Хўжанддаги ҳужум бир худкушчининг иши бўлган

Тожикистоннинг шимолий Хўжанд шаҳрида жума куни уюштирилган худкушлик ҳужумига оид сўнгги тафсилотларга кўра, ҳодисада ҳужумчининг ўзи дохил уч киши қурбон бўлган.

Қурбонлардан қолган икки нафари милиция ходимларидир. Ҳодисада икки фуқаро дохил 28 милиция ходими жароҳатланган.

Аён бўлишича, ҳужум бир худкушчининг иши бўлган.

Бу ҳақда Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Суғд вилояти ички ишлар бўлими тарқатган баёнотда билдирилган.

Худкушлик ҳужуми Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг Суғд вилояти бўлими биноси ҳовлисида амалга оширилганди.

Суғд вилояти ички ишлар бўлими маълумотларига кўра, қаттиқ портлаш натижасида уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлимида тажриба ўрганаётган 22 ёшли Алижон Маёқубов ҳалок бўлган. Гувоҳларнинг айтишларича, унинг тана аъзолари титилиб кетиб, турли томонга сочилиб кетган ва жасад таниб бўлмас аҳволга келган.

Портлаш натижасида олган жароҳати боис милиция зобити 34 ёшли Аюбжон Маҳкамов шифохонада ҳаётдан кўз юмган.

Ҳалок бўлган учинчи одам – худкуш ҳужумчининг шахси аниқланганича йўқ.

Портлашда жароҳатланганларнинг барчаси асосан Хўжанддаги 1-клиник шифохонага ётқизилган.

Беморхонанинг жарроҳлик ва жонлантириш бўлимлари милиция мулозимлари томонидан қаттиқ қўриқланмоқда.

Жиноятни текшириб, аниқлаш учун Суғд вилояти ички ишлар бўлими бошлиғи генерал-майор Рауф Юсупов бошчилигида махсус штаб тузилган.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматидан билдиришларича, қуролли ҳужум бундан беш кун илгари Исфарада содир этилган қотилликка боғлиқ бўлиши мумкин.

30 август куни Исфарадаги бозорлардан бирининг собиқ раиси Ҳомиджон Каримов автомат ва тўппончадан узилган ўқлар билан ўлдириб кетилган эди.

Ички ишлар вазирлигига кўра, Хўжанддаги портлаш Каримовни ўлдиришда гумон этилиб, уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими биносига олиб келинган 5 кишини олиб қочиш ё тергов жараёнига ҳалақит бериш мақсадида уюштирилган бўлиши эҳтимоли бор.

Лекин айни бир пайтда портлаш ўч олиш мақсадида амалга оширилган деган фикрлар ҳам янграмоқда.

Одамлар орасида уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими мулозимлари томонидан у ёки бу жиноятни содир этишда гумон этилиб, қўлга олинганларга нисбатан қийноқ ва таҳдидлар кучли эканлигидан норозилик мавжуд.

Лекин милиция мулозимларининг ўзлари қийноқ ва таҳдидлар ҳақидаги гаплар асоссиз эканлигини айтиб келишади.

Ички ишлар вазирлиги баёнотида портлашда "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати"нинг қўли борлиги бўлиши мумкинлиги айтилган эди. Ҳалигача бу тахмин ўз кучини йўқотган эмас.

Расмийларга кўра, портлаш уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлимининг икки машинаси маҳаллий вақт билан тонгги соат саккизда ҳовлига кираётган пайтда юз берган.

Кутилмаганда бу икки машина ортидан ўта тезликда "Волга" деб аталадиган ГАЗ-24 русумли машина кириб келган. "Волга" хизмат машиналаридан бирига урилиб, кучли портлаш овози теварак-атрофни тутиб кетган.

Портлаш юз берган ернинг теварак-атрофидаги вилоят қон қуйиш маркази, магазин, уйлар ва йўлда бораётган машиналар ойнаси синган.

Ҳуқуқ-тартибот мақомотлари худкушлик ҳужумига пухта тайёргарлик кўрилган ва уни махсус террорчилик мактабини ўтаган одам амалга оширган деган фикрни илгари суришмоқда.

Бугун портлаш юз берган жойга олиб борадиган йўллар очилган. Кўчалар ва одамлар гавжум жойларда милиция мулозимлари кечагига нисбатан анча камайган.

Bu maqolani Lotin alifbosiga o'girib o'qish uchun quyidagi linkdan foydalansangiz bo'ladi.

http://www.transliteration.kpr.eu/uz/