Собиқ СССР: кимнинг нефти бўлса, нафақасининг чўғи ҳам шунга яраша бўлади

Собиқ Шўро ҳудудларида ҳам нафақахўрларнинг кўнгиллари “одамга ўхшаб яшаш,” чиройли кийиниш ва чет элларга саёҳат қилишни тусаши табиий бир ҳол, албатта.

Лекин амалда эса, буткул тескариси: дори-дармонга пулни қаердан олсаму, ҳеч бўлмаса ҳафтасига бир марта оғзимга гўшт тегармикан, деган ҳаёт…

“Бизнинг кимга керагимиз бор, - дейди 76 ёшли бишкеклик нафақахўр Раида Ивановна. Мен иккинчи гуруҳ ногирониман. Касаллигимдан ҳаммаёғим қақшаб кетаяпти. Ейиш-ичишимни қўятуринг, ҳатто энг зарур дори-дармонга ҳам пулим йўқ,” дейди у.

АҚШ долларига чаққанда, Раида Ивановна ойига 65 доллар нафақа олади. Нафақасининг учдан бир қисми коммунал тўловларга кетади. Ундан ортгани эса, зўрға бир ойлик озиқ-овқатига етади.

Тбилисилик нафақахўр Нуну Кипианининг муаммолари ҳам бишкеклик тақдирдошиникидан фарқ қилмайди: “Агар бир ўзим бўлсам, очлик ва хасталикдан аллақачон ўлиб кетган бўлардим. Бор-йўғи 53 доллар нафақа оламан. Дори-дармонга қаердан етсин. Ҳамма жойим оғрийди. Энди, менга қанча дори-дармон керак бўлишини тасаввур этаверинг,” дейди у.

“Ейиш-ичишимиз ҳаминқадар, - дейди бошқа бир бишкеклик нафақахўр Дамира Чокоева. – Шакар, ун, нон, ёғ,..шу. Агар кўнглингиз кетиб, бир пачка творог ёки бир банка сметана оламан десангиз – 100 сомни қуртдек санаб беришингиз керак бўлади. (Бу – икки доллардан ортиқроқ дегани). Ҳар доим ҳам сотиб ололмайсиз. Ҳафтага бир оғзингизга тегса, шунинг ўзи ҳам биз учун катта гап,” дейди у.

Бунинг устига, Дамира Чокоева – оддий нафақахўр эмас. “Қирғизистон Республикаси қошидаги алоҳида хизматлари учун” хос нафақа олади. Аммо шунда ҳам, нафақаси ойига 115 АҚШ долларини ташкил этади. Ўз вақтида вазир муовини бўлиб ишлаган бўлса-да, кейинги нафақаси келгунча, тийинни-тийинга уриштириб яшайди.

Худди шунга ўхшаш шикоятларни бугун олма ота, ереван, душанбе, баку, минск ва кишиневлик нафақахўрларнинг оғизларидан ҳам эшитасиз.

Кимнинг чўнтаги бақувват бўлса...

Собиқ Шўро ҳудудларидаги ўртача нафақа миқдорига назар ташлайдиган бўлсак, ўз-ўзидан табиий бир манзара ойдинлашади – иқтисоди бақувватларидаги нафақа миқдори ҳаминқадарлариникидан анчагина кўп.

Нефть ва газ заҳиралари туфайли бугун бойваччалардан саналаётган Россия, Озарбайжон ва Қозоғистонда нафақахўрлар энг кўп маош олишади.

Дейлик, Россияда ўртача нафақа миқдори тахминан 250 АҚШ долларини ташкил этса, Озарбайжонда 200, Қозоғистонда эса, 150 долларга етиб қолган. Беларус ҳам улардан қолишмайди. Жорий йилнинг сентябр ойида Беларусда ўртача нафақа миқдори 176 долларни ташкил қилган.

Бошқа собиқ Шўро давлатларининг уларга етиб олишларига ҳали анча бор. Энг кам нафақа миқдори Тожикистонда кузатилса керак. У ерда ўртача нафақа миқдори тахминан 30 долларни ташкил этади. Бўлмаса, нафақахўрларининг сони, ҳатто, ярим миллионга ҳам етмайди. Тожикистон дунёдаги аҳолиси энг ёш бўлган давлатлардан бири ҳисобланади: аҳолисининг қарийб учдан икки қисмини 25 ёшдан кичик бўлганлар ташкил этишади.

Шўролар Иттифоқи даврида одамлар нафақа ёшига етиб ҳам, кўнгиллари тусаса, бемалол ишлашлари мумкин бўлган. Олган нафақалари эса, “қарилик” ва “ўлимлик” учун асраб қўйишга ҳам етган. Миллионлаб нафақахўрлар ана шундай яшашган.

Иттифоқнинг парчаланиши ортидан юз берган инфляция эса, собиқ Шўро давлатларида гиперинфляцияга айланиб, барча нафақахўрлар ва ўрта ёшли одамларнинг жамғармаларини еб юборди. Қанчадан-қанча одамлар муносиб ва тинчгина қарилик гаштини суриш бахтидан мосуво қолишди.