Беларус яна Бакиевни экстрадиция қилиш сўровини рад этди

Беларус яна бир бор Қирғизистоннинг собиқ президенти Қурманбек Бакиевни ватанига қайтаришдан бош тортган.

Қирғизистон ҳукумати 27 июндаги референдумда Роза Ўтинбоева муваққат президент этиб сайланиши ортидан иккинчи марта Беларусга экстрадиция сўровини топширганди.

Қирғизистон раҳбари Роза Ўтинбоева ўтказган мажлисда Бош прокурор Бойтемир Ибраев Минскдан иккинчи марта рад жавоби олинганини маълум қилган.

Бош прокурор Ибраев Бакиевни ватанга қайтаришнинг бошқа йўлларини топамиз, деб айтган.

Расмий Бишкек қўлга олишда ёрдам сўраб халқаро полиция ташкилоти Интерполга мурожаат қилган.

Қирғиз ҳукумати собиқ президент Қурманбек Бакиев, унинг яқинлари ва у билан бирга ишлаган мулозимларни қатор айбларда айблайди.

Хусусан, Қурманбек Бакиев 7 апрел куни Бишкек шаҳридаги президент маъмурияти биносига ҳужум чоғида рўй берган қотилликларга алоқадорликда айбланади.

Қирғизистон Бош прокурори Бойтемир Ибраев айтишича, Қурманбек Бакиев ва унинг атрофидаги 78 шахсга нисбатан жиноий иш очилган.

Бош прокурор жами 190 жиноий иш тергов қилинаётганини билдирган.

Бойтемир Ибраев сўзларига кўра, Бакиев ва унинг атрофидагилар давлатга 250 миллион долларлик зарар етказганлар.

Қирғиз расмийлари Қурманбек Бакиевнинг қариндошларини мамлакат жанубида июн ойида рўй берган қонли ҳодисаларни ташкиллаштиришда айблаганлар.

Қурманбек Бакиевнинг иниси Аҳмад Бакиев, жияни Санжар қўлга олингани ва иқрорлик кўрсатмалари ҳақида ҳуқуқ-тартибот органлари хабар тарқатганлар.

Қурманбек Бакиев ўзи ҳамда яқинларига қўйилган ушбу айбловларни рад этган.

Bu maqolani Lotin alifbosiga o'girib o'qish uchun quyidagi linkdan foydalansangiz bo'ladi.

http://www.transliteration.kpr.eu/uz/