Афғонистонда гаровга олинган британиялик ўлдирилди

Линда Норгров
Image caption Линда Норгров 36 ёшда эди

Афғонистонда гаровга олинган британиялик кўмак ташкилоти ходимаси қутқариш амалиёти пайтида ўлдирилган.

Линда Норгров Американинг "Ди-эй-ай" номли ёрдам ташкилотида ишлаган.

Линда Норгров 2 ҳафта олдин ўғирлаб кетилганидан кейин, унинг қаерда эканини аниқлашга қаттиқ ҳаракат қилинди.

Кўнар вилоятининг узоқ ва етиб бориш қийин тоғли ҳудудларида уни топиш учун Британия, Афғонистон ва бошқа мамлкатлар жосуслик хизматлари бирга иш олиб бордилар.

Норгров хонимни бу қишлоқдан у қишлоққа кўчириб олиб юришди.

Бу масалага Британия Бош вазири, Тшақи ишлар вазири аралашишган, уни қутқариш амалиётига рухсат этилган.

Қутқаришга Америка қўшинлари жалб этилган.

Нима ҳодиса юз бергани тафсилоти аниқ эмас, аммо қутқариш пайтида Линда Норгров ўлдирилган.

У 36 ёшда бўлиб, Афғонистонда бир неча йилдан буён фаолият юритиб келарди.

Ўзининг баёнотида Британия Ташқи ишлар вазири Уилям Хаг гаровгирларни айблади, деб хабар қилади ВВС мухбири.