Қирғизистон жанубига халқаро полиция кучлари киритилмаслиги мумкин

Image caption Ўш ва Жалолободдаги зўравонликларга милициянинг алоқаси борасидаги даъволар, ҳамда ўзбек маҳаллаларида ўтказилган рейдлар маҳаллий халқ орасида милицияга бўлган ишончни йўқ қилган

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти полиция кучлари Қирғизистонга жойлаштирилмайди.

Бу ҳақида ўтган жума Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоева билан учрашган олмон парламенти вакили Виола вон Крамон Олмонияда нашр этилувчи "Tageszeitung" газетаси билан бўлган суҳбат чоғида айтган.

Қирғизистон жанубида июн ойида рўй берган хунрезликлар ортидан расмий Бишкек Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг 52 зобитини мамлакат жанубига жойлаштириш таклифига розилик билдирган эди.

Хўш, Президент Роза Ўтинбоева ҳақиқатан ҳам хорижий полиция маслаҳатчилари гуруҳини Кирғизистонга киритишдан воз кечдими? Би-би-си ушбу савол билан Президент Роза Ўтинбоеванинг воизи Фарид Ниёзовга мурожаат қилди.

Ниёзов: Гап халқаро полиция гуруҳини давлатга киритишдан бутунлай воз кечиш ҳақида эмас, фақат Қирғизистон ҳукумати билан Оврўпо ташкилоти котибияти ўртасидаги икки тарафлик меморандум шу вақтгача батамом маъқулланмагани тўғрисида кетмокда. Қирғиз томони мазкур ҳужжатнинг халқаро вакиллар юборган шаклига баъзи тузатишлар киритишни таклиф қилган. Лекин, улар қабул қилинмаган ва, мен билишимча, бу борада ҳозирда икки томонлама музокара давом этмоқда. Қирғиз томони ОХҲТ котибиятининг таклифларини тўлалигича қабул қила олмайди ва ҳукуматнинг мавжуд мавқеи мантиққа мос келади, чунки ўз давлатидаги вазиятни қирғиз ҳукуматидан ҳеч ким яхшироқ билмайди. Оврўпо ташкилоти эса полиция маслаҳатчиларнинг мақомини ўзи мўлжаллаган тўлақонли шаклда қолдиришни талаб қилмоқда.

Би-би-си: Лекин, олдинроқ президент Ўтинбоева ОХҲТ полиция ходимларининг жанубга бориши маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларининг холисона ишлашига ёрдам беради, деб айтган эди. Қолаверса, хорижий мутахассислар билан бирга фаолият юритиш Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот ходимларининг ҳам профессионаллигини ошириши кўзда тутилганди.

Ниёзов: Ҳар ҳолда ҳозир тинчликни ўрнатиш жараёни олиб борилмоқда. Отишмалар ёки портлаш ҳодисалари энди йўқ. Бу масалани қирғиз томони аллақачон ўз кучи билан ҳал қилган. Лекин, милиция ходимлари билан айниқса Ўш шаҳри аҳолисининг ўртасида ишончнинг йўқолиши каби муаммо кузатилаётир. Маҳаллий аҳоли милицияга нормал ҳолатдагидай ишонмаяпти. Қирғизистон ҳукумати ОХҲТ полиция гуруҳи давлатимизга фақат ҳуқуқ-тартибот ходимларимизни ўқитиш ва тайёргарликда ўтказиш, ҳамда уларга маслаҳат бериш мақсадида келса, бу бизга маъқул келар эди демоқда.

Би-би-си: Агар халқаро полиция гуруҳини Қирғизистонга киритиш масаласи чўзилиб кетса, унда Хьюман Райтс Уотч халқаро ташкилоти ўз ҳисоботида қайд қилган жиноятларни ошкор этиш ва тергов қилиш борасида қирғиз ҳуқуқ-тартибот кучларига ишониб бўладими?

Ниёзов: Жиноятларни рўйхатга олиб, ҳужжатлаштириш ва тергов қилиш бутун дунё мамлакатларида ҳар ҳолда миллий полиция томонидан амалга оширилади. Қирғизистон жанубида юз берган ҳодисаларга тегишли халқаро тергов ўтказишни эса айнан қирғиз ҳукумати таклиф қилган. Бу билан Қирғизистон жаҳон ҳамжамиятига ўзининг нақадар очиқлигини намойиш қилди. Ўз яқин қўшниларимизни мисол қилсак, улардан биронтаси ҳам ҳеч қандай Хьюман Райтс Уотч ёки Халқаро Инқироз Гуруҳига ўз ҳудудида тергов юритишга рухсат бермас эди.

Bu maqolani Lotin alifbosiga o'girib o'qish uchun quyidagi linkdan foydalansangiz bo'ladi.

http://www.transliteration.kpr.eu/uz/