Доғистондаги худкушлик ҳужумида 5 аскар ҳалок бўлган

Image caption Сўнгги ойларда Доғистонда ҳокимият вакилларига қарши ҳужумлар кучайган

Буйнакск шаҳридаги ҳарбий қисмга уюштирилган ҳужумда камида 5 киши ҳалок бўлган, 40 га яқин одам жароҳатланган.

Доғистон Ички ишлар вазирлигига кўра, якшанба куни тунги соат 1 да портловчи модда ўрнатилган "Жигули" машинаси Буйнакск шаҳри яқинидаги полигонда жойлашган ҳарбий қисм дарвозасини ёриб кирган ва аскарлар яшаётган жамлоққа йўналган.

Аммо қўриқчилар уни база марказига етиб келмасидан нишонга олганлар, ҳужумчи машинани яқиндаги ҳарбий юк машинасига урган.

Портлашдан сўнг терговчиларни ҳодиса жойига олиб бораётган машина йўл четида ўрнатилган бомбага дуч келган.

Иккинчи портлашда қурбонлар бўлмагани айтилади.

Доғистон Президенти Магомедсалом Магомедов портлаш жойи ва шифохонадаги яраланганларни бориб кўрган.

Интерфакс хабар агентлиги унинг "Бугунги ҳужум жангарилар хали ҳам бу каби хоинона ҳужумларни амалга оширишга қодир эканини кўрсатди", деган сўзларидан иқтибос келтирган.

Ярадорлар Буйнакск ҳарбий госпитали ва шаҳар касалхонасига олиб келинган.

Ҳодиса жойига Россия Мудофаа вазирлигининг махсус комиссияси юборилгани айтилади.

Шанба куни Доғистон пойтахти Махачқалада ахборот вазири Бекмурза Бекмурзаев ўтирган автоулов портлатиб юборилган, вазир яраланган, унинг ҳайдовчиси ҳалок бўлган.

Расмийларга кўра, портлаш Бекмурзаев қўриқчилари билан икки машинада уйидан ишга йўлга чиққанидан 15 лаҳза ўтиб, содир бўлган.

Зўравонликлар тўлқини

Сўнгги ҳафталарда Доғистонда ҳокимият вакилларига ҳужумлар кўпайган.

Маҳаллий ҳужумчиларнинг қўшни Чеченистондаги жангарилардан илҳомлангани айтилади.

Бундан роппа-роса 11 йил муқаддам Буйнакскдаги ҳарбийларнинг оилалари яшайдиган уйга уюштирилган ҳужумда 64 киши ҳаётдан кўз юмган эди.

1999 йилнинг 4 сентябрида уюштирилган ҳужум Россия бўйлаб кўп қаватли уйларда содир этилган ва 300 га яқин одамнинг умрига зомин бўлган ҳужумларнинг биринчиси эди.

Ушбу ҳужумлар Россия ҳукуматининг иккинчи чечен урушини бошлаши учун сабаб бўлгани айтилади.

Россия ҳужумларда аввалроқ Доғистонга бостириб киришга уринган чечен жангариларини айблаган.

Аммо ҳужумлар иккинчи чечен урушини оқлаш учун Россия махсус хизматлари томонидан бошқарилгани ҳақидаги шубҳалар ҳануз аримаган.

2006 йилда Лондонда заҳарлаб ўлдирилган собиқ Россия жосуси Алекcандр Литвиненко шу каби иддаолар илгари сурилган китобга ҳаммуаллифлик қилган.

Якшанба кунги ҳужум учун масъулиятни ҳеч ким ўз зиммасига олмаган.

Bu maqolani Lotin alifbosiga o'girib o'qish uchun quyidagi linkdan foydalansangiz bo'ladi.

http://www.transliteration.kpr.eu/uz/