Ўзбекистонда қўлга олинган қирғиз чегарачиси 'яраланган'

Image caption Июн ойидаги зўравонликлардан сўнг ўзбек-қирғиз чегарасидаги вазият янада кескинлашган

Қирғиз хабар агентликларига кўра, сешанба куни Водилда қўлга олинган қирғиз зобитларидан бири яраланган.

Бу ҳақда Боткен вилоят чегара бўлинмаси ўз манбаъларига таяниб, хабар тарқатган.

АКИ-Пресс агентлигининг Боткендаги чегара мулозимларидан иқтибос келтиришича, ўзбек томони қўлга олинган чегарачиларнинг қандай аҳволда экани ҳақида расмий маълумот бермаган.

Қирғиз томонига кўра, 31 август куни ҳибсга олинган икки қирғиз зобити ҳозирда Фарғона вилоят ички ишлар бошқармасида ушлаб турилибди.

Ўзбекистон чегара расмийлари уларнинг давлат чегарасини бузганлик ва безорликда айбланаётганини айтган.

Жавоб амали?

Ўзбек томони қирғиз чегарачилари ўз ҳудудига расмий музокаралар олиб бориш учун таклиф этилган пайт ҳибсга олингани ҳақидаги хабарларни рад этган.

Ҳодиса қирғиз чегарачилари бир ўзбек хавфсизлик зобити ва икки божхона ходимларини ҳибсга олганидан 10 кун ўтиб, юз берган.

Ўзбек зобитларини озод этиш юзасидан олиб борилган музокаралар натижа бермаган.

Қирғизистон расмийларига кўра, мамлакат чегара хизмати раҳбари Зокир Тиленов сешанба кунидан буён ўзбек томони билан қирғиз чегарачиларини озод этиш юзасидан музокара олиб бориш учун Боткенда турибди, аммо ҳозирга қадар ҳеч қандай музокаралар бўлмаган.

Айни пайтда ўзбек томони яна икки нафар қирғиз чегарачисини ҳибсга олганини айтмоқда.

Ҳукуматга яқин Пресс-уз. инфо нашрининг Давлат чегара қўмитасига таяниб, хабар беришича, Чуст вилоятининг Ғова қишлоғи яқинида қўлга олинган икки қирғиз зобити АК-47 автоматлари билан қуролланган бўлган.

Ўзбек томони ҳодиса юзасидан текширув бошланганини маълум қилган.

Шу йилнинг июн ойида Қирғизистон жанубида юзлаб, асосан, этник ўзбекларнинг ўлимига сабаб бўлган зўравонликлар ортидан ўзбек-қирғиз чегарасидаги вазият кескинлигича қолмоқда.

Ҳар икки томондан чегарачиларнинг қўшни давлат фуқароларига нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлари кўпайгани ҳақида хабарлар олинган.

Ўзбекистоннинг Қирғизистон ҳудудидаги Сўх ва Шоҳимардон анклавларида истиқомат қиладиган 50 мингга яқин аҳоли давлат чегараларини икки марта кесиб ўтиш жараёнида қийинчиликларга дуч келиши айтилади.

Чегара ҳодисаларининг аксарияти давлат сарҳадларининг хали делимитация қилинмаган ҳудудларида юз беради.

Июн ойидаги зўравонликлардан сўнг, Ўзбекистон Қирғизистонни делимитация жараёнини тезлаштиришга чақирган.

Bu maqolani Lotin alifbosiga o'girib o'qish uchun quyidagi linkdan foydalansangiz bo'ladi.

http://www.transliteration.kpr.eu/uz/