"ОИнинг Марказий Осиё давлатларига нисбатан сиёсати изчил бўлиши керак"

Image caption Янги ҳисобот Оврўпо Иттифоқининг ЎЗбекистон каби давлатларга нисбатан сиёсати изчил бўлиши лозимлигини таъкидламоқда.

БМТнинг Нъю Йоркдаги саммитида иштирок этаётган ЎЗбекистон президенти Ислом Каримов бир қатор Оврўпо давлатлари раҳбарлари, жумладан Олмония канцлери Ангела Меркел ва Бельгия Бош Вазири билан учрашиб ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама этган.

Айни вақтда Оврўпо Иттифоқининг Ташқи Алоқалар Кенгаши чиқарган янги ҳисоботда айтилишича, Оврўпо ва Ғарб давлатлари иносн ҳуқуқлари ва демокартия соҳасида таъсир кўрсатиш қобилиятини йўқотди.

Бунинг сабаблари сифатида қисман глобал иқтисодий инқироз туфайли имконятлар чекланганлиги ва қисман жаҳонда кучлар мувозанати ўзгарганлиги каби омиллар кўрсатилган.

Ана шу омиллардан келиб чиқиб, Оврўпо Иттифоқи ўз ташқи сиёсатида янги стратегияни ишлаб чиқиши керак, дейилади ҳисоботда.

Ана шу манзарада президент Каримовнинг Оврўпо раҳбарлари билан учрашувлари инсон хуқуқлари сиёсати учун нимани англатади?

Сюзи Деннисон ҳисобот муаллифларидан бири.

Сюзи Деннисон:Бу мисол Оврўпонинг ўзбекистон каби мамлакатлар билан алоқасига боғлиқ бир қатор масалаларни ёритади. Биринчиси, Оврўпонинг Ўзбекистон каби режимлар билан сиёсатида изчилликнинг йўқлиги. Бизнинг ҳисоботимиз айнан Ўзбекистонга нисбатан жазо чоралри билан боғлиқ вазиятни кўтариб чиққан. Андижон воқеаларидан сўнг Оврўпо жазо чоралари киритди, аммо энг асосий талаб, яъни холис халқаро тергов ўтказиш талаби бўйича жуда кам илгари силжишга эришилди. 2009 йилда эса бу чекловлар бекор қилинди. Бошқа мамлакатлар Оврўпонинг бу каби муносабатидан сал эсанкираб қолганларини тушунса бўлади. Оврўпо аниқроқ ишоралар бериши керак. Яъни, агар жазо чоралари киритиладиган бўлса, улар реал таҳдидга асосланган бўлишлари керак. Агар талаблар қондирилмаса, унда Оврўпо ана шу таҳдидни амалга оширишини аниқ айтиши керак.

Би-би-си: Оврўпонинг Ўзбекистонга қарши санкциялари иш бермади деяпсиз, лекин Оврўпо Иттифоқи қандай муқобил йўлни тутиши мумкин эди?

Сюзи Деннисон: Биз Оврўпо Иттифоқи аъзолари ўртасида яқинроқ хамкорлик бўлишига чақираяпмиз. Албатта, турли аъзо давлатларнинг турли манфаатлари бор. Ўзбекистон масаласида энг манфаатдор мамлакатлардан бири Олмония эди. Олмония эса, жазо чоралари туфайли Ўзбекистондаги ўз ҳаво базасини қурбон беришга тайёр эмасди. Биз истаётганимиз шуки, Оврўпо Иттифоқи бирор инсон хуқуқлари масаласига муносабат билдиришдан аввал, ўзаро кимнинг қандай манфаати борлиги ҳақида келишиб олиши керак. Агарки, бирор бир қудратли аъзо мамлакат жазо чораларига тўла рози бўлмаса, унда санкциялар маълум муддатгагина киритилиши керак. Масалан, Оврўпо Иттифоқи муддати чекланган жазо чораларини киритиш билан Андижон бўйича ўзбек терговини қабул қилмаслигига ишора қилиши мумкин эди. Тўғри, ўша жазо чоралари киритилганда, Ўзбекистонга қаттиқ ишора берилди, лекин бекор қилинган вақти , ишора тушунарсиз бўлди. Яъни талаблар бажарилмаса ҳам, жазо чоралари бекор қилинди ва Оврўпо ўз сўзида турмайдиган ташкилотдек намоён бўлди.

Би-би-си: Демак сиз анчайин амалий қадам, яъни бирор бир натижага эришилишига ҳаракат қилмасдан, фақатгина огоҳ юборадиган, аниқ муддатли санкцияларга чақираяпсизми?

Сюзи Деннисон: Ҳа, шундай. Албатта буларнинг бари мулоқотга асосланиши керак. Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистон масаласида олдинга силжишнинг энг яхши йўли мулоқот, дея Тошкент билан инсон ҳуқуқлари бўйича диалогни йўлга қўйди. Тўғри, ана шу диалогдан Ўзбекистондаги ўзгаришларни текшириб бориш учун қурол сифатида фойдаланиш мумкин. Аммо ҳозирда бизда пайдо бўлаётган таассурот шуки, бу каби диалоглар бирор бир натижага эришиш учун восита эмас, балки яхши бир натижанинг ўзи сифатида тақдим қилинмоқда. Аввало, диалог бошлашдан аввал нималарга эришиш кўзланаётгани аниқ- таниқ белгиланиши керак. Оврўпо бу диалог фойдали бўлиши учун аниқ қоидаларни ишлаб чиқиши керак, қачонки диалог фақат фикр алмашувга айланиб қолмасин. Бу фикрлар алмашуви барибир ҳаққоний ўтмайди.

BBCUZBEK.COM таҳририяти SMS рақами +447786201124