Покистонда юз берган бомба портлашида болалар нобуд бўлган

Зўравонликлар Покистон ҳукумати сув тошқинларига қарши курашаётган бир пайда қайта жонланган
Image caption Зўравонликлар Покистон ҳукумати сув тошқинлари оқибатларига қарши курашаётган бир пайда қайта жонланган

Покистон шимоли-ғарбида юз берган худкушлик ҳужумида 3 мактаб ўқувчиси дохил 17 инсон нобуд бўлган.

Ҳужумчи портловчи воситаларга тўлдирилган автомашинасини Хайбар Пахтунхва вилоятининг Лакки Марват шаҳарчаси полиция идорасига келтириб урган. Портлаш туфайли пайдо бўлган вайроналар орасида китоблар ва мактаб сумкасини кўриш мумкин бўлган. Ўлганлардан 11 нафари полиция зобитларидир.

Ҳужумда 40дан ортиқ инсон тан жароҳати олган. Хабар қилинишича, худкуш ҳужумчи машинасини полиция идораси деворига келтириб уришдан олдин мактаб автомашинаси билан тўқнашган.

Портлаш оқибатида полиция идораси қулаб тушган. Бинога қўшни дўкон ва масжидга ҳам зиён етган.

Қутқарув гуруҳи ходимлари ва полиция зобитлари вайроналар тагида қолиб кетганларга кўмак беришга уринишмоқда. "17 жасад ва 45 нафар яраланган шифохонамизга олиб келинди", дейди Лакки Марватдаги асосий касалхона шифокори Ғулом Али матбуотга гапираркан.

Покистон хавфсизлик кучлари мамлакат шимоли-ғарбида ин қурган Толибон ва Ал Қоида жангариларига қарши ҳарбий амалиётлар олиб бораётганди.

Минтақада Афғонистондаги Толибон аъзолари ҳам қўним топган.

Ўтган ҳафта Покистондаги шиа мусулмонларига қарши амалга оширилган ҳужумда 100дан ортиқ инсон нобуд бўлганди. Толибон ҳаракати айни ҳужумлар масъулиятини зиммасига олиб чиққан.

Жума куни Кветтада амалга оширилган ҳужумда 73 инсон ҳаётдан кўз юмган. Ундан икки кун олдин Лаҳорда юз берган портлашлар 35 кишининг умрига зомин бўлганди.

Зўравонликлар Покистон сув тошқинларига қарши курашаётган бир пайтда қайта жонланган.

Лакки Марват шаҳарчаси ўтмишда ҳам жангариларнинг йирик бомба ҳужумларига саҳна бўлган. Ҳужумларда асосан хавфсизлик кучлари ва уларга ҳамкорлик қилган қавм одамлари нишонга олинган.

Энг йирик ҳужум 2010 йил Янги йил куни амалга оширилганди. Ўшанда худкуш ҳужумчи юк машинасини волейбол ўйинини томоша қилаётган оламонга келтириб ураркан, 100 киши нобуд бўлганди.

Bu maqolani Lotin alifbosiga o'girib o'qish uchun quyidagi linkdan foydalansangiz bo'ladi.

http://www.transliteration.kpr.eu/uz/