Қирғиз жанубидаги зўравонликлар ортидан матбуот эркинлиги қай даражада?

Қирғизистонга сафар қилган Оврўпо Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Моррел Олий Маҳкама раиси вазифасини ўтовчи Феруза Жамашева билан учрашув мобайнида ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровга нисбатан чиқарилган умрбод қамоқ жазоси ҳукмидан ўз хавотирини изҳор этган.

Жаноб Моррел Азимжон Асқаров апелляцион аризасини кўриб чиқиш жараёнида ҳамма процессуал қоидаларга риоя қилинига умид қилишини билдирди.

Айни вақтда Қирғизистон жанубида июн ойида рўй берган тўқнашувлар вақтида этник низо қўзғаш айблови билан ҳибсга олинган журналист Улуғбек Абдусаломов соғлиғи ёмонлашгани туфайли уй ҳибсига ўтказилган.

Зўравонликлардан сўнг ўтган бир неча ой мобайнида Қирғизистон жанубидаги вазиятни ёритишда журналистлар не қадар озодлар?

Би-би-си билан суҳбатлашган Московский Комсомолец в Киргизстане рўзномаси бош муҳаррири Улуғбек Бобоқуловга кўра, асосий муаммо ўзбек ва қирғиз журналистларнинг ўзаро алоқа қилмаслигида.

Бобоқулов: Қирғизистон жанубида журналистларнинг фаолият олиб боришига ҳукуматдан ҳеч ким ҳалақит бераётгани йўқ. Бунинг учун Ўш вилоят маъмурияти қошида махсус ахборот мувофиқлаштириш маркази ҳам тузилган. Менинг ўзим ўтган ҳафта у ерда бўлиб, ҳам ўзбек ва ҳам қирғиз журналистлари билан гаплашдим. Муаммо бошқа нарсада. Журналистлар моноэтник. Яъни моноэтник нашрларда ишлашади. Албатта, улар кўришганда салом-алик қиладилар, мавзуларни муҳокама қилишади. Аммо, иш жойларига қайтгач, истар-истамай, ўзлари мансуб бўлган этник гуруҳга тортиб кетишади. Шундан кейин ўзларига яқинрок бўлган ахборотни берадилар. Яқинлик, миллатдошлик маъносида. Бу биринчидан, иккинчидан эса, улар бошқа миллат яшайдиган жойга боришдан қўрқишади. Масалан, қирғиз журналистлари ўзбеклар, ўзбек журналистлари эса қирғизлар зич яшайдиган мавзеъ ва ҳудудларга боришдан чўчийдилар. Шунинг учун ҳам қўрқув ва бир томонлама ахборот ҳукмронлик қилмоқда. Менга анча осон, чунки мен ўзбекчада ҳам, қирғизчада ҳам бирдек гапирганим учун ҳар икки томон менга дардларини тўкиб солишади, бир-бирларига лой чаплайдилар. Муаммо кўпроқ Қирғизистон шимолидаги журналистларда. Шимолда қирғиз журналистлари кўпчилик бўлгани учун уларнинг мақолаларида миллатчилик руҳи кучли, ҳатто нацистларча чақириқлар ҳам эшитилаяпти.

Би-би-си: Бу вазиятга кимдир эътибор қаратаяптими, қирғиз жамиятида бу муҳитни яхшилаш юзасидан мунозаралар борми?

Бобоқулов: Прокуратура ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари бу ҳолатни кўрмасликка олаяпти. Асосан, халқаро ташкилотлар бу вазиятга эътибор қаратишаяпти. Масалан, яқинда Россиянинг Бишкекдаги элчихонаси қирғиз матбуотидаги қатор миллатчилик чиқишлари юзасидан хавотир билдирилган бир баёнот билан чиқди. Қатор нуфузли халқаро нашрлар, масалан Дэйли Телеграф ҳудди шу мавзуда мақолалар эълон қилишди. Аммо, маҳаллий таҳлилчилар бўлса, яна ўзлари истар-истамай, ўз миллатларига оғиб, Россия элчихонасини Қирғизистонда аслида мавжуд бўлмаган миллатчиликни кўраётганликда айбладилар. Уларга кўра, аслида Қирғизистонда ҳеч қандай миллатчилик йўқ. Гўёки бор нарса миллатчилик эмас, балки ватанпарварликдир ва ҳоказо.

Би-би-си: Сиз журналистларга босим йўқ деяпсиз. Аммо, Улуғбек Абдусаломовнинг мисоличи? У нима учун ҳибсда ўтирибди бўлмаса?

Бобоқулов: Мен бундай деяётганим йўқ. Мен журналистлар томонидан муаммонинг ёритилишида босим йўқлигини назарда тутдим. Бу икки ҳил нарса. Журналистларга босим деганда давлат идоралари томонидан босимни тушунамиз. Шундай эмасми? Ҳозирги ҳукумат бунга бораётгани йўқ. Чунки яқин ўтмишда, Бакиев даврида президент девони матбуотга ўтказган босимларининг оқибатлари ҳамманинг ёдида. Журналистларга тўғридан-тўғри босимга келсак, бу нарса маиший даражада мавжуд. Масалан, таҳририятга телефон қилишиб, "эй сен, сассиқ сарт, нима учун ўзбекларнинг фикрини бераяпсан, нима учун ўзбекларга сўз бераяпсан, сени ўлдириш керак" қабилидаги таҳдидларни айтишади. Албатта, буларнинг ҳаммаси ёқимсиз. Аммо, мен буни маиший даражада юз бераётган ҳолатлар деб биламан. Ҳозирча. Келажакда нима бўлишини вақт кўрсатади.