АҚШ Қирғизистон жанубидаги миллатларо тангликдан 'чуқур хавотирда '

Image caption АҚШ Қирғизистон жанубига халқаро полиция кучларининг келиши кечиктирилаётганидан афсус билдирган

АҚШнинг Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотидаги элчиси Кэрол Фюллер Қирғизистон жанубида давом этаётган миллатлараро тангликдан чуқур хавотирда эканликларини айтган.

"Қўшма Штатлар Қирғизистон жанубида давом этаётган миллатлараро танглик ва ҳукуматнинг бу тангликка жавобидан чуқур ҳавотирда", деб айтган Американинг юқори мартабали дипломати.

Венада эълон қилинган баёнотда Америка элчиси Қирғизистон жанубида халқаро полиция кучларини жойлаштириш масаласида силжиш бўлмаганидан афсус билдирган.

Фюллер хоним Ўшдаги бир гуруҳ ўзбек аҳолисига уч ҳафта ичида янги йўл қурилиши учун уйларини ўз ҳисобларидан бузишлари айтилгани ҳақидаги хабарлардан ташвишда эканликларини айтган.

АҚШ дипломатига кўра, бу шундоқ ҳам беқарор вазиятни янада ёмонлаштириб юбориши мумкин.

Фюллер хоним Бишкек ва Ўшдаги ҳокимиятни янги иғвогарлик ҳаракатларига йўл қўймаслик йўлида шошилинч чоралар кўришга чақирган.

Халқаро полиция кучлари ортга сурилмоқда

Айни пайтда Қирғизистоннинг Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотидаги элчиси ташкилотнинг полиция маслахат гуруҳини Қирғизистонда 10 октябрга белгиланган парламент сайловларидан кейин жойлаштириш мақсадга мувофиқ эканини айтган.

Венада ўтган матбуот анжуманида қирғиз элчиси Людия Иманалиева "бузғунчи кучлар" халқаро полиция кучларини жойлаштириш лойиҳасидан "тинчлик ва ярашув жараёнига қаршилик қилиш мақсадида фойдаланганлари"ни айтган.

"Қирғизистон полиция гуруҳи парламент сайловларидан кейин иш бошласа вақтида ва фойдали бўлади, деб ишонади", деган қирғиз дипломати.

Унинг сўзлари амалда халқаро полиция кучларини жойлаштириш масаласи яна кечиктирилишига ишорадир.

52 нафар қуролсиз полициячилар юзлаб, асосан ўзбекларнинг ўлимига саба бўлган хунрезликлардан иккит ой ўтиб, август ойи ўрталарида Қирғизистонга етиб келиши режаланган эди.

ОХҲТ Зиддиятларнинг олдини олиш маркази раҳбари Хедберт Салбер Қирғизистон жанубида полиция маслахат гуруҳини жойлаштириш юзасидан ишлар давом этаётганини айтган, аммо унинг қачон иш бошлаши ҳақида аниқ бир кунни айтолмаслигини билдирган.

Қирғизистондаги вазият Москвага ташриф буюрган АҚШ Давлат Котибининг ўринбосари Роберт Блейкнинг Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Григорий Карасин билан учрашуви кун тартибидаги асосий масала бўлган.

Ўшдаги ўзбек мактаби ёпилган

Айни пайтда Ўш шаҳар ҳокимиятининг қарори билан шаҳардаги Ҳамза номли ўзбек тилидаги мактаб ёпилган.

Қирғиз расмийлари мактабни ёпиш қарорини унинг ёниб кетгани билан тушунтирмоқда.

Қирғизистоннинг давлат хабар агентлиги- Кабар Ўш шаҳар ҳокимияти таълим бошқармасидан Асан Ортиқбоевнинг "мактаб янги ўқув йилига тайёр бўлмагани учун ёпилди", деган сўзларини келтиради.

Унга кўра, мактаб ўқувчилари яқиндаги бошқа мактабларга жойлаштирилган.

Июндаги зўравонликлар чоғида кўпгина мактабларга ўт қўйилган.

Чоршанба куни қирғиз расмийлари мактабларда ўқув йилининг қаттиқ хавфсизлик чоралари остида бошланганини айтган.

Ўш шаҳар ҳокими Мелис Мирзакматов Қирғизистон жанубидаги беқарор вазият туфайли мактабларнинг очилишини номаълум муддатга кечиктиришни таклиф қилган эди.

Bu maqolani Lotin alifbosiga o'girib o'qish uchun quyidagi linkdan foydalansangiz bo'ladi.

http://www.transliteration.kpr.eu/uz/