Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти полиция кучлари раҳбари Бишкекда

ОХҲТ полиция кучлари раҳбари Маркус Мюллер
Image caption Маркус Мюллер етакчилигидаги ОХҲТ полиция кучларига қирғиз миллатчилари қарши чиқмоқдалар

Қирғизистон жанубида жойлаштирилиши кутилаётган халқаро полиция кучлари бошлиғи пойтахт Бишкекда миссиянинг амалга ошишини таъминлашга қаратилган музокаралар олиб бормоқда.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг полиция ходимларидан иборат кичик контингенти қачон иш бошлаши ҳанузгача маълум эмас.

Қирғизистонда полиция кучларига қаршилик кучайиб бораркан, халқаро нодавлат ташкилотлари зўравонликларнинг қайтарилиши эҳтимолидан ҳавотир билдиришмоқда.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг полиция гуруҳи раҳбари, швейцариялик дипломат Маркус Мюллер Қирғизистон президенти Роза Ўтинбоева билан Қирғизистон жанубига халқаро полиция кучларини юбориш масаласини муҳокама қилмоқда.

52 нафар полиция ходимлари август ойининг охирида етиб келишлари керак эди, аммо уларнинг жойлаштирилиши кечиктирилган.

Ташкилотга кўра, полиция маслаҳат гуруҳи кузатувчи ролини ўйнайди.

Унинг асосий мақсади хавфсизлик кучлари билан аҳоли ўртасидаги муносабатларни яхшилашга қаратилади.

Аммо Қирғизистонда халқаро хавфсизлик гуруҳининг иштирокига қаршиликлар тобора кучайиб бормоқда.

Айрим юқори мартабали қирғиз сиёсатчилари бу мамлакатнинг парчаланишига олиб келади, дея қаршилик қилишмоқда.

Охирги ҳафталарда халқаро полиция кучларининг жойлаштирилишига қарши қатор норозилик намойишлари бўлиб ўтган, айрим намойишчилар Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти зобитларининг тулупларини ёқиб юборишган.

Июн ойида мамлакат жанубида юз берган миллатлараро тўқнашувларда камида 400 инсон ҳалок бўлган, минглаб, асосан ўзбекларга қарашли уйлар вайрон қилинган.

Кўпчилик ўзбеклар хорижий полиция зобитларининг келишини олқишлашади.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари июн ойидаги зўравонликлардан буён маҳаллий хавфсизлик кучлари ўзбекларни нишонга олаётгани, уларни ноқонуний ҳибсга олиш ва қийноққа солишлар кенг тарқалганини даъво қилишади.

Сўнгги ҳисоботда Халқаро Инқироз гуруҳи қирғиз ҳукумати июн ойидаги зўравонликларнинг сабаб ва оқибатлари юзасидан чора кўришга шошилмаётгани, қўл қовуштириб ўтириш янги зўравонликларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.