Қирғизистон: иқтисодий жиноят содир этган амалдорлар авф этилади

Image caption Таҳлилчилар Ўтинбоева шу йўл билан қирғиз иқтисодини қутқармоқчи, дейишмоқда

Президент Ўтинбоева Акаев ва Бакиевлар даврида иқтисодий жиноят содир этган собиқ амалдорларни авф этиш ҳақидаги фармонни имзолаган.

Ҳозирнинг ўзида кучга кирган фармонга биноан иқтисодий фаолият билан боғлиқ жиноятларни содир этган ижро ҳокимияти, маҳаллий ўз-ўзини бошқариш ва банк тизимининг собиқ амалдорлари, шунингдек, Асқар Акаев ҳамда Қурмонбек Бакиевларнинг оиласига яқин шахслар жиноий жавобгарликдан озод этилади.

Бунинг учун улар кўнгилли равишда давлатга етказилган моддий зарарни қоплаш ҳақида ҳуқуқ-тартибот идораларига ёзма равишда мурожаат қилишлари керак бўлади.

Фармонда айтилишича, моддий зарарнинг ҳажмини ҳуқуқ-тартибот ва молия идоралари раҳбарларидан ташкил топган махсус комиссия аниқлайди.

Моддий зарарни тўла қоплаган шахслар жиноий жавобгарликдан озод қилиш эвазига давлат билан 5 йил давомида сиёсий, ижтимоий ва юқори маъмурий лавозимларни эгалламаслик ҳақидаги битимни имзолайдилар.

1 октябргача амал қилиши белгиланган авфга тушиши мумкин бўлган мулозимлар орасида собиқ бош вазирлар Николай Танаев ва Игор Чудиновларнинг борлиги айтилмоқда.

Қирғизистоннинг муваққат ҳукумати собиқ президент Бакиев ва оиласини 200 миллион доллар миқдоридаги давлат маблағларини ўғирлашда айблайди.

Аммо жаноб Бакиевнинг ўзи бу айбларни рад этган.

Таҳлилчиларга кўра, Қирғизистоннинг муваққат ҳукумати шу йўл билан апрел ойидаги сиёсий ғалаёнлар ва мамлакат жанубидаги этник зўравонликлар натижасида барбод бўлган мамлакат иқтисодини ҳозирги оғир аҳволдан олиб чиқишга умид қилмоқда.

Июн ойида Ўш ва Жалолободда юз берган зўравонликлар чоғида уч мингга яқин, асосанг ўзбекларга тегишли уй-жойлар ёқиб юборилган, уч юздан ортиқ маданий-маиишй бинолар вайрон бўлган.

Халқаро ҳамжамият Қирғизистонни қайта қуриш учун 1 миллиард 100 миллион доллар маблағ ваъда қилган.

Bu maqolani Lotin alifbosiga o'girib o'qish uchun quyidagi linkdan foydalansangiz bo'ladi.

http://www.transliteration.kpr.eu/uz/