Ишчи кучи етишмайдиган Тожикистонда бу йил пахтани ким термоқда?

Image caption Тожикистонда бу йилги мавсумда ҳам оммавий сафарбарлик у қадар кўзга ташланмайди

Шимолий Тожикистонда икки йилдан бери расман олий ўқув юртлари талабалари ва мактаб ўқувчилари пахта теримига чиқарилмаяпти.

Лекин жорий йилда мактаб ўқувчилари ҳордиқ кунлари ва дарсдан сўнг пахта теришаётгани ҳақида хабарлар бор.

Айни бир пайтда Суғд вилояти қишлоқ хўжалик бошқармаси раҳбарлари бу йил жаҳон бозорида пахта нархининг ошиши теримда қатнашаётганлар сафини кенгайтирганини айтишган.

Кузатувчилар фикрича эса, иш ҳақи озлиги ва вақтида берилмаслиги боис кўп деҳқонлар Россияга кетиб қолишган.

Ишчи кучининг кескин етишмаслиги учун пахта теримига бюджет ташкилотларида ишлайдиган кишилар ҳам сафарбар этилган.

Шимолий Тожикистонда олдинги йиллардагидек олий ўқув юртлари талабалари ва мактаб ўқувчиларини пахтага ялпи сафарбар этиш кўзга ташланмайди.

Аммо

Лекин Ғафуров туманида яшайдиган Латофат Нарзиеванинг айтишича, мактаб ўқувчилари ҳордиқ кунлари пахтага олиб борилмоқда.

"Айни пайтда ҳам мактаб ўқувчиларини пахта теришга олиб боришмоқда. Масалан, менинг синглим дам олиш кунлари пахтага бормоқда. Пахтага борма десак, у муаллимлар бизни пахтага боришга мажбур қилишади, ким келмай қолса, уришишади," деб ёзғиради Латофат.

Кузатувчиларнинг айтишларича эса, пахтакор туманларда мактаб ўқувчилари фақатгина дам олиш кунлари эмас, тушдан сўнг ҳам пахта теримига чиқарилмоқда.

Агар об-ҳавонинг совуши сезилса, олий ўқув юртлари талабалари ҳам теримга олиб чиқилиши мумкин, бунда ёшларнинг ўзлари ташаббус билан чиқишди, деб айтилади, дейди ёш сиёсатшунос Илҳом Раҳимов.

Хўжанд Давлат дорулфунуни толибаси Олима Ўроқова мактабда ўқиб юрганида пахта терганини, агар зарур бўлса, ҳозир ҳам пахтакорларга ёрдам бериши мумкинлигини айтди:

-Ҳозир пахта тераётганлар орасида деҳқонларга қараганда ҳашарчилар кўпроқ. Жумладан шифокорлар, бошқа бюджет ташкилотида ишлайдиганлар, ишчилар ҳашарга чиқишган.

-Мактаб ўқитувчиларини ҳам теримга чиқаришмоқда, лекин мактаб директорлари биров сўраб қолса, ўз ихтиёримиз билан далага чиққанмиз, деб айтинглар, дея уқтириша-ди, дейди собиқ муаллима.

Бу йил пахтачилик билан шуғулланадиган Австралия, Хитой, Мексика, Бразилия каби давлатларда пахта етиштириладиган майдонларнинг камайганлиги боис жаҳон савдо биржаларида пахта толаси нархи ошган.

Пахта нархи

Суғд вилояти қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиғи муовини Рустам Раҳимов, "Бундан аксарият деҳқонларимиз ютишмоқда. Чунки Ливерпул биржасидаги нарх-навони оладиган бўлсак, пахта котировкаси 112 бўлса, бу деҳқон учун бир тонна пахта толасидан бир ярим минг доллар пул қоляпти дегани," дейди у.

Масъулга кўра, бу кўрсаткич ўтган йилдагига қараганда икки баравар кўп бўлиб, бундан деҳқонлар катта фойда кўришади. Буни яхши тушунган деҳқонлар об-ҳавонинг қулай кунларидан фойдаланиб, пахтани тез, тоза ва сифатли териб олишса, албатта, ўз бюджетларини бойитишади. Деҳқонлар бу билан фақатгина ўз хўжаликлари эмас, балки вилоят, мамлакат иқтисодини ривожлантиришга ҳам ҳисса қўшишади. Ҳозир далаларда 58 минг нафарга яқин ҳашарчи ва деҳқон пахта термоқда.

У тола нархи ошиши деҳқон кўрадиган фойдани кўпайтиришини ҳам таъкидлайди:

"Таҳлилларнинг кўрсатишича, 1 гектар пахтазорга хўжаликлар 500 дан 600 долларгача сарфлашган бўлишса, бугунги нархлашга кўра, пахтакорлар 1 тонна пахта толасини сотишдан қайта ишлаш ва ҳосил етиштириш учун сарфланган харажатлар чегириб ташланганда, 850 доллардан 1000 долларгача фойда кўришади," дейди Рустам Раҳимов.

Лекин ўзи ҳам пахта экиш билан шуғулланган журналист Абдурасул Мамадалиевнинг айтишича, тола нархининг ошиши билан деҳқоннинг елкасига офтоб тегмайди.

Чунки кейинги икки йилда сув, техника, унинг эхтиёт қисмлари, мойлаш-ёнилғи ашёлари, айниқса минерал ўғитларнинг нархи ошиб кетган, дейди журналист.