Тожикистон Марказий Осиёдаги жангарилик ўчоғига айланмоқдами?

Хўжандда портлашдан сўнг

Тожикистоннинг иккинчи катта шаҳри Хўжандда амалга оширилган худкушлик ҳужуми мамлакат Марказий Осиёдаги жангарилик ўчоғига айланаётгани борасидаги қўрқувларга сабаб бўлди.

Ички ишлар вазирлиги юқори мартабали расмийси "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати"ни ҳужум ортида турганликда айблади.

Марказий Осиёда худкушлик ҳужумлари камдан-кам кузатилади. Зотан, Тожикистон 2005 йилда бундай ҳужумга саҳна бўлган, ҳужумчи пойтахт Душанбедаги Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги қаршисида ўзини портлатганди. Оқибатда бир неча киши яраланганди.

Аммо, бугунги ҳодиса бутун минтақани ларзага солди.

Ўтган галгидек, бу сафарги ҳодисада ҳам "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати" айбланмоқда.

Тожикистон хавфсизлик хизмати расмийлари тахминларига кўра, худкуш ҳужумчи таъқиқланган ташкилотлар, жумладан "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати" ва "Ал Қоида" томонидан бошқарилган жамлоқларда тайёрловдан ўтган.

Улар, шунингдек, мазкур ҳужумни Исфарадаги бозорлардан бири раисининг ўлдирилишига алоқадорликда гумон қилиниб ҳибсга олинган шахслар билан ҳам боғлашади.

Хўжанд Ўзбекистон билан чегара яқинида, пойтахт Душанбедан 340 чақиримча узоқликдаги шаҳар.

Айни пайтда у Фарғона водийсининг оғзида, Сирдарё бўйида жойлашган.

Тожикистоннинг Афғонистон билан қарийб бир ярим минг чақиримлик яхши қўриқланмайдиган чегараси мамлакатга жангарилар бостириб кириши ва маҳаллий жангариликнинг урчишига хизмат қилади.

Яқинда кузатилган қатор ҳодисалар минтақадаги хавфсизликка таҳдидларни кучайтирган ва бунинг ортидан Тожикистон халқаро диққат марказга чиққан.

Бунга Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашиши ва Покистонда юз берган сув тошқинлари ҳам сабаб бўлди.

Табиий офат туфайли жангарилар ин қургани айтиладиган Вазиристонда хавфсизлик амалиётлари кўлами сезиларли даражада пасайди.

"Ўзбекистон Исломий Ҳаракати" Покистонда фаол ҳаракат қилади ва яқиндан бери Фарғона водийсида ҳам қайта уйғонаётгани ва фаоллашаётгани аломатлари кўзга ташлана бошлаган.

Ўшдаги нотинчликлар ҳам минтақанинг ушбу қисмини жангарилик амалиётларига ҳозирлади дейиш мумкин.

Тожикистонда Президент Имомали Раҳмон кўпда ўз мухолифларига қарши ҳаракатларини Исломий жангарилик хавфи билан изоҳлайди.

Яқинда қамоқхонадан маҳбусларнинг қочиш ҳодисаси ҳукуматни саросимага солди. Афтидан, ушбу ҳол умумий вазиятнинг заифлигини урғулади.