Асқар Акаев: 'Қирғизистондаги сиёсий вазият мени қизиқтирмайди'

Image caption Қирғизистоннинг биринчи президенти сиёсатдан умуман узоқлашганини айтмоқда

Собиқ қирғиз президенти Асқар Акаев Би-би-си Ўзбек Хизмати билан бўлган суҳбатида Қирғизистондаги сиёсий вазият уни қизиқтирмаётгани ва умуман сиёсатдан узоқлашганини билдирди.

Қирғизистоннинг илк президенти бўлган жаноб Акаев айрим қирғиз сиёсатчиларининг ўзига нисбатан жиноий иш қўзғатиш режаларидан ҳам бехабар эканлигини таъкидлади.

Асқар Акаев ва унинг оиласи 2005 йил 24 мартдаги "Лола инқилоби"дан сўнг Москвага қочишга мажбур бўлганди.

Қирғизистонни 15 йил бошқарган жаноб Акаев ҳозирда Ломоносов номидаги Москва Давлат университетида математика фанидан дарс беради. - Қирғизистондаги вазият борасида сизга ҳеч нарса дея олмайман. Чунки мен 6 йилдан буён Қирғизистонда эмасман. Ҳокимият учун курашаётган янги элита ва уларнинг дастурлари ҳакида бирор тушунчам йўқ. Мен ҳозир ватандан узоқдаман. У ердаги вазият борасида бирор нарса дейишим қийин, деб айтди Асқар Акаев. Қирғизистондаги парламент сайловларида қатнашаётган номзодлар ҳақида фикрингиз қандай деган саволга, Асқар Акаев бирор партия ёки сиёсатчини қўллаб-қувватламаслигини урғулади.

-Сайловларга қатнашаётган номзодлардан бирортасини ҳам танимайман. Сизга маълумки, охирги 5 йил давомида Қирғизистонда жуда кўп нарса тубдан ўзгарди. Ҳокимият учун курашаётган кучлар мутаносиблиги, қандай партиялар қатнашаётгани ва улар муаммолари тўғрисида ҳам маълумотим кам. Мени сиёсатдан узоқлашганимга анча бўлди. Мени бу нарсалар қизиқтирмайди, деб айтди Асқар Акаев.

Ўтган ҳафта Қирғизистон Бош вазирининг муовини Азимбек Бекназаров собиқ президент Асқар Акаевга нисбатан жиноий иш қайта қўзғатилишини билдирганди. Асқар Акаев қирғиз расмийларининг жиноий иш очиш режасига бефарқ эканлигини билдирди.

"Эҳтимол, менга қарши жиноий иш қўзғатишлари мукин. Мен Ўтинбоева, Бекназаров ёки бошқа қирғиз сиёсатчилари тарқатишаётган баёнотларни ўқиганим ҳам, эшитганим ҳам йўқ," деб айтди Асқар Акаев.

2005 йил Қирғизистонда юз берган "Лола инқилоби"дан сўнг Асқар Акаев ва унинг оиласи Москвага қочишга мажбур бўлганди. Ўтган беш йил давомида Асқар Акаев Қирғизистонга бирон марта ҳам ташриф буюрмаган.