Ёнаётган учоқ, пешонага ёзилганлари ва ё "дадиллик учун юз грамм"...

Сурат commons.wikimedia.org дан олинди

Би-би-си Ўзбек хизмати ва Би-би-си Форс телевизиони билан ҳамкорликда тайёрланган “Тожикистон : дин ва дунё оралиғида” лойиҳаси минтақадаги энг жиддий муаммолардан бири – ёшлар орасида радикаллашув сабабларини ўрганишни кўзда тутган эди. Видеолавҳаларни мана бу линклар орқали томоша қилишингиз мумкин.

Тожикистон:дин ва дунё оралиғида 1

Тожикистон:дин ва дунё оралиғида 2

Аммо бугун Гаштакка атаганим бошқа масала, бир қадар шахсийроқ ...шунда ҳам моҳияти мавзудан жуда узоқда эмас. Хуллас, мана имкон қадар бадиийлаштирилмаган ўша ҳикоя:

Пешона, ёнаётган учоқ ва ... дадиллик учун “юз грамм”

Тожикистон пойтахтига Душанбега сафардан аввал камина Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти ташқи ишлар вазирларининг Алматида ўтадиган, мисли кўрилмаган даражада шўрочасига уюштирилган, бир пайтнинг ўзида ўта зерикарли олиймақом учрашувларида иштирок этишим керак эди.

Икки кун деганда бу мажлисбозликни якунладик. Суҳбатлашамиз деб бир – икки вазирнинг ортидан қувганларимиз бесамар кетди.

Шанбада қўлимга чипта тегди. Тожикистон ҳаво йўллари ширкатининг Алмати – Душанбе йўналиши... Табиатан, тушларимда учадиган ва бундан роҳатланадиган бўлсам ҳам, ўнгимдаги парвозлар бундан беш олти йилча аввал рўй берган воқеа туфайли...нима десам экан, хуллас, поездда юришни яхши кўраман!

Собиқ Шўро давлатлари бўйлаб саёҳат қилганлар буни билишади – айрим давлатлар, хусусан, Тожикистоннинг, келинг шу ерда бир ғарблик сайёҳнинг таъбирини келтирай - “ Тожикистоннинг “нафақахўр” учоқлари парвоз қила олиши мўъжизадир...”

Аммо Алматидаги ҳамкасбларимдан бири, “ ҳеч ташвиш қилманг, Якшанба кунлари Алмати – Душанбе ўртасидаги рейсларга “Boeing” қўйишади, “ деб қолди.

Ҳали ҳаво қўналғасига чиқмай туриб “потирлаётган “ юрак бир қадар ором олди. Ҳар қалай, узоғи билан бир ярим соат “Худо” деб чидаб берсам бўлди, ватанга етиб оламан...

Image caption "Россия учоқсозлигини тиклаш керак..."

Кечга яқин меҳмонхонага қайтдим. Лондон ва Алмати ўртасидаги соат фарқиданми, қарийб тонггача кўз илинмади. Телевизионни қўйиб уйдагилар билан “SMS” бозлик қилиб ўтирган вақтим, русларнинг Владимир Жириновский деган сиёсий шумтакаси экранда кўриниб қолди.

Қулоқ тутдим. Жириновский бу гал ( тасодифни ҳам , мавзуни ҳам қаранг!) ҳаво парвозлари хавфсизлиги ҳақида гапирар ва боягина мани юрагимга ором берган “Boeing” ни обдон сўкар, “ Американинг учоқлари ҳар қадамда қулайди, Россияни учоқсозлигини тараққий эттириш керак” деб, келинг, юмшоқроқ айтай, “алжирар” эди. Ваҳимали алжираш эди бу...

Одатда Жириновский бошқа ҳар қандай мавзуда “ алжираса “ ҳам камина ҳеч эътибор бермаган бўларди ва ё мириқиб кулармиди, аммо қурғур, ман учишим керак бўлган учоқ ҳақида, бу учоқларнинг гўё “ ҳар қадамда қулаётгани “ ҳақида гапираётганди...

Ичимда ўйлаганим , “Boeing” қўйиб нима қиласизлар, яхшилар, шу “ ҳар қадамда қуламайдиган “, эски, қадимий, нафақага чиққан “мўъжиза” билан учадиган шўро учоқларидан фойдалансангиз нима қиларди а? Пулингиз ошиб тошиб кетганми? “

Хуллас, амаллаб тонг орттирдим. Кечга яқин аэрапортга йўл олдим.

Соат 19.00 учадиган парвоз аввал бир соатга, кейин икки соатга кечиктирилди. Табиийки, ҳеч ким нимага учоқ парвози кечикаётгани ҳақида йўловчиларга, айниқса Душанбега учадиган йўловчиларга ахборот бериб жонини койитгиси келмади.

Ниҳоят тўққизларда...бизни автобус билан учоқ томон элтишди. Не кўз билан кўрайки, қаршимизда “Boeing” эмас, қадрдон АН-24!

“Учар трактор” лақабли бўлса ҳам, тариллаб қулоқни қоматга келтирса ҳам, нақд осмони фалакда, “чарчадим” қабилида ўзини ташлаб ташлаб юборса ҳам – қуламасдан Душанбега етволсак эди...

Учоқнинг ичи ярим қоронғу. Ичкаридаги чироқларнинг баъзилари ишлаб, баъзилари липиллаб турибди. Иккинчи жаҳон уруши ҳақида филмлар ёдингиздами?

Аммо бу “Boeing” эмас, қадрдон АН-24! Одамлар югуриб, ишлаб чиниқадиган бўлса, бу учоқ қирқ эллик йил бадалига бирор марта қуламаган, қуёшда тобланган, шамолларда, булутларда етилган, ёмғир эмас, тош ёғса ҳам манзилига етадиган, Худо ҳоҳласа!

"Камарларингизни тақинг" ва ё " ишламаса боғланг, амаллаб!.."

Билган билмаган дуоларимни ўқидим. Йигирмадан энди ҳатлаган стюардесса -қизалоқ одатдагидай хавфсизлик ҳақида ёдлаб олган нутқини амаллаб ирод қилди. “Камарларингизни тақинг!”... Аммо мани камарларим ишламас эди. Йигирмадан ортиқроқ йўловчимиз, жойлар бўм-бўш, секин қаршимдаги ўриндиққа кўчдим. Яна ишламади. Қизгинани чақирдим. “Қаранг, бу камарлар ишламаяпти да...” У эса бошқа ўриндиққа ўтириб кўринг деди. Яна алмаштирдим жойимни, яна ишламайди... Қолган йўловчилар ўзлари билан ўзлари банд, кимдир шунчаки ташлаб қўйган камарини, кимдир умуман камарсиз. Кимдир аллақачон хуррак отишни бошлаган. Кимдир телефонда...Хуллас, камарни қўлбола қилиб тугиб боғлашдан бошқа чора қолмади.

Стюардесса эса атайдан қилгандай ҳар бир ўтирган йўловчининг камарига кўз югуртирар, аммо ҳеч кимга “тақиб олинг, тақмабсиз” деб дакки бермас эди. Ниҳоят менга навбат келди. Аълочилик қилиб, йўлини топиб олган эмасманми, унга қандайдир ички фахр билан қарадим, тилимга чиқмагани эса “ қаранг, синглим, Сизнинг буйруғингизга итоат этган ва камарини тугиб олган фақат ман эканман...” Қизгина эса аввал тугунга кейин манга қаради...Эҳтимол у ҳам тилига чиқармагандир, аммо “ намунча...парашют олиб келиб, белингизга тақиб қўяйми?”...

Хуллас, шивалаб турган ёмғир, ман ва эҳтимолки ортимдаги афтидан ва лаҳжасидан эронлик бўлган амакининг дуолари остида АН-24 парвоз қилди.

“Boeing” бир ярим соат учса, икки соат учар деган хаёл билан соатимга қарадим. Стюардесса эса парвоз вақти уч ярим соат эканлигини айтиб қолса бўладими шунда... Тушиб кетолмайман, поезд юрмайди бу икки мамлакат пойтахти орасида, вақтим тиғиз ва бу ёғи “ отим ориқ, манзил йироқ...сувлар тошқин...” ва ё жон битта, бу ҳам етмагандай у жуда ширин!

Майли, дедим ўзимга ўзим, кечаси яхши ухламаганман, чарчаганман, бир кўз илинса Душанбеда бўламиз, ИншоОллоҳ...Мизғиш илинжида ўриндиққа бемалол суянганимни биламан, ғийқиллаган товуш билан орқага “йиқилдим”...Ўриндиқнинг суянчиғи ҳам синган ва ман ортимдаги йўловчининг ўқиётган газетаси узра “чўзилиб” қолибман. Узримни айтиб турдим, стюардессани чақирдим. Бу дунёда ҳеч нарсадан ажабланмайдиган икки зот бўлса, бири мана шу – Тожикистон ҳаво йўлларининг Алмати – Душанбе йўналишига қўйилган АН-24нинг стюардессаси, агар битта бўлса бу ҳам мана шу қаршимдаги манга Қарши Қиз! “Бошқа жойга ўтира қолинг, жой кўпку!..” Ёки буни ҳам “таржима” қилсак, “ ўзини ким деб ўйлайди а булар, нима Араб Амирликларига биринчи классда саёҳат қилаяпсизми, акожон! “

"ЁНАЯПМИЗ!"

Ўрнимни алмаштирдим. Аммо бу гал ўнг қанот ва парракнинг ёнида эдим. Ҳарна деразага яқинман... Томоша қилиииб дегандай, лекин томошага арзигулик ҳеч нарса йўқ. Қоронғулик. Бирдан... буёғини эсласам ҳам, ёзсам ҳам юрак қурғур томоққа тиқилиб қолади. Мана шу АН-24нинг паррагими, моторими, ишқилиб парракли нимарсанинг орти гуриллаб ЁНИШНИ бошлади. ЁНМОҚДАМИЗ. УЧОҚ ЁНМОҚДА. Учоқ ичида ман ҳам борман ва у ЁНМОҚДА!!! Бақираман, ҳаммани огоҳ этаман дейману, гапиролмайман, аллақандай хириллаган овоз чиқади бўғзимдан, холос. Музлаб қолдим. Тамом деб ўйладим. Лекин эҳтимол бақиролсам, огоҳлантиролсам Чимкентларга етиб қолган бўлсак, секин қўнар Жириновскийларнинг бу шалоғи чиққан матоҳи...Ичимда билган билмаган калималарни қайтара бошладим. Ортимда ўтирган эронлик амаки ҳам калима қайтарар, ранги оппоқ... Кўзим стюардессага тушди. Тўғрироғи, уни базўр ҚИДИРИБ ТОПДИМ! Икки ўриндиқ нарида иш одамларидай пўримроқ кийинган йигитлар билан нималарнидир ҳиринглаб гаплашар, ҳали замон режаланмаган жойга беўхшов “қўниб” қолишимиздан бехабар эди... Охири икки уч сўз оғзимдан чиқди. Русча. Таржимаси юмшоқроқ чиқади – “ Қизгина, қаранг, ёнаяпмиииииз! “ Иккинчи бор “ Ёнаааапмиззззз!!!!” Ниҳоят, унинг назарида учоққа чиққанидан бери норозилик билдираётган нусхага нигоҳ ташланди. Нигоҳ эмас БОМБА! Автобус бўлганида бу қизалоқ мани ва ортимда қалтираб калима қайтараётган эронлик йўловчини аллақачон тушириб юборган бўларди. АХИР ЁНАЯПМИЗ, ҚАРАНГ!!

Ман, эронлик ва стюардесса дохил ўн чоғлик одам деразалардан ўнг томонга қарашди. АНА АЙТМАДИММИ, ЁНАЯПМИЗ! Стюардесса ман томонга ўгирилди, айтгани бир жумла “ Ҳа, шунга шунчами, доим шунақа бўлади, ёнади ўзи доим моторнинг орқаси...” Ташқарида “моторнинг орқаси “ гуриллаб ёнмоқда, бунинг гапини қаранг а, доим шунақа бўлармиш, доим ёнармиш... Ҳалигина деразага қадалиб турган ўн кишининг йигирмата кўзи, алоҳида алоҳида бўлиб, кейин биргаликда манга қадалди энди... Худди ман “ моторнинг орқасига “ ўт қўйиб томоша кўрсатаётгандай. Кимдир пиқиллаб кулди. Кимдир...Юрагимнинг уришини ҳамма эшитар эди, азизлар, агар мана шу учаётган тракторнинг шовқини бўлмаса! Олдинги ўриндиқда ҳалироқ стюардесса билан гурунг қилиб турганлар яна гапга киришишди. Эронлик калима қайтарарди. Аммо энди нисбатан сокинроқ бир шаклда...

Шунда пўрим кийинганлардан бири ман томонга ўгирилди. Тожик тилида

“ рангинг оқариб кетибди, братан, мусулмонмисан? “ деб сўради. “Алҳамдулиллаҳ, мусулмонман...”дедим. “ Эй, братан, мусулмон бўлсанг, нимадан қўрқасан, Оллоҳ истаса учамиз, истаса қўнамиз, истаса қулаймиз ҳаммаси унинг ихтиёрида!"

Очиғи, мулзам бўлдим. Кейин эса “тебса тебранмас” стюардессага нимадир деди. Орадан кўп ўтмай қаршимда бу қиз жилмайиб турар, қўлида патнис, патнисда кичик шишачада ароқ , бир стакан салқин ичимлик ва сўрадиган “Барбарис” аталмиш қанд! Ҳалиги пўрим йигит манга қараб, қани ол, сал юракка қувват беради, братан дейди. Бу одамга ман беш дақиқа аввал мусулмонман деб қўйганман яна... “Узр, ман ичмайман, аммо мана шу қандни оламан” дедим. “Йўғ-эй, “ у ёнидаги бошқа бир пўрим дўстига ўгирилди, “ қара, жўражон, бу братан, ростакамига мусулмон экан! “ Кулишди. Кулишдик. Ароқни улар, қандни ман “истеъмол” қилдик.

Уч соатдан ўтар ўтмай, стюардесса қизимиз, қулоққа ёқадиган бир жумла сухан қилдилар. “ Камарларни тақинг, бироздан кейин Душанбе аэрапортига қўнамиз!” Камарларни тақмадик, мўъжиза билан Душанбега қўндик. Одоб билан учувчини кутдик. Ҳамма қарсак чалишни бошлади. Йигирмадан ортиқ йўловчи орасида икки киши туриб қарсак чаларди. Кафтларидан ўт чиқиб кетгудай бўлиб... Бири ман, бири эронлик йўловчи эди.