Ўзбекистонлик зиёлилар Қирғизистонда ҳибсда қолаётган ўзбек фаолларини озод қилишга чақиришди

Усмонали Абзалов
Image caption Усмонали Абзалов оммавий тартибсизликларни уюштирганликда айбланмоқда

Бир гуруҳ ўзбекистонлик зиёлилар БМТ, Оврўпада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ва бошқа ташкилотлардан Жалолобод, Ўш, Сузоқ қамоқхоналарида "азоб чекаётган" Усмонжон Аблазов, Улуғбек Абдусаломов ва бошқа ўнлаб қирғизистонлик ўзбекларнинг озод этилишини Қирғизистон ҳукуматидан талаб қилишни сўрашган.

"Жалолобод вилоят Ўзбек маданий маркази фаоллари Усмонжон Аблазов ва "Дийдор" газетасининг бош муҳаррири Улуғбек Абдусаломовга ноҳақ айбловлар қўйилмоқда", дейилади мурожаатда.

Ўзбекистонлик зиёлиларининг даъво қилишларича, Жанубий Қирғизистонда "Усмонжон Аблазов ва Улуғбек Абдусаломовга ўхшаш ўзбек халқининг обрў-эътиборли вакиллари"ни оғир жиноятларда айблаш билан "Ўш ва Жалолободда юз берган қонли фожеаларга қирғизистонлик ўзбекларни асосий айбдор қилиб кўрсатиш" мақсад қилинган.

Айни пайтда мурожаат муаллифлари Оврўпада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Жанубий Қирғизистонга полиция кучларини киритмаслиги ҳақидаги хабарлардан хафсалалари пир бўлганини баён қилишган.

Уларга кўра, Ўш ва Жалолободда кечган зўравонликлар борасидаги холис хулоса фақат халқаро ташкилотлар тарафидан берилиши мумкин.

Жалолобод вилояти Ўзбек миллий-маданий маркази фаоли Усмонали Аблазов оммавий тартибсизликларни уюштирганлик айблови билан ҳибсга олинган.

Ўзбек тилида нашр этилган "Дийдор" рўзномасининг Бош муҳаррири Улуғбек Абдусаломовга ҳам оммавий тартибсизликларни уюштириш ва уларда иштирок этиш, миллий адоват қўзғаш каби қатор айбловлар эълон қилинган.

У 2010 йилнинг 14 июнида ҳибсга олинганди.

Халқаро ташкилотлардан айримлари аллақачон журналист Улуғбек Абдусаломов ва яна бир ҳибсда сақланаётган ўзбек фаоли Азимжон Асқаровларга қўйилган айбловларни олиб ташлашга чақиришган.

Image caption Азимжон Асқаров Қирғизистонда ҳибсда қолаётган ўзбек фаолларидан бири

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азимжон Асқаров Бозорқўрғонда қуролсиз кишиларга қарата ўқ отган ҳужумчиларни видеотасвирга туширган.

У 13 июн куни шу туманда ўзбекларга тегишли хонадонлар ва бошқа биноларга қарши уюштирилган ҳужумларни фото ва видеотасвирга олаётган пайтида қўлга олинган эди.

Азимжон Асқаровга ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик ҳамда миллий низо қўзғаш айбларини қўйишган.

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари Қирғизистон хавфсизлик хизматлари қўлларидаги далилларнинг қаердалигини айтиши учун Азимжон Асқаровни ҳибсхонада тинимсиз калтаклашгани ҳақида хабар тарқатишганди.

Bu maqolani Lotin alifbosiga o'girib o'qish uchun quyidagi linkdan foydalansangiz bo'ladi.

http://www.transliteration.kpr.eu/uz/