Қирғизистон ўзбек МХХ ва божхона ходимларини 'гаров эвазига озод қилишга рози бўлган'

Image caption Ўзбек ва қирғиз томони Қадамжойдаги ҳодиса юзасидан бир-бирини айбламоқда

Қирғизистонда ушлаб турилган ўзбек хавфсизлик ва божхона ходимларининг ҳимоячиси қирғиз томони уларни гаров эвазига озод қилишга рози бўлганини айтган.

Ҳукуматга яқин Пресс-уз.инфо хабар агентлигининг ҳимоячи Феруза Валиевадан иқтибос келтиришича, сешанба куни қирғиз чегарачилари билан музокаралар бўлиб ўтган ва қирғиз томони ҳар бир ўзбек фуқароси учун 2.500 АҚШ доллари миқдорида гаров пули, жаъми 10.000 доллар талаб қилмоқда.

Ўзбек-қирғиз чегарасидаги сўнгги ҳодисада қирғиз чегарачилари бир Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати ва Давлат Чегара Қўмитасининг уч нафар зобитини қўлга олгани хабар қилинган.

Ўзбек томонига кўра, улар қирғиз чегарачилари томонидан ҳибсга олинган ва Қадамжойдаги ҳибсхонада ноқонуний равишда ушлаб турилибди.

Аммо ҳодисада бир ҳафта ўтиб, уни тасдиқлаган қирғиз томони ўзбек фуқаролари номаълум шахслар томонидан ушлаб турилганини билдирган.

Интерфакс хабар агентлиги Президент Ўтинбоеванинг матбуот котиби Фарид Ниёзовнинг ўзбек чегарачиси 30 август куни қирғиз худудига ўтгани ва шоҳидларга кўра, унинг "маст аҳволда бўлгани" ҳақидаги сўзларини келтиради.

Қирғиз мулозими қўлга олинган шахс ва қўлга олган гуруҳнинг кимлиги аниқлангани ва ўзбек зобитини Ўш шаҳридаги чегара қўшинлари қароргоҳига ўтказиш масаласи муҳокама қилинаётганини билдирган.

Аммо ўзбек томонига кўра, ҳодиса 21 август куни содир бўлган ва ўзбек хавфсизлик зобити ва божхона ходимлари қирғиз чегарачилари томонидан ушлаб турилибди.

Пресс-уз.инфо тарқатган хабарда айтилишича, чегарачилар Фарғона вилоятининг Водил қишлоғидаги чегара-ўтиш нуқтасида ўз хизмат вазифаларини бажараётган бўлган.

Ўзбек чегара ва божхона ходимлари контрабанда маҳсулотнинг чегарадан ўтишига тўсқинлик қилишган ва қочишга уринган контрабандачиларни таъқиб қилаётган пайт Қадамжой тумани ҳудудида қўлга олинган.

Ўзбекистон томони қирғиз чегарачилари қонун бузувчилар билан тил бириктиргани ва уларнинг қочиб кетиши учун қўлидан келган барча ҳаракатни қилганини айтмоқда.

Аммо қирғиз томони қўлга олинган ўзбек зобитларини чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ва безориликда айблаган.

Ҳимоячи Валиева ушбу айбларнинг асоссиз эканини айтган ва қирғиз томони жиноий иш материаллари билан танишишга имкон бермаётганидан шикоят қилган.

Ўзбекистон томони қирғиз чегарачиларини ўзбек чегара ва божхона зобитларини ҳибсга олиш чоғида МДҲ доирасидаги чегара келишувини қўпол равишда бузганликда айбламоқда.

Қирғизистон расмийлари ўзбекистонлик маҳбуслар учун гаров талаб қилингани ҳақидаги хабарларни тасдиқламаган.

Кузатувчилар сўнгги пайтларда ўзбек-қирғиз чегарасида вазиятнинг кескинлашаётганига эътибор қаратишади.

Чегара ҳодисалари аввал ҳам бот-бот кузатилган, аммо охирги кескинлик июн ойида Қирғизистон жанубида содир этилган миллатлараро тўқнашувлар манзарасида юз бермоқда.

Ҳодисалар чоғида 100 мингдан кўпроқ этник ўзбеклар Ўзбекистонга қочиб ўтганлар.

Bu maqolani Lotin alifbosiga o'girib o'qish uchun quyidagi linkdan foydalansangiz bo'ladi.

http://www.transliteration.kpr.eu/uz/