Душанбеда Россия фуқароси узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилди

Душанбе шаҳар маҳкамаси ҳукмига кўра, Россия фуқароси тўққиз йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.

У Тожикистонда одамларни жиҳодга даъват этишда айбланган.

Шунингдек, Тожикистон Ислом Уйғониш партиясининг Суғд вилояти бўлими фаолларидан бири ҳам шу ишга алоқадор дея маҳкамага тортилган.

Унинг партияси эса айбловларнинг асоссиз эканини даъво қилмоқда.

Душанбе шаҳар маҳкамаси асли Доғистоннинг Дербенд туманидан бўлган Россия фуқароси Аҳмад Султоновни "Жамоати шариат" ноқонуний гуруҳига аъзоликда ва жиноий гуруҳга қатнашишда айблаб, тўққиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм этди.

У билан бирга маҳкамага тортилган Тожикистон фуқароси Толибжон Солиев ҳам тўққиз йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Тергов давомида Аҳмад Султоновнинг Афғонистон ҳудудида жанг қилиш маҳоратини эгаллагани аниқлангани айтилди.

У мансуб экани айтилган "Жамоати шариат" гуруҳининг Афғонистондаги Толибон ҳаракати билан алоқаси борлиги таъкидланган.

Афғонистонда Аҳмад Султонов ва "Жамоати шариат"нинг бошқа бир аъзоси Роман Саидовга Тожикистонга бориб, у ердаги вазиятни беқарорлаштиришни уюштириш топширилган, дейилди маҳкамада.

"Жамоати шариат"нинг бу икки фаоли жорий йил февралида Тожикистонга келган ва бу ерда бўлиб ўтган парламент сайловларидан сўнг қўлга олинган.

Маҳкама ҳукмига кўра, Толибжон Солиев Россиядан келаётган кишиларни кутиб олиш ва уларга яшаш шароити яратиб бериш топшириғини олган.

Тергов хулосаларига кўра Солиев бундан тўрт йил олдин Тожикистон Ислом Уйғониш фирқаси аъзоларини кофирларга қарши жиҳодга даъват этган.

Лекин шундан сўнг Россиянинг Сургут шаҳрида яширинишга муваффақ бўлган.

Орадан икки йил ўтгач - 2008 йилда Толибжон Солиев Тожикистонга қайтиб келган ҳамда Тожикистон Ислом Уйғониш фирқаси Суғд вилояти бўлимида ёшлар ва спорт бўлимини бошқара бошлаган.

Тожикистон Ислом Уйғониш фирқаси фаолларидан бири Воҳидхон Қосиддинов Толибжон Солиев ва Россия фуқароси Аҳмад Султонов асоссиз равишда маҳкамага тортилган дея ҳисоблайди.

Унинг айтишича, Солиевга Сургутдаги дўстлари сим қоқиб, Аҳмад Султоновни кутиб олишни сўрашган.

У Тожикистон орқали бошқа бир мамлакатга диний таълим олиш мақсадида жўнаб кетмоқчи бўлган.

Лекин маҳкамада айтилишича, Толибжон Солиев Сургут шаҳрида бўлганида, 2007 йилда "Жамоати шариат" гуруҳига аъзо бўлиб кирган.

Ўтган ҳафта охирида Душанбеда Тожикистон Олий маҳкамаси асосан Доғистондан бўлган олти нафар Россия фуқаросини жиноий гуруҳларга аъзоликда айблаб узоқ йиллик қамоқ жазосига маҳкум этганди.

Лекин улар мазкур ҳафта бошида яна 19 маҳбус билан бирга Душанбедаги тергов изоляторидан қочишга муваффақ бўлишди.

Тожикистонда қочоқ маҳбусларни излаш давом этмоқда.

Лекин ҳали-ҳозир бу маҳбуслар қўлга олингани ё уларнинг яширинган манзиллари аниқлангани борасида бирон-бир расмий хабар тарқатилган эмас.

Bu maqolani Lotin alifbosiga o'girib o'qish uchun quyidagi linkdan foydalansangiz bo'ladi.

http://www.transliteration.kpr.eu/uz/