Мулло Умар айтишича, Афғон Толибони ғалабаси яқин

Камдан-кам баёнот билан чиқадиган Афғонистондаги Толибон ҳаракати руҳоний раҳбари Мулло Умарга кўра, ўзларининг жангчилари Афғонистондаги урушда ғалабага эришмоқдалар.

НАТО етакчилигидаги Афғонистондаги кампания "буткул муваффақиятсизликка учради", деган Мулло Умар.

Толибон раҳбари АҚШ Президенти Барак Обамага мурожаат қилиб, ўз қўшинларини Афғонистондан "бирор бир шартсиз ва имкон қадар тез" олиб чиқиб кетишга чақирган.

Мулло Умарнинг ушбу баёноти муқаддас Рамазон ойи тугаётгани муносабати - Рамазон Ҳайити муносабати билан жиҳодчи веб-сайтларда эълон қилинган.

"Бизнинг Исломий халқимизнинг бостириб келган даҳрийлар устидан ғалабасига яқин қолди ва бунинг ортидаги куч Аллоҳнинг мададига бўлган куч ҳамда ўзимизнинг орамиздаги бирлик", дейилади Мулло Умар баёнотида.

"Вақти келиб, биз Исломий, мустақил, мукаммал ва кучли тизимни барпо этишга ҳаракат қиламиз", деган Мулло Умар.

Мулло Умарнинг даъво қилишича, 2001 йилда Афғонистонга ишғол қилиб Толибонни ағдарганларнинг ўзи "ўзларининг стратегиялари мутлақо муваффақиятсизликка учраганини тан олдилар".

Шунингдек, ўзининг чиқишида у жангариларга Толибон низомларига риоя қилиш ва тинч фуқароларга шикаст етказишдан ўзларини олиб қочишга буйруқ берган.

Айримлар фикрича, Мулло Умар Афғонистондаги Толибон ҳаракатининг фақат руҳоний раҳбари сифатида кўрилади, бошқалар эса унинг кунлик жанговор амалиётларга қўмондонлик қилаётганига ишонадилар.

Мулло Умарнинг ҳали Афғонистонда қудратда бўлган Толибон ҳаракатини бошқарган пайтида ҳам яқиндан олинган сурати матбуотда эълон қилинмаган, яқин йилларда ҳам у омма олдида кўриниш бергани йўқ.

Афғонистон Толибон раҳбари Покистон ҳудудида яширинаяпти деб кўрилади, бироқ бу хабарни расмий Исломобод рад этиб келади.

НАТО кучлари Афғонистондаги Толибон устидан узил-кесил ғалабага эришиш мақсадини кўзлаб, мамлакатдаги қўшинлари сонини 150 мингга етказган.

2001 йилдан буён Афғонистон ҳудудида олиб борилаётган ҳарбий амалиётларни таҳлил қилиб чиққан Президент Барак Обама ўтган йили декабрида қўшимча 30 минг қўшин юборишга қарор қилган.

Агар вазият имкон берса, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан 2011 йил июлида олиб чиқиб кетишни бошлаш ниятида.

Ўтган ой гапирган Афғонистондаги АҚШ ва НАТО қўшинларининг қўмондони генерал Девид Петреуснинг айтишича, урушдаги айрим "ҳудудларда олға силжиш"ни кўраяпти ва Толибоннинг асосий қароргоҳ ҳудудлари бўлиб келган Қандаҳор ҳамда Ҳелманд вилоятларида жангарилар кучи қирқилган.

Толибон устидан ғалаба қозонишда ўзининг стратегиясидаги асосий унсур оддий одамларнинг қалби ва юрагини забт этиш бўлишини айтган генерал Петреус.

Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай тинч фуқаролар ўлими олиб борилаётган аксилисёнкорлик амалиётларининг обрўсини тўкади.

Жаноб Карзай АҚШнинг кейинги йил ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишни бошлаш режаси ҳам Толибонга "руҳий дастаклов" бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини айтган.