Тожикистон пойтахтидаги портлашда 4 киши яраланган

Image caption Душанбедаги портлашнинг жума куни Хўжандда содир этилган худкушлик ҳужумига алоқаси йўқлиги айтилмоқда

Тожик расмийларига кўра, якшанба кечаси пойтахт четидаги тунги клубда юз берган портлаш "безорилик амали" бўлган.

"Ҳовар" хабар агентлигининг Тожикистон Миллий Хавфсизлик қўмитаси матбуот хизматидан иқтибос келтиришича, пойтахтдаги "Дусти" тунги клубида юз берган портлаш "террорчилик амали бўлмаган".

Хавфсизлик хизматининг маълум қилишича, пиротехник воситанинг ишга солиниши натижасида содир этилган портлашда 4 киши "енгил жароҳат олган".

Дастлабки хабарларга кўра, портловчи жиҳоз стол остига ўрнатилган бўлган.

Портлаш юзасидан икки киши ҳибсга олинган.

Портлаш Тожикистон шимолида икки милиция ходимининг ўлимига сабаб бўлган худкушлик ҳужуми ортидан содир этилган.

Жума куни Хўжанд шаҳрида юз берган ҳужумда портловчи жиҳоз ўрнатилган "Газ-24" машинаси Ички ишлар бўлими ҳовлисида портлатиб юборилган.

Тожикистон тарихидаги илк худкушлик ҳужумида камида 25 киши яраланган.

Ҳужум Душанбедаги Миллий Хавфсизлик Қўмитаси ҳибсхонасидан собиқ жангарилар экани айтилган 25 нафар маҳбуснинг қочишидан кўп ўтмай, содир бўлган.

23 август куни юз берган ҳодисада қуроллли маҳбуслар 5 нафар қўриқчини ўлдиришган.

Душанба куни расмийлар қамоқдан қочган иккинчи маҳбуснинг қўлга олинганини маълум қилишган.

Хавфсизлик мулозимлари қўлга олинган маҳбуснинг президент гвардиясининг собиқ қўмондони Ғаффор Мирзоевнинг укаси Абдурасул Мирзоев эканини айтишмоқда.

Қамоқдан қочиш ҳодисаси ортидан Президент Раҳмон Тожикистон Миллий Хавфсизлик Қўмитасининг бутун раҳбариятини ўзгартирган.

Рейтер агентлигининг Тожикистон Ички ишлар вазирлигидаги манбаъдан иқтибос келтиришича, жума кунги ҳужум билан Душанбедаги портлаш бир-бирига боғлиқ бўлиши эҳтимоли кам.

Тожик расмийлари Хўжанддаги худкушлик ҳужумида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатини айблашган.

Янги тафсилотлар

Мухбиримиз Ўринбой Усмоннинг Тожикистон шимолидаги мулозимлардан иқтибос келтиришича, жума кунги худкушлик ҳужуми бир эмас, икки киши томонидан содир этилгани маълум бўлган.

Портлашга алоқадор шахслардан айримларининг кимлиги аниқланган, аммо тергов манфаатлари нуқтаи назаридан ошкор этилмаётир.

Терговга яқин манбаъларнинг билдиришича, портлаш Исфарадаги бозорлардан бирининг собиқ раиси Ҳомиджон Каримовнинг ўлдириб кетилиши билан боғлиқ экани борасидаги тахмин ўрганилмоқда.

Ҳомиджон Каримов 30 август куни Исфарадаги Сурх қишлоғида қариндошикинида ўтказилган ифтордан қайтаётган пайт автомат ва тўппончадан ўққа тутилган.

Суғд вилояти ички ишлар бошқармасига кўра, Хўжанддаги портлаш Каримовни ўлдиришда гумон этилиб, уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими биносига олиб келинган 5 кишини олиб қочиш ё тергов жараёнига халал бериш мақсадида уюштирилган бўлиши мумкин.

Айрим таҳилчилар портлаш милициядан қасос олиш амали бўлиши мумкинлигини айтишади.

Худкушлик ҳужумида нишонга олинган милициянинг Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими гумондорларга нисбатан қийноқ қўллашда айбланган.

Аммо милиция мулозимлари эса қийноқлар ҳақидаги айбларни рад этишади.

Bu maqolani Lotin alifbosiga o'girib o'qish uchun quyidagi linkdan foydalansangiz bo'ladi.

http://www.transliteration.kpr.eu/uz/