Нурсултон Назарбоев навбатдаги президентлик сайловларида ҳам иштирок этади

Нурсултон Назарбоев
Image caption Назарбоев жаноблари Қозоғистонни 1980 йиллар охирларидан бери бошқариб келади

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев 2012 йилга мўлжалланган президентлик сайловларига иштирок этишни режалаётганини маълум қилган.

Назарбоев жаноблари Қозоғистонни 1980 йиллар охирларидан бери жиддий қаршиликларсиз бошқариб келади. Уч йил муқаддам ўзгартирилган конституцияга биноан Президент чекланмаган муддатларга қадар вазифасида қолишга ҳаракат қилиши мумкин.

Жорий йил Қозоғистон Сенати "Миллат раҳнамоси" ҳақидаги қонунни маъқуллаган. Президент Нурсултон Назарбоевга "Миллат раҳнамоси" мақомини бериш ҳақидаги қонун лойиҳаси жаноб Назарбоевнинг "Нур Отан" партияси томонидан илгари сурилганди.

Қонун жаноб Назарбоев ва унинг оиласига маҳкамага тортилишдан дахлсизлик ҳамда ўз истеъфоси ортидан ҳам ҳукумат сиёсатига таъсир қилиш ҳуқуқларини беришни кўзда тутади.

Аммо, Қозоғистон Президенти ўзига бир умрлик махсус ҳуқуқлар берувчи қонун лойиҳасини рад қилганди.

Нурсултон Назарбоев бошқаруви остида Қозоғистон иқтисодий жиҳатдан анчайин ютуқларга эришган ва ҳозир Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотига раислик қилади.

Ғарб давлатлари Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотига раислик Қозоғистон раҳбариятини йирик сиёсий ислоҳотларга ундашига умид қилишганди. Аммо, танқидчилар бошқарувни демократик андазаларга мослаш йўлида жуда оз ҳаракат қилинганини айтишади.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Назарбоев жаноблари бошқарувини авторитар ва демократияга зид эканини айтишади.