Россиянинг олмос пойтахтини тиклаётган мусулмонлар

Image caption Якутскда ҳалол тамаддихоналар кўпаймоқда

Якутияда вақт тушунчаси бошқа ҳудудлардагидан кескин фарқ қилади. Ёз кунлари қуёш 20-21 соатлаб нур сочиб турса, қиш кунлари бунинг аксини кузатиш мумкин. Яна бир ўзига хос жиҳати ёқутлар юртида тарихан мусулмонлар яшамаган.

Якутияга боришга қарор қилганимиздан сўнг, мен интернет орқали бў ўлка ҳақида кўпроқ маълумот йиғишга ҳаракат қилдим. У ердада асосан туркийларга оид ёқутлар яшашини билардим.

Уларнинг ялпи насроний динига киритилгани ва чекка-чекка туманларда ҳали ҳам турли руҳлар ва шаманларга сиғинувчи қавмлар сақланиб қолгани мени қизиқтирди.

Ва албатта амал қилувчи мусулмон сифатида, аввало мени бу ўлкада қандай шароитда ибодат қилиш ва ҳалол таом топиш ўйлантирарди.

Интернетда бу тўғрида маълумот жуда кам эди.

Топганларим вақт тушунчасининг ўта ўзгарувчан ва бошқа минтақаларга ўхшамаслиги бўлди.

Ҳалол тамаддихоналар бўйича эса бирор маълумот йўқ эди.

Дунёнинг туби

Якутск жайдари тил билан айтганда, дунёнинг тубида жойлашгани боис у ерга Олма-отадан тўғридан-тўғри учоқ йўқ эди.

Тошкент, Душанбе ва Бишкекдан учиш мумкин эди, аммо нисбатан бой бўлган Қозоғистондан абадий музликларга иши тушувчилар кам бўлгани учун учоқ топиш муаммоси юзага келди.

Изланишлардан сўнг аввало Остона, ундан Новосибир, кейин Якутскка чипта топилди.

Новосибирда учоғимни кутиб турарканман, илк бор намоз ўқиш муаммосига дуч келдим.

Қозоғистон ва Оврўпа аэропортларидан фарқли равишда Толмочева аэропортида ибодат қилишга шароит йўқ эди.

Она ва болалар учун ажратилган хонага 3 минутга намоз ўқиб олиш учун рухсат сўрашга бордим. Катта ва хашаматли хонада ҳеч ким йўқ. Навбатчи телевизор томоша қилиб ўтирарди.

Илтимосимга қўполлик билан жавоб берган навбатчи аёл, бу ер ибодатга мўлжалланмаганини тушунтирди.

Сўнг аэропорт маъмуриятига уларнинг ҳудудида намоз ўқиш учун изн сўраб, мурожаат қилдим. Масъул аёл бунинг учун милициядан рухсат олишим кераклигини айтди. Бахтимга милиция ходими “истаган” жойимда намоз ўқишим мумкинлигини айтди.

Шом намозини ўқиб, Питердан келган учоққа сафарни давом эттириш учун чиқдик.

Рус учоғида ёққан томони шу бўлдики, сизга уч хил гўштдан тайёрланган таом таклиф қилишар экан. Шубҳалардан холи бўлиш учун дарҳол ўзимга балиқ ва гуруч буюртирдим.

Учоқда мен учун яна бир муаммо туғилганди. Мен ойнадан қанча қарамайин, шафақ бутунлай йўқолмасди. Учоқ гўёки қуёшни қувиб кетаётгандек эди. Бу табиийки, менга хуфтонни ўқишимга моънелик қиларди.

Чарчоқдан кўзим бир илинибди. Тахминан 20-30 дақиқа ухлаб қолибман.

Не кўз билан кўрайинки, қуёш ботиши керак бўлган жойдан чарақлаб қуёш чиқиб турарди.

Нотаниш ўлканинг нотаниш қуёши мени мана шундай кутиб олди.

Image caption Ёқутистон-шаманлар ўлкаси

Вақт масаласи мени ва ҳамроҳимни буткул шошириб қўйганди. Тасаввур қилинг, соат уч бўлмасидан тонг ёришиб кетади. Кечқурун эса, 11 га бориб қоронғу тушади. Шунда ҳам юлдузларга тўла тим қора осмонни кўрмайсиз. Қоронғу бўлишга қийналаётган оқиш осмонга кўзингиз тушади. Қоронғуликка айлана олмаган тун ўрнини зум ўтмасдан, кундузга бўшатиб беради.

Борган кунларимиз, эрталаб 8 яримдан чиқиб, кечки 10-11 гача ёп-ёруғ кўчаларда ишлаб юриб, нормал ҳаётимиздаги вақт тушунчасини унитиб қўяёздик.

Намоз ўқиш ўзига хос тарзда эди. Кечки 9 ларда аср намозини ўқийсиз. 10 яримда эса шом кириб келади. 11:30 хуфтонни ўқиб оласиз. Тунги соат 2 га бормай эса, бомдод вақти киради.

Нормал ҳолатларда хуфтон билан бомдоднинг орасида ухлаб оласиз, аммо кунлар исиб, қуёшнинг вақти узайгач, бундай қилолмайсиз. Икки соат кўз илинтиргандан кўра, бомдодни ўқиб, кейин ухлашни афзал билдим.

Кейин билсак, Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирлари ҳам ёз кунлари бомдодгача ухламас, намозни ўқиб бўлгач, дам олишар экан.

Интернет орқали ҳалол тамаддихоналар тополмагач, кўнглимга фақат балиқ билан кун ўтказаман, деб тугиб қўйгандим.

Аммо мусулмонлар жамоаси бу ерда ўз шароитларини яратиб олишган экан. Ҳалол тамаддихоналар, халол гўштларни шаҳарнинг истаган нуқтасидан топиш мумкин эди.

Қўқонлик Хабиб ака билан танишиб қолдик. Касби қассоб бўлган бу кишининг бозорда ўз қассобхонаси бор экан. Қишлоқлардаги маҳаллий ахолидан мол сотиб олиб, ҳалоллаб сўйиб, ошхоналарга сотар экан.

Асосан ўзбекларга тегишли бўлган ошхоналардан, гўштларингиз ҳалолми, деб сўрасангиз, "албатта, бизда бошқачаси бўлмайди", деб жавоб беришади.

Ушбу шароитларни кўргач, Якутскка келмасимдан олдинги фикрларим тубдан ўзгарди. Ҳалол тамаддихоналар ҳақида интернетда маълумот йўқлиги, меҳнат муҳожирларининг ҳали интернетга кириб бормаганини англатарди, менимча.

Якутия совуқ бўлгани боис, қўй боқилмас экан. Аммо Россиянинг жанубий ўлкаларидан ҳалол қўй гўшти келтирилишини айтишди.

Маҳаллий аҳоли асосан, балиқ ва буғу гўштини истеъмол қилиб келган. Балиқлари Сир ва Амударё балиқларига ўхшамас эди. Илк маротаба ширинлигидан балиқ бадимга уриб қолмади.

Буғу гўштини эса, ҳалоллаб сўйилганини тополмаганимиз учун истеъмолдан тийилдик.

Бир ҳафталик сафардан сўнг, кечки пайт Олма-ота аэропортига келиб қўндик. Қоп-қоронғу тунни кўриб, чуқур нафас олдим. Чунки ўзимни Якутскда тим қора тунсиз гўёки сувдан ажратиб қўйилган балиқдек ҳис қилгандим.