Тожикистондаги ҳужумлар ортида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати турибдими?

Image caption Ўзбекистон Исломий Ҳаракати яқинда ўз раҳбари Тоҳир Йўлдош ҳалок бўлганини тан олиб, янги лидери Усмон Одил эканини эълон қилган

Франс Пресс агентлигининг хабарига кўра, Тожикистон қўшинлари Рашт водийсида бугун ўтказган янги амалиёти натижасида яна уч исломий жангари ўлдирилган.

Мамлакат шарқида жойлашган Рашт туманида ҳарбийлар карвони қуролли ҳужумга учраши ортидан у ерда комендантлик соати ўрнатилганди. Расмий маълумотга кўра, 19 сентябр куни юз берган ҳодисада 28 ҳарбий нобуд бўлган.

Куни кеча Ўзбекистон Исломий Ҳаракати мазкур ҳужум учун масъулиятни ўз бўйнига олган.

Би-би-си минтақадаги исломий жангарилик буйича мутахассис пешоворлик Раҳимулла Юсуфзайдан бу даъволарда қанчалик жон бор деб сўради.

Юсуфзай: Биласизми, одатда жангари гуруҳлар катта ҳодисалар учун масъулиятни ўз бўйнига олишни ҳуш кўрадилар. Ал-Қоида, Толибон ва уларга ўхшаш гуруҳлар бундай баёнотлар билан чиқиб туради. Баъзи баёнотлари ҳақиқатдан йироқ бўлиши мумкин. Иккинчидан, мазкур минтақада фаол бўлган бошқа гуруҳларга ҳам назар ташлашимиз лозим. Лекин, назаримда, Тожикистонда шу даражада фаолият юргизаётган йирик гуруҳлар йўқдек кўринади. Ва биз минтақадаги фаолиятнинг тарихини инобатга олсак, бу ҳужумларни Ўзбекистон Исломий Ҳаракати амалга ошириши эҳтимолдан йироқ эмас деб ишонишимиз мумкин.

Би-би-си: Бу баёнот Тожикистон ҳукумати манфаатига мос келади деб ўйламайсизми? Чунки биз гаплашган баъзи тожикистонлик кузатувчилар қандай қонли ҳужум содир бўлмасин, ҳукумат уни ЎИҲ бажарган деган хулосага келади, деб айтгандилар. Яъни у мамлакат ичидаги бошқа долзарб муаммоларни инобатга олмасликка ҳаракат қилади. Шундай эмасми?

Image caption Таҳлилчилар охирги ҳужумларни Тожикистонда радикал Исломнинг кучайиши билан боғлашади

Юсуфзай: Ҳа, бундай ҳам бўлиши мумкин, минтақада, Тожикистон бўлсинми ёки Ўзбекистон, ҳукумат ҳужумлар учун масъулиятни Ўзбекистон Исломий Ҳаракатга тўнкашга шошилади. Лекин, бу гапларда ҳам жон бор. Чунки ЎИҲ қайта фаоллашган бўлиши мумкин. Шу тариқа Покистон ёки Афғонистонда содир бўлган ҳужумлар учун айб Ал-Қоида ва Толибонга юкланади. Биз тожик ҳукуматнинг бундай ҳаракатларини кутишимиз керак эди. Лекин, бунинг аниқ исботи йўқлигини ҳам инобатга олишимиз керак. Бошқа жанговар гуруҳлар йўқлигида, ҳукумат ўйлайдики, агар улар ЎИҲ аъзоларини айблашса, бу айбловни ЎИҲ қабул қилишга тайёр.

Би-би-си: Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Марказий Осиёдан Афғонистонга ўтиб, у ерда 2001 йилдаги НАТО бомбардимонидан шикаст еб, Покистонга ўтганидан сўнг, анча-мунча заифлашганди. Сизнинг назарингизда, бу ташкилот Тожикистондаги ҳужумларни амалга ошириш учун ўз жойини тез-тез ўзгартириш қобилиятига эгами?

Юсуфзай: Биласизми, сўнги вақтларда жанговор гуруҳлар орасида у ёқдан бу ёққа ўтиш ҳаракатлари, нафақат ЎИҲ балки ал-Қоида ва Толибон исёнчиларидан жуда кўп бўлган. Уларнинг бир жойдан бошқа жойга тезликда ўтаётганларининг сабабини ҳарбийлар уларнинг изига тушгани билан изоҳлаш мумикн. Америка уюштирган учувчисиз учоқларининг ҳужумлари, Покистон армиясининг уларга қарши амалиёт ўтказгани ва чегаранинг нариги тарафида, Афғонистондаги НАТО қўшинларининг қаттиқ ҳужумларини инобатга олиш керак. Яъни жангарилар ўтмишдан кўра, ҳозирда кўпроқ ҳаракатда бўлишлари мажбур. Бошқа томондан, хабарлар бўлганки, Вазиристонда кўп талафотларга учраб, босим остида қолиб кетган ЎИҲ ўзи учун янги панагоҳ топишга уринмоқда. Бошқа хабарларга кўра, ўз сафларига янги жангариларни ёллашга ҳам ҳаракат қилиши мумкин. Бироқ, Вазиристон ва Шимолий Афғонистонда бўлган ЎИҲ жангарилари Тожикистонга ўтганлари борасида бизда аниқ маълумот йўқ. .