Тожикистон: 25 маҳбусни 'қочирган' ходимлар устидан жиноий иш

Тожикистон хавфсизлик қўмитаси ҳибсхонасидан 25 нафар маҳбус қочгани муносабати билан Адлия вазирлигининг бир неча ходими устидан жиноий иш қўзғатилган.

Муваққат ҳибсхонадаги тартибсизликлар сабаб аввалроқ Тожикистон хавфсизлик қўмитаси раҳбари ва бир неча масъуллар лавозимидан бўшатилган эди.

25 нафар маҳбуснинг қочишига сабаб бўлган август тунидаги тартибсизликлар юзасидан Душанбе шаҳри Исмоил Сомоний тумани прокуратураси жиниой иш қўзғаган.

Жиноий ишга кўра, Тожикистон Адлия вазирлигига қарашли бир неча ходим қоровул хизмати низомини бузганлик ҳамда хизмат ваколатини суиистеъмол қилганлик айблари билан айбланадилар.

Тожикистон юқори мақомдаги ҳуқуқ-тартибот манбасига кўра, айбланувчиларнинг исм-шарифлари тергов манфаатлари йўлида ҳозирча ошкор этилмайди.

Фақат шу нарса маълумки, айбланувчилар Адлия вазирлигига қарашли ҳарбий қисм хизматчиси 21 ёшли катта сержант ҳамда 19 ва 20 ёшли оддий аскарлардир.

Айблов бўйича, тергов изолятори айрим ходимларининг ўз вазифаларига совуққонлиги сабабли "Қори Иброҳим" лақаби билан машҳур Иброҳим Насриддинов бошчилигида маҳбуслар қуролланишган, қоровулларни ўлдириб қочишган.

Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги майорига ҳам хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш айби қўйилган.

У тергов изолятори ҳудудида ҳамкасбининг "Тойота" русумидаги автомобилини сақлашга рухсат берган ва қочқинлар айнан шу машинадан фойдаланишган.

Ҳозиргача қочган маҳбусларнинг олти нафари қўлга олинган.

Яна 19 нафар маҳбуснинг ҳали ушланмаганлиги аҳоли ўртасидаги ваҳиманинг ҳамон сусаймаётганлигига сабаб бўлмоқда.

Қидирувдаги маҳбуслар орасида Ўзбекистон фуқароси борлиги маълум қилинган.

Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридан бўлган 35 яшар Фурқат Холметов чегарадан ноқоний ўтишда айбланиб қамалган.

Расмийлар қочоқларни тутишда аҳоли катта ёрдам бераётганлигини урғулайди.

Айни вактда тожикистонликлар тергов изоляторидаги воқеа уларнинг ҳуқуқ-тартибот органларига ишончини сусайтираётганлигини айтишади.

Одамлар орасида тартибсизликларда ҳуқуқ-тартибот тизими айрим ходимларининг қўли бор дегувчилар бор.

Сўнгги кунларда эса ҳуқуқ-тартибот ходимлари эҳтиёт чоралари важи билан гуноҳсиз кишиларни ҳам таъқиб қилишаётганлиги урғуланади.

Жумладан, Тожикистон Ислом Уйгониш партияси раҳбарияти партиянинг бир аъзоси Миллий хавфсизлик қўмитаси изоляторида аниқ сабаб кўрсатилмай ушлаб турилгани ҳақида баёнот билан чиқди.