АҚШ қирғиз зўравонликлари туфайли фақат ўзбеклар жазоланмаслиги кераклигини айтган

Image caption Роберт Блейк қирғиз жанубидаги зўравонликлар ортидан Ўш ва Жалолободдаги ўзбеклар аҳволи билан бориб танишганди

АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамичиси Роберт Блейк Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоеванинг жума кунига мўлжалланган Барак Обама билан учрашуви олдидан матбуот анжуманида қатнашиб, АҚШнинг минтақадаги сиёсати борасидаги саволларга жавоб берган.

Жаноб Блейк Марказий Осиё АҚШ учун жуда муҳим эканини таъкидлаб, шу йилнинг ўзида минтақадаги бешта давлатга бир неча бор сафар қилганини айтди.

Унинг айтишича, Марказий Осиё билан мулоқотга қисман Президент Обаманинг ўтган йилдан бошлаб Россия билан яхшилай бошлаган алоқалари ёрдам берган.

Қирғизистон АҚШ учун стратегик аҳамиятга эга эканини айтар экан, жаноб Блек АҚШ учун у ерда бир қатор устивор масалалар борлигини билдирди.

У, аввало, АҚШ Қирғизистон ҳукуматига 10 октябрь парламент сайловларига тайёргарликда ёрдам сифатида 5 миллион доллар ажратганини айтди.

"Иккинчидан, биз июнь зўравонликларида уйларидан айрилган одамларга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишда ҳукуматга ёрдам беришни, ҳамда Ўш ва Жалолободда уйлари вайрон қилинган асосан этник ўзбекларга қиш келишидан аввал уйларини қуришда ёрдам кўрсатишни истаймиз," - деди у.

Роберт Блейк, шунингдек, Қирғизистдаги хавфсизлик вазиятини яхшилаш жуда муҳимлигини айтиб, АҚШ Қирғизистонда Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг полиция маслаҳатчи гуруҳини жойлаштириш режасини қўллаб-қувватлаганини айтди.

Қирғиз жанубида, хусусан Ўш шаҳри ҳокими Мелис Мирзакматов бошчилигида ОХҲТ полиция кучларининг жойлаштирилишига қаршилик кўрсатилиши туфайли аввал режаланган 100 нафарча халқаро полиция аскарларининг келиши кечиктирилган.

Жаноб Блейкка кўра, бу гуруҳ қўрқув остида яшаётган этник ўзбеклар учун далда бўлиши мумкин. У июнь зўравонликлари учун масъул кишилар ҳали ҳам аниқланмагани ва жазоланмаганини айтди.

"Биз, шунингдек, бу кишиларнинг жазога тортилиши ва зўравонликлар сабабларини ўрганиш йўлидаги ҳам ички ва ҳам халқаро терговлар ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз. Бу муҳим ҳаракатларда илгари силжиш бўйича ҳукумат билан музокаралар олиб борилмоқда," - деди АҚШ давлат котиби ёрдамчиси.

Манас базаси ва инсон ҳуқуқлари

Қирғизистондаги Манас ҳаво базаси туфайли Барак Обама қирғиз инсон ҳуқуқлари масаласини иккинчи даражага суриб қўйгани борасидаги даъволарига жавоб берар экан, жаноб Блейк АҚШнинг Марказий Осиё билан мулоқотида инсон ҳуқуқлари муҳим масала эканини айтди.

Жаноб Блейк Ўтинбоева билан учрашувда Обама Манас авиабазасини муҳокама қилиш режаланмагани, аммо Манас Афғонистон йўлидаги транзит маркази сифатида очиқ қолаётгани ва қирғиз ҳукумати уни дастаклашини билдирди.

"Сайловдан сўнг нима бўлишини кўрамиз. Янги ҳукумат қудратга келади. Агар улар бу масалани яна муҳокама этишни исташса, биз бундай мулоқотга очиқмиз," - деди Блейк жаноблари.

Азимжон Асқаров тақдири

Жаноб Блейк Қирғизистондаги асли ўзбек инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаровнинг бир умрлик қамоқ жазосига маҳкум қилинганини қоралади.

"Биз бўлиб ўтган зўравонликларда фақат этник ўзбеклар маҳкамага тортилмаслиги, маҳкама ишлари мувозанатли бўлиши ва айбдорлар жазога тортилишига ишонч ҳосил қилишни истаймиз," - деди у.

У, шунингдек, Азимжон Асқаровнинг апелляция аризаси эркин ва адолатли кўриб чиқилиши ва бунга президент Ўтинбоева маъмурияти алоҳида эътибор беришини, ва жараён қўрқитувларсиз ўтишини Бишкекдан сўраганини айтди.

Азимжон Асқаров қирғиз жанубидаги зўравонликларни видео ва аудио материаллар билан ҳужжатлаштиргани туфайли ҳибсга олинган.

Унинг тергов чоғида дўппослангани ва қийноқларга тутилгани халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан қайд этилган.

Тожикистон

Журналистлардан бирининг Тожикистондаги исломий жангарилар ҳужумлари Афғонистонга ўтиш йўлларига қанчалар таъсир этиши борасидаги саволига жавоб берар экан, жаноб Блейк ҳозирча ҳеч қандай таъсир бўлмаганини айтди.

"Биз буни, албатта, жуда яқиндан кузатиб турибмиз, шунинг учун ҳам Марказий Осиё мамлакатларининг баъзилари билан чегаралардаги хавфсизликни яхшилаш йўлида саъй ҳаракатларни амалга ошираяпмиз," - деди у.