Раҳматулло Зойиров:"Тожикистонда давлат тўнтариши юз бериши мумкин"

Раҳматулло Зойиров
Image caption Раҳматулло Зойировнинг ишонишича, Тожикистонда халқ инқилоби учун ҳеч қандай замина йўқ

Президент Раҳмоннинг энг ашаддий танқидчи ва мухолифларидан бири Раҳматулло Зойировнинг айтишича, Тожикистон "ҳар лаҳзада" давлат тўнтариши хавфига рўбарў бўлиши мумкин.

Тожикистон Социал-демократик партияси раҳбарининг ишонишича, бундай тўнтариш "учинчи кучлар" ёки "иқтисодий олигарх гуруҳлар" томонидан амалга оширилиши мумкин.

Раҳматулло Зойировнинг айтишича, Тожикистон шарқидаги Рашт водийсида вазиятни фақат музокаралар йўли билан барқарорлаштириш мумкин.

Ўтган ҳафта бошида Тожикистон Мудофаа вазирлиги Афғонистон чегарасига яқин Рашт водийсига бораётган ҳарбийлар карвони қуроллилар пистирмасига учраганини маълум қилганди.

Расмийларга кўра, натижада камида 23 ҳарбий ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши яраланган. Ҳалок бўлганлар орасида беш зобит борлиги хабар қилинган эди.

Орадан бир неча кун ўтиб мазкур ҳужум учун масъулиятни Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўз зиммасига олди.

Тожикистонда 1992-1997 йиллар оралиғида юз берган фуқаролар урушида Рашт водийси Бирлашган Тожик Мухолифатининг асосий марказларидан бири ҳисобланарди.

Ҳукуматга мухолифатда бўлган Социал-демократик партия раҳбари Раҳматулло Зойиров сешанба куни Душанбе шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида Рашт водийсини "муколама минтақаси" дея эълон қилиш таклифи билан чиқди.

Унинг айтишича, на ҳукумат ва на мухолифат кучлари Рашт водийсида вазиятни барқарорлаштириш учун "хизмат қилмаётирлар".

Раҳматулло Зойировнинг ишонишича, Тожикистонда юз берган сўнгги ҳодисалар уларнинг бир марказдан туриб режалаштирилганлигига гувоҳлик беради.

"Уруш ечим йўли эмас. Ички урушлар тажрибаси собит этдики, бундай вазиятни фақат муколама йўли билан ҳал қилиш мумкин," илова қилди Раҳматулло Зойиров.

У шунингдек Тожикистон шарқида юз берган сўнгги ҳодисалар юзасидан халқаро текширувлар ўтказишга чақирди.

Мухолифат раҳбари Тожикистонда халқ инқилоби учун ҳеч қандай замина йўқлигини айтди. Зеро, деди у, Тожикистон давлати мухолиф кучлар фаолиятини чеклаб қўйган.

Аммо жаноб Зойиров Тожикистонда давлат тўнтариши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Унинг айтишича, бундай хавф Тожикистонга "ҳар лаҳза" таҳдид солиб турибди.

"Ҳар қандай жамиятда икки куч бўлади: бир тарафда давлат, иккинчи тарафда мухолифат. Аммо, иқрор бўлишимиз керак, Тожикистонда учинчи куч ҳам мавжуд. Собиқ қўмондонлар учинчи куч бўла олишмайди, аммо улардан фойдаланишлари мумкин," деди Раҳматуло Зойиров.

Унинг ишонишича, учинчи куч давлат ичкарисидадир.

"Бу жиноятчи кучлар ортида хорижий давлатлар турибди," - деди Раҳматулло Зойиров. - "Бу шахслар ҳар қандай ишга қодир. Тожикистондаги иқтисодий олигархлар гуруҳлари бу мамлакатда давлат тўнтаришини ҳам йўлга қўйишлари мумкин. Бунинг учун бир неча миллион доллар етарли."

Аммо жаноб Зойировнинг айтишича, Тожикистон ҳукумати бундай хавфни ҳис қилмоқда ва сўнгги, жумладан Рашт водийсидаги сўнгги ҳодисаларда "давлат кучларининг ғайримантиқий амаллари" бунинг далилидир.

Айни дамда Тожикистон президенти қошидаги стратегик тадқиқотлар маркази раисининг муовини Сайфулло Сафаров Би-би-си билан суҳбатда мамлакатда давлат тўнтариши юз бериши эҳтимоли имконсиз эканини айтди.

Унинг айтишича, ҳуқуқ-тартибот кучлари Тожикистондаги вазиятни назорат қилишмоқда ва "бундай хавфни бартараф этишга қодирлар".

Аммо жаноб Сафаров Тожикистонга террорчи ва жинояткор гуруҳларнинг таҳдиди катта экани ва шунинг учун ҳуқуқ-тартибот кучларининг фаолияти кучайтирилиши зарурлигини айтди.