Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўшда Каримовнинг БМТдаги маърузасини мобил телефонларда эшитишаяпти

Қирғизистон жанубидан келаётган хабарларга кўра, Ўш ва Жалолобод вилоятларидаги этник зўравонликлардан деярли тўрт ой ўтиб, Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўзбек миллатига мансуб инсонларнинг ҳуқуқлари топталиши давом этмоқда.

"Ўзбекларни одам ўрнида кўрмаяптилар. Уриб-суриб, пулларини олишаяпти", дейди ўшлик инсон ҳақлари фаоли Равшан Гапиров.

У бир кунда ўзбекларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилаётгани ҳақида бир неча хабарлар олаётганини айтади.

"Буни босиб кетди, мана буни олиб кетиб қолишди", деб қўнғироқлар қилишади, дейди Равшан Гапиров.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячисининг айтишича, ўзларига нисбатан бўлаётган тазйиқлардан ўзбеклар янада қўрқиб қолишган, боиси юз берган воқеа ҳақида хабар берилганидан кейин босимлар янада кучайяпти.

"Шунинг учун одамлар ўзларига тазйиқлар ҳақида хабар беришдан ҳам чўчиб қолишган", дейди Равшан Гапиров.

Бундай ҳолларни ҳужжатлаштириб келаётган Ўшдаги "Адолат ва Ҳақиқат" инсон ҳуқуқлари маркази раҳбари Равшан Гапировга кўра, Қирғизистон раҳбариятига йўллаётган мурожаатномалари жавобсиз қолаяпти.

Жаноб Гапиров, "ўзбеклар эмас, инсонлар тахқирланишини тўхтатинг!" деб бу сафар Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга мактуб йўллаган.

Равшан Гапировнинг айтишича, Ўзбекистон президенти Каримовнинг БМТ саммитида қирғиз зўравонликларини қоралаб қилган маърузаси қўл телефонлари орқали ўшликлар орасида оммавийлашган.