Киммо Килюнен: 'Хавфсизлик таъминланмаса, халқаро тергов олиб борилмайди'

Image caption Жаноб Килюнен маҳаллий ҳокимият ўзларига муаммо чиқармайди, деб умид қилаётганликларини айтди

Ўш ва Жалолободда июн ойида содир бўлган этник зўравонликлар юзасидан халқаро мустақил тергов сентябр ойи бошларида ўз ишини бошлайди.

Бу ҳақда мустақил терговга раис этиб тайинланган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Марказий Осиё бўйича элчиси Киммо Килюнен эълон қилган.

У қирғиз хукумати дастагига эга бўлганини айтмоқда, аммо кўп таҳлилчилар асосий хавотир Ўшдаги маҳаллий ҳокимиятнинг тўсиқлари билан боғлиқ эканига ишора қилишади.

Би-би-си Киммо Килюнен билан терговга тайёргарлик қандай кетаётгани ҳақида суҳбатлашган.

Киммо Килюнен: Ҳозирда биз мустақил тергов комиссиясини тузиб чиқаяпмиз, у Финляндиянинг Crisis Management Initiative деган ноҳукумат ташкилоти ёрдамида олиб борилади. Мен унга бошчилик қиламан. Ҳозир режаланаётгани бўйича сентябр ойи бошларида Қирғизистонда иш бошлаймиз.

Би-би-си: Бу амалга ошадиган кўринаяптими сизга? Сиз шу кунларда Қирғизистондан қайтибсиз.

Киммо Килюнен: Ҳа, тўғри. Биз тергов масаласини Президент Роза Ўтинбоева ва ҳукумат билан муҳокама қилдик. Улар бизга айтишди, қирғиз ҳукумати буни муҳокама қилган ва терговни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бошқариши керакми, Оврўпо Иттифоқими ёки Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотими, деган саволлар юзага келган. Лекин қирғиз ҳукумати бизга кейинроқ аниқ ишора бердики, барча ташкилотлар бу мустақил терговни қўллаб-қувватлаши мумкин, лекин бу асосан шимолий Оврўпо давлатлари ташаббуси билан амалга оширилади.

Би-би-си: Сиз Роза Ўтинбоева мустақил терговни қўллаб-қувватлаши хақида гапираяпсиз. Аммо афтидан, унинг розилиги ҳозир кўп ҳам ахамиятга эга эмас. Яъни у бутун мамлакатни амалда назорат қилаётгани йўқ. Айниқса жанубни.

Киммо Килюнен: Биз жанубга ҳам бордик, ўтган ҳафта мен Ўшда эдим. Биз Ўш вилояти губернатори ва бир қатор бош вазир муовинлари билан учрашдик. Улар бизга аниқ ишора беришдики, Ўшга келиб, бемалол ишлашимиз мумкин. Ўшда мустақил терговимиз учун идора очиш режаларимиз бор ва у ердаги халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қиламиз.

Би-би-си: Лекин хукумат қарорлари жанубда кучга эга эмас, деб айтаётган Ўш ҳокими Мелис Мирзакматов билан учрашдингизми?

Киммо Килюнен: Йўқ, ҳоким билан учрашмадик, чунки ўша куни у Бишкекда эди. Лекин Ўшдаги бошқа расмийлар билан кўришдик.

Би-би-си: Мелис Мирзакматов сизнинг мустақил терговингизга тўсиқ бўлади, деб ўйламайсизми?

Киммо Килюнен: Умид қиламизки, йўқ. Лекин олдиндан бир нарса дейиш қийин. Сиёсатчилар нима қилишларини мен башорат қила олмайман. Лекин аниқ таъкидламоқчиманки, бизнинг вазифамиз томонларни яраштириш ва Қирғизистонга ёрдам бериш, томонларни янада бир-биридан йироқлаштириш эмас. Мен умид қиламанки, буни ҳамма англаб етади.

Би-би-си: Ўш ҳокими ҳозирда вазифаси атиги маслаҳат бериш бўлиши айтилган халқаро полиция кучлари киритилишига қаттиқ қаршилик қилаяпти. У сизнинг мустақил тергов комиссиянгизга ундан ҳам қаттиқроқ қаршилик қилса керак.

Киммо Килюнен: Биз Қирғизистондаги барча тарафлар бизнинг амалиётларимизга рози бўлади, деб умид қиламиз. Биз қирғиз хукумати дастагига албатта муҳтожмиз. Фақат сиёсий дастак ҳақида эмас, жисмоний дастак ва хавфсизлик ҳақида ҳам гапираяпман. Бундан ташқари, барча маълумотларга биз учун йўл очиб берилиши керак, айниқса жанубда.

Би-би-си: Лекин терговчилар хавфсизлиги кафолатланмаса, тергов олиб борилмайди, шундайми?

Киммо Килюнен: Албатта, бу энг муҳим масала. Биз ҳеч кимнинг ҳаётини хавф остига қўйишни истамаймиз. Шундай экан, жисмоний хавфсизлик ҳақида гап кетганда, биз бунга юз фоиз ишончимиз комил бўлгандагина, тергов олиб борилади.

Би-би-си: Мустақил терговни қай тарзда олиб борасиз, кимлар билан учрашасиз ва қаерларга борасиз?

Киммо Килюнен: Терговнинг ҳакамлар ҳайъати бор, ана шу ҳайъат асосий мувофиқлаштирувчи куч ҳисобланади. Бу ҳакамлардан ташқари, худудда суҳбатлар олиб борувчи тадқиқотчиларимиз бўлади. Улар воқеалар ҳақида маълумотга эга бўлган ва вазиятни ўрганиб чиққан одамлар бўлиб, шу худуддаги қурбонлар ва бошқа кишилар билан суҳбатлар олиб боришади. Барча тадқиқотчилар, умуман мустақил терговга жалб қилинган барча мутахассислар халқаро ходимлардир. Биз қирғиз шимоли ё жанубидан бировни ёллай олмаймиз, чунки мақсад холисона бўлиш. Биз ҳамма тарафлар терговимиз холисона ва бетараф эканига ишонишини истаймиз. Лекин, ҳозир ҳам қийин бўлиб қолмоқда Ўшдаги вазият. Мен икки кун аввал Ўшда эдим, яра хали ҳам битмаган.

Би-би-си: Сизнинг тергов хулосангиз қандайдир юридик кучга эга бўладими, яъни кимнидир маҳкамага тортиши мумкинми?

Киммо Килюнен: Йўқ, юридик кучга эга эмас, чунки бизнинг мустақил терговимиз ортида бирор бир халқаро ташкилот тургани йўқ. Лекин менимча, унинг сиёсий кучи бўлади, чунки таҳлилларимиз холисона бўлади ва хулосаларимиз чоп қилинганда Оврўпо Иттифоқи, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ҳамда Бирлашган Миллатлар бизнинг хавотирларимизни жиддий қабул қилишади, деб умид қиламан.