"Россия чегарачилари Ўшга жойлаштирилади" - Коммерсантъ

Image caption Қирғизистон ҳукумати ўз қўшинларига дастак сўраб Россияга июн ойида мурожаат қилган, аммо сўрови қондирилмаганди

Яқин кунларда Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати чегара қўшинлари уч ой аввал этник зўравонликлар қурбонига айланган Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига жойлаштирилади.

Бу ҳақида Москвада чоп этилувчи Коммерсантъ рўзномаси хабар қилган.

Мақолада айтилишича, Қирғизистонга сафар қилган Федерал Чегара Хизматининг директори Владимир Проничев қирғиз чегарасига яқин ҳудудларда турли миллатга мансуб жиноий гуруҳларнинг фаоллашгани хавотирларга сабаб бўлаётганини айтган. Унга кўра, чегарага яқин ҳудудларда фаоллашган жиноий гуруҳлар орқали гиёҳванд моддалар ва ноқонуний муҳожирлар ташиш йўлга қўйилган, ҳамда улар барпо қилган базаларда "террорчи гуруҳлар" тайёргарликдан ўтмоқда.

Рус чегарачилари Ўшга Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг полиция миссиясидан аввалроқ жойлаштирилиши кутилади.

Россия чегарачиларининг тезкор гуруҳини Ўшга жойлаштириш бўйича қарор жаноб Проничевнинг Қирғизистонга икки кунли сафари чоғида эълон қилинган.

Жаноб Проничев Россия қўшинлари 40 чегарачи аскардан ташкил топишини айтган. Улар Бишкек яқинидаги Ново-Покровка қишлоғида доимий жойлашган 60та рус аскарлари таркибидан олинади.

Қирғизистон муваққат ҳукумати Ўшга ҳарбийлар киритилишини сўраб Москвага ҳали июнь ойида, қирғиз ва ўзбек миллатига мансуб аҳоли ўртасида қонли тўқнашувлар авж олган вақтда, мурожаат этганди.

Бироқ, Россия Президент Роза Ўтинбоеванинг бу мурожаатини Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига оширган ва масала муаллақ қолганди.

Россиянинг Ўшга чегарачиларни жойлаштириш қарори расмий Москва Қирғизистон билан алоқасини қайта кўриб чиққанидан дарак беради.

Айни дамда, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг полиция маслаҳатчи миссияси октябр ойида қирғиз жанубига келиши кутилмоқда, аммо аниқ сана белгиланмаган.

Қирғизистонда 10 октябрга мўлжалланган парламент сайловлари олдидан хавфсизлик чоралари кучайтирилаётгани кузатилади.