'Россияда кучаяётган демографик муаммони муҳожирлар ҳисобига ҳал этиш мумкин'

Россиядаги меҳнат муҳожирлари
Image caption 2009 йилда 400 минг кишига Россия фуқаролиги берилган

Россия Федерал Миграция хизмати раҳбари Константин Ромодановскийга кўра, мамлакатдаги демография муаммосини фақат меҳнат муҳожирлари ҳисобига ҳал этиш мумкин холос.

Сабаб - Ромодановский жанобларига кўра Россияда туғилиш муаммосининг кучаяётганидир.

Ўз навбатида Россия расмийлари демография муаммосини ҳал этишда мигрантларга эмас, мамлакат аҳолисига суяниш лозимлигини урғулашади.

БМТ келтирган сўнгги рақамларга кўра, кейинги 40 йил мобайнида Россия аҳолиси камида 10 фоиз қисқариши мумкин.

Россия Федерал Миграция хизмати раҳбари ўз чиқишида, айрим Россия амалдорларининг аҳоли нуфузи кўпаяётганига оид баёнотларини рад этди.

Жаноб Ромодановскийнинг айтишича, Россияда, аксинча туғиш пасайиб бормоқда ва демография муаммосини фақат меҳнат муҳожирларини жалб этиш билан ҳал этиш мумкин.

Олдинроқ Россия соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги мамлакат аҳолиси сони охирги 15 йил давомида илк маротаба ўсганини билдирганди.

Ушбу манбага кўра, ўтган йили Россия аҳолиси қарийб 230 минг кишига кўпайган.

Экспертлар фикрича, ушбу кўрсаткич асосан меҳнат муҳожирлари ҳисобига эришилган.

Россия Федарал миграция хизмати билдиришича, ўтган йили қарийб 400 минг инсонга Россия фуқаролиги берилган.

Айни вақтда Россия Жамоатчилик палатаси комиссияси аъзоси Александра Очированинг айтишича, Россияда демография масаласини ҳал этишда асосан муҳожирларга суянмаслик лозим.

"Менимча биз биринчи навбатда ўз ички заҳираларимиздан фойдаланишимиз керак. Яъни туғилиш сонини кўпайтириш ва ўлим ҳолларини камайтиришимиз лозим. Бундан ташқари аҳоли саломатлигини ошириш, спиртли ичимликлар, сигарет ва гиёҳванд моддалар истеъмолини қисқартиришимиз керак бўлади. Меҳнат мухожирларини, албатта жалб этишимиз лозим. Лекин мигрантлар ҳисобида муаммони ҳал этиш, менимча нотўғри", дейди эксперт Александра Очирова.

Айрим экспертлар Россияда демография муаммосини ҳал этиш учун, яқин 20 йил давомида камида 25 миллион муҳожир жалб этилиши лозим деб ҳисоблашади.

Москвадаги Ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси раҳбари Павел Кудюкиннинг фикрича, муҳожирларни жалб этиш, яъни уларга Россия фуқаролигини бериш билан туғилиш муаммосини ҳал этиш мушкул.

"Энг аввало келаётган меҳнат муҳожирлари оқими чексиз эмаслигини назардан қочирмаслик керак. Бундан ташқари, Россия аҳолисининг табиий камайиши, мигрантларнинг бу ерга келиш-келмаслигига боғлиқ эмас. Муҳожирлар Россия аҳолисининг камаяётгани сабабли бу ерга келишмайди. Улар маҳалий аҳоли бажаришни истамаган қора ишларни бажариш, яъни пул топиш мақсадида келишади. Бундан ташқари Россиядаги миллатчилик кайфиятлари кучаяётгани, меҳнат муҳожирлари ва маҳалий аҳоли орасида кескинликларни юзага келтириши мумкин", дейди Павел Кудюкин.

Қатор Россия сиёсатчилари муҳожирларни жалб этишда, биринчи навбатда руслар ва славян миллатига мансубларга устунлик берилиши лозимлигини таъкидлашади.

Экспертлар фикрларича, аҳоли нуфузи камайишини тўхтиш учун, ҳар бир Россия оиласи ўрта ҳисобда уч фарзандга эга бўлиши керак.

АҚШ даги Population Reference Bureau тадқиқот маркази келтирган охирги рақамлар бўйича ҳозирда Россия аҳолиси тақрибан 142 миллион кишини ташкил этади.

Ушбу тадқиқот марказига кўра, Россия аҳолиси 2025 йилга бориб 133 миллионга қисқариши мумкин.