Тожикистондаги беқарорликларда учинчи кучлар айбдорми?

Image caption Тожикистон парламенти Раштдаги ҳужумга илк бор муносабатини билдириб чиқди

Тожикистон шарқидаги Рашт водийсида ҳарбийларга қарши уюштирилган ҳужумда ўнлаб аскар ва зобитлар қурбон бўлганидан 11 кун ўтиб, мамлакат парламенти юз берган ҳодисаларга ўз муносабатини билдирган.

Баёнотда адашиб жиноий гуруҳларга кирган ёшларнинг тинч ҳаётга қайтишлари сўралган.

Парламент вакиллари Тожикистондаги воқеаларда ташқи кучларнинг қўли бор, деб урғулашган.

Ташқи куч

Тожикистон парламенти вакиллик палатаси раиси Шукуржон Зухуров мамлакатдаги сўнгги сиёсий вазият устида тўхталиб, қатор беқарорликларда хорижий кучларнинг қўли борлигини таъкидлади.

"Марказий Осиё дунёнинг айрим мамлакатлари учун гео-политик ва гео-стратегик манфаатлари йўлидаги кураш майдонига айланган," деди мулозим.

Жаноб Зухуруов ўз чиқишида Камароб дарасида ҳалок бўлган аскар ва зобитлар яқинларига ҳамдардлик билдирди.

У тез орада Раштда вазият ўнгланиши, тинчлик-осойишталиккка раҳна солмоқчи бўлган ҳар бир жиноятчи эса албатта жазоланишини урғулади.

"Лекин янглишган шахслар ва хусусан, адашган ёшларни жиноят йўлидан қайтишларига чақирамиз," деди Шукуржон Зухуров.

25 нафар аскар ўлимига сабаб бўлган Камароб дарасидаги пистирмадан уюштирилган ҳужумдан сўнг Раштда вазият кескинлашган.

Воқеадан сал аввалроқ давлат мулозимлари ва собиқ мухолифатчи Мирзахўжа Аҳмадов ўртасидаги музокаралар бўлганди.

Бунда собиқ дала қўмондони минтақага ҳарбий кучлар киритилаверса, улар қайтадан қўлларига қурол олишга мажбур бўлишлари билан огоҳлантирганди.

Ҳарбийлар 23 август тунида Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасидан қочган маҳбусларни қўлга олиш учун йўлланганлиги эълон қилинган.

Сўнгги расмий хабарларга кўра, айнан Мирзахўжа Аҳмадаов гуруҳи аъзолари деб айтилаётган кишилардан 10 га яқини ҳалок этилган, яна бир нечтаси эса ҳибсга олинган.

Ўша давлатлар кимлар?

Image caption Муҳиддин Кабирий сўнгги беқарорликларда хорижий кучларнинг қўллари бор дейди

Парламент депутати, Тожикистон Ислом Уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий мамлакатдаги сўнгги беқарорликларда хорижий давлатлар қўли бор, деган фикр далил-исботга эга деб айтади.

- Қўли бор давлатларнинг номи айтилмаганлиги бу давлатлар Тожикистоннинг ички ишларига бундан буён аралашишдан ўзларини тийсинлар, деган андишада, шунингдек, масалани қурол ишлатмасдан ҳал этишга қаратилган эди. Агар ўша давлатлар мамлакат ички ишларига аралашишни яна давом эттирсалар, шунда уларнинг номларини ошкор этишга тўғри келади, деди Муҳиддин Кабирий.

Парламент мажлисида, "беқарорликда қўли бор давлатлар," ибораси билан бир қаторда "Тожикистон равнақини кўролмайдиган давлатлар," ҳақида ҳам сўз борди. Гарчи бундай давлатлар номи ҳам очиқ айтилмади.

Парламент вакили, Тожикистон Коммунистлар партияси раҳбари Шоди Шабдолов шундай давлатлар сирасига Ўзбекистон киришига ҳам ишора қилади.

"Далил ва фош бўлган оддий мисолни келтирсак, Роғун қурилишига нега бунча қаршилик билдиришади, нега Ўзбекистон чегарасидан поездлар ўтишида бунчалик монеъликлар бор, нега қиш ойларида табиий газ беришни тўхтатиб қўйишади," деди Шабдолов.

Қатор кузатувчилар шусиз ҳам таранглашган Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларини бу хил чиқишлар янада кескинлаштиришини таъкидалашади. Алла-оқибатда икки томондан ҳам оддий халқ қийналади, дейишади улар.

Исмини ошкор этишни истамаган ўзбекистонлик мулозимга кўра, Тожикистондаги воқеалар Ўзбекистон халқи ва раҳбариятини ҳам хавотирга солган. "Қўшнинг тинч, сен тинч," дея сўзини якунлади суҳбатдош.

Тожикистондаги мустақил нашрлар эса, 1997 йилдаги ҳукуматнинг ваъдаларига ишониб, яраш битимини имзолаган собиқ мухолифатнинг саноқли фаолларини йўқ қилиш амалиёти давом этаётганлиги ҳақида ёзмоқда. "Ана шуни хаспўшлаш учун ташқи кучлар ҳақида гапирилмоқда," дегувчилар ҳам бор.