеалар юзасидан ҳеч бўлмаганда сиёсий якдиллик бор, шундай эмасми? Яъни бу-Қирғизистоннинг ички ишидир, деган.

Алекcандр Гольц: Ҳа, бу каби баёнот билан ташкилот амалда ўзининг ҳеч қандай кучи йўқлигини тан олди. Ташкилот раҳбарлари ёки Россия сиёсатчиларининг Коллектив Хавфсизлик Шартномасининг низоми бунга йўл қўймайди, биз фақат ташқаридан тажовуз бўлгандагина вазиятга аралаша оламиз, қабилидаги баёнотлари фақат сўз ўйини эди, холос. Аслида воқеълик шундан иборатки, бу тузилма ўша пайт ҳам Қирғизистонда ҳеч нарса қилолмас эди, ҳозир ҳам ҳеч нарса қила олмайди.

Би-би-си: Аммо Ўш ва Жалолободдаги воқеалардан сўнг, Қирғизистон жанубида КХШТ ёки Россиянинг иккинчи ҳарбий базасини очиш ҳақидаги гап-сўзлар яна кучайганини қандай изоҳлайсиз?.

Алекcандр Гольц: Менимча, бу гап-сўзлар тўхтади. Тушунишимча, Россия Ўшда ҳеч қанақа база очишга чоғланаётани йўқ. Ва менимча, бу энг тўғри қарор. Қирғизистон жанубида тинчликпарварлик амалиётини ўтказиш бошқа, аммо Ўзбекистон билан қоқ чегарада, миллий муносабатлар кескин бўлган бир минтақада Россиянинг ҳарбий базасини ташкил этиш бутунлай бошқа масала. Чунки минтақада юз бериши мумкин бўлган ҳар қандай можаро, унинг миқёсидан қатъий назар, бу ҳарбий базанинг қўмондонларини жуда ҳам ноқулай аҳволга қўяди.

Би-би-си: Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов нима учун Еревандаги саммитга бормади, деб ўйлайсиз?

Алекcандр Гольц: Жаноб Каримовнинг сиёсати ҳар доим Коллектив Хавфсизлик Ташкилоти билан ғарб ўртасида усталик билан ўз манфаатларини илгари суришдан иборат бўлган. 2005 йилдаги Андижон воқеаларидан сўнг жаноб Каримов ўзи истаб, истамаган ҳолда Россия билан яқинлашишга мажбур бўлди. Чунки Россия Каримовни Андижон қирғинидан кейин қўллаб-қувватлаган ягона давлат эди. Ҳозирда ғарб давлатлари Ўзбекистонга босимларни камайтирган пайт, Каримов ортиқ Россия билан яқинлашишга эҳтиёж сезмайди. Қолаверса, Россиянинг КХШТ Тезкор Кучларини яратиш ғояси Каримовга маъқул бўлмаган.

Би-би-си: Аммо Қирғизистондаги воқеалар жаноб Каримовни Россия билан янада яқинроқ бўлишга ундаши керак эди, деб ўйламайсизми?

Алекcандр Гольц: Йўқ, аксинча. Энди Марказий Осиёнинг яккаҳоким раҳбарлари, бирон кор-ҳол бўлса, ҳеч ким ёрдам бермаслиги ва бу фақат ўзларининг муаммолари бўлишини яхши билишади. Улар аллақачон Россиядан умид қилиш бефойда, деган хулосага келиб бўлганлар.