Қозоғистон иқлим ўзгаришига мослашмоқда

Image caption Янги ирригацион технологиялар ўз мевасини бермоқда

Марказий Осиё дарёларида сувнинг камайиши, йилнинг қуруқ келиши сўнгги йилларда бот-бот такрорланадиган бўлиб қолди. Минтақанинг энг йирик давлати бўлмиш Қозоғистонни ҳам ушбу муаммолар четлаб ўтмаган.

Қурғоқчилик натижасида бу йил доннинг қарийб 60% кам бўлиши кутилаётган бўлса, яйловларнинг яроқсиз ҳолга келиб қолиши натижасида эса 30% чорва молларининг қорни тўймаслиги айтилмоқда.

Мамлакатда муаммони бартараф этиш учун бир неча пилот лойиҳалар йўлга қўйилган, аммо мутахассисларнинг уларнинг ҳали етарли эмаслигини айтишади.

Арнасой овулидаги ягона мактабнинг директори Татяна Немцан бизга мактаб томорқасида томчилаб суғоришнинг афзалликларини кўрсатди.

Барқ уриб турган карамлар махсус ётқизилган шланглар орқали томчилаб суғорилади. Сал нарида картошка, осмонга бўй чўзган помидор ва бодирингларга кўзингиз тушиши мумкин. Буларнинг ҳаммаси сувни тежаш мақсадида томчилаб суғорилади.

Арнасой овули пойтахт Остонанинг биқинида жойлашган. Қишлоқ аҳлининг айтишича, олдин бу ерларда оқава сув билан муаммо бўлмаган.

Қишлоқ тепасидаги сув омбори кичик томорқа эгаларини сув билан таъминлашга қодир бўлган. Аммо пойтахт Остонанинг ўсиши ва қурғоқ йилларнинг кўпайгани сабабидан эндиликда қишлоқликлар унинг сувини сотиб олишга мажбур.

Мактаб директори ва айни дамда "Оқбўта" жамоат бирлашмаси раҳбари Татяна Немцаннинг айтишича, ушбу қийинчиликлар овулга сувни тежаш тизимини жорий қилишга олиб келган.

"Казгидромет" давлат ташкилоти мутахасиси Сакен Байшолановнинг Би-би-сига айтишича, Қозоғистондаги иқлим ўзгариши сайёрадаги ўртача ўзгаришдан бир неча баробар фарқ қилади.

Унга кўра 70-йиллардан бери Қозоғистонда иқлим бир даражага исиган. Бу кетишда 2030 йилларга бориб Қозоғистонда иқлим яна 1 даражадан 3 даражагача исиши мумкин.

Image caption Татьяна Немцан қурғоқчилик туфайли томчилаб суғориш усулини қўллай бошлаган илк фермерлардан биридир

"Иқлимнинг ўзгариши табиий равишда қишлоқ хўжалигига, жумладан деҳқончиликка салбий таъсир қилади. Биринчидан, шимол томонга қараб мураккаб иқлим ҳудуди сурилади. Қозоғистонда тез-тез қурғоқчилик кузатилади. Дарёларнинг оқими камайиб кетади. Ва бунинг ҳаммаси қишлоқ хўжалик махсулотлари хосилининг камайишига олиб келади," - дейди Сакен Байшоланов.

Иқлим ўзгаришининг оқибатлари ҳозирданоқ сезилмоқда. Бу йил Қозоғистон шимоли ва жанубида ёғингарчиликларнинг кам бўлиши натижасида дон маҳсулотларининг ўтган йилга нисбатан қарийб 60%га кам бўлиши тахмин қилинмоқда.

Жанубдаги дарёларда сувнинг камайиши оқибатида экин далалари қисқармоқда. Ёғингарчиликнинг оз бўлиши натижасида чорвачилик ҳам катта зарар кўрмоқда.

Қозоғистондаги 30% чорва моллари қорни тўйиб ўтламайди. Бунга чорвачилик тизимининг бутунлай хусусий қўлларга ўтиб кетиши ва натижада молларнинг фақат аҳоли яшайдиган жойлар атрофига боқилиши сабаб қилинади.

Мутахассисларнинг айтишича, чорванинг ахоли пунктидан узоқ бўлмаган ўтлоқда муттасил боқиш натижасида ўтнинг қайта тикланишига фурсат етмаяпти. Бу катта-катта яйловлар йўқолиб кетишига етакламоқда.

БМТнинг ривожлантириш дастури мутахассиси Гулнара Бектурованинг айтишича, мана шундай муммога дуч келган Қозоғистон жанубидаги Лепси қишлоғида ўзига хос ечимлар қўллана бошланган.

"Чорва тўдаси ташкил қилинди. Ушбу моллар узоқроқдаги сер ўт яйловга боқилади. Чорванинг сув билан таъминлаш учун лойиҳа бўйича олисдаги учта қудуқ таъмирдан чиқарилди. Ўтов ва қуёш нурлари билан ишловчи генераторлар олинди," - дейди Гулнара Бектурова.

Бектуровага кўра, ушбу генератор чўпонларнинг ташқи дунёдан узилиб қолмаслигини таъминлайди. Чироқ, телевизор ва алоқани таъминлайдиган ушбу генераторлар ёш чўпонларнинг бу касбни танлашидаги қийинчиликларни ҳам ечган.

Натижалар ҳам тезда бўй кўрсатган. Олис яйловларга боқилган чорванинг оғирлиги одатий яйловда боқилган чорваникидан 10-20 фоиз кўп чиққан. Ва яна бу йилги қаҳратон қишдан маҳаллий яйловда боқилган молларнинг кўпчилиги омон чиқмаган, олисга боқилган чорва эса талофат кўрмаган.

Остона яқинида ҳам қўлланилган лойиҳани одамларнинг ўзлари давом эттиришмоқда. Аҳоли сувни сотиб олишга мажбур бўлиб қолгач уни тежашга ўтди.

Мариэла Потехина аваллари ҳажми 400 литр келадиган бочка билан томорқосини ҳар куни уч марта суғорар эди. Энди эса лойиҳа доирасида томчилаб суғоришни йўлга қўйгач ушбу ҳаражат кескин қисқарган.

"Ҳозир 3-4 кунга бир бак сув етарли бўлаяпти. Кўп нарса тежаяпмиз. Қаранг, хосиллари ҳам яхши бўлмоқда. Ҳаммасининг пояси кучли бўлиб турибди, сабаби сув ҳар бир помидорнинг илдизигача етиб боради. Олдин бири сув ичиб, бир ичмай қоларди," - дейди у. Иқлимга мослашиш учун қилинаётган ушбу пилот лойиҳалар мутахассиларнинг айтишича ўз самарасини бера бошлаган. Одамларнинг ўзлари ўзгаришларни кўриб фаол иштирок эта бошлаган.

Бироқ лойиҳа ташаббускорлари бундай ишларни кенг кўламда қилиш учун албатта ҳукуматнинг ҳам фаол иштироки бўлиши кераклигини айтишади.

Bu maqolani Lotin alifbosiga o'girib o'qish uchun quyidagi linkdan foydalansangiz bo'ladi.

http://www.transliteration.kpr.eu/uz/