Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳибсдаги чегарачиларни алмашди

Image caption Чегарадаги ҳибсга олишлар икки давлат ўртасидаги сўз урушига сабаб бўлган

Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳибсдаги чегарачи ва божхона зобитларини алмашган ва қўшимча чегара ўтиш нуқталарини олиб ташлашга келишган.

АКИ Пресс хабар агентлигининг қирғиз чегара мулозимларига таяниб, хабар қилишича, 5 октябр кечаси Қадамжойда бўлиб ўтган юқори даражадаги музокаралар натижасида қирғиз томони Қадамжойда ушлаб турилган уч ўзбек фуқаросини Ўзбекистон мулозимларига топширган, ўзбек тарафи ҳам уч қирғиз чегарачисини ватанига қайтарган.

Икки томон чеагарада шу йилнинг 30 августигача амал қилган тартибга қайтиш ва чегара-божхона хизматларига қарашли назорат-ўтиш нуқталаридан ташқари барча оралиқ постларни олиб ташлашга келишганлар.

Охирги икки ҳафтада юз берган ўзаро ҳибсга олишлар икки далат ўртасидаги сўз урушига сабаб бўлган.

21 августда ҳибсга олинган Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг бир зобити ва икки нафар божхона ходимлари Қирғизистон чегарасини бузиб кирганликда айбланган.

Ўзбекистон томони бу айбловни рад этган ва ўз зобитларининг қирғиз томонидан келаётган контрабандачиларни тўхтатишга уринган пайт ноқонуний равишда ҳибсга олинганини айтган.

Расмий Тошкент қирғиз чегарачиларини контрабанда, босқинчилик, порахўрлик ва бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатларда айблаган.

Ўтган ҳафта Водилда икки қирғиз зобитининг ўзбек чегарачилари томонидан ҳибсга олиниши эса жавоб амали сифатида кўрилган.

Ўзбекистон қирғиз чегара хизмати полковниги З. Бегматов ва лейтенант М. Приевларни чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ва безориликда айблаган.

Аммо қирғиз томони ўз чегарачиларининг ўзбек ҳамкасблари билан музокара олиб бориш учун аввалдан келишган жойга борган пайтлари ҳибсга олинганликларини даъво қилган.

Ўзбекистон ҳукуматига яқин Пресс-уз. инфо нашри қирғиз ҳарбийлари ва махсус хизматларини ўзбошимчалик ва муваққат ҳукуматга бўйсунмасликда айблаган.

2 сентябрда эълон қилинган мақолада ярим расмий хабар агентлиги сифатида билинган Пресс-уз.инфо қирғиз армиясини июн ойидаги қирғинда иштирок этганликда айблаган.

Ўзбекистон давлат телевидениеси шанба куни намойиш этган махсус кўрсатувда ҳам қирғиз чегарачилари контрабандачиларга ёрдам беришда айбланади.

Шу йилнинг 7 апрелида Қирғизистонда президент Бакиевни ҳокимиятдан ағдарган ғалаёнлар ортидан чегарани ёпиб қўйган Ўзбекистон июн ойидаги зўравонликлар чоғида 100 мингдан кўпроқ этник ўзбек қочқинларига чегарани очган, аммо кўп ўтмай яна ёпиб қўйган.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ўзбек ҳукуматини Қирғизистон жанубидаги зўравонликлардан қочаетган ўзбеклар учун чегарани очиқ тутишга чақирганлар.

Bu maqolani Lotin alifbosiga o'girib o'qish uchun quyidagi linkdan foydalansangiz bo'ladi.

http://www.transliteration.kpr.eu/uz/