Тожикистонда қамоқдан қочган яна икки маҳбус қўлга олинди

Image caption Расмийларга кўра, қўлга олинганлар террор амалларини режалаётган бўлишган

Тожикистон пойтахти Душанбедаги миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тергов изоляторидан 23 август тунида қочган маҳбусларнинг яна икки нафари қўлга олинган. Бу билан қўлга олинган маҳбуслар сони олтига етган.

Расмийлар мамлакат жанубида ушланган сўнгги икки маҳбуснинг ёнида ўқотар қуроллар бўлгани ва улар қаттиқ қаршилик кўрсатганини айтишди.

Асли келиб чиқиши Тавилдара туманидан бўлган 33 ва 34 ёшли бу шахслар Тожикистон жиноят кодексининг конституцион тизимга тажовуз қилиш дохил яна бир неча моддалари билан айбланганлар. Тожикистон Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси жамоатчилик билан ишлаш маркази бошлиғи Нозиржон Бўриевнинг хабар килишича, Толибшо Наимов ва Саидусмон Хўжаевлар якшанба куни Хатлон вилоятида қўлга олинган.

"Жиноятчилар қўлга олиш жараёнида Калашников автомати ва Макаров тўппончаси билан қаттиқ қаршилик кўрсатдилар. Амалиёт натижасида жиноятчилардан иккита Калашников автомати, битта Макаров туппончаси, учта қўл гранатаси ва кўплаб ўқ-дорилар тортиб олинган. Илк сўроқ натижалари жиноятчилар мамлакат ичкарисида яшириниб, қатор террор амалиётларини амалга оширишни мақсад қилганликларини кўрсатади," - дейди жаноб Бўриев.

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот ташкилотининг бошқа бир мулозими Би-би-сига Наимов ва Хўжаев мамлакат жануби орқали Афғонистонга ўтмоқчи бўлганини айтди.

Рамазон ҳайити кунида маҳбуслардан доғистонлик Магамет Аҳмедов ва Тожикистон фуқароси Зайдулло Азизовлар Душанбе шаҳар бозорларидан бирида қўлга олинган эдилар.

Бундан сал аввалроқ қочиш ташкилотчиларидан бири деб ҳисобланаётган Иброҳим Насриддинов ва собиқ дала қўмондони Ғаффор Мирзоевнинг укаси Абдурасул Мирзоев қўлга туширилганди.

Расмийларга кўра, қочкинларни қўлга олишда аҳоли фаол ёрдам кўрсатмоқда. Айни вақтда 19 нафар маҳбус ҳозирча ушланмаган. Душанбедаги Би-би-си мухбирининг айтишича, одамлар орасида ваҳима камайгани йўқ.