Қирғизистон Украинадан Қодиржон Ботировни экстрадиция этишни талаб қилди

Қирғизистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар қилишича, Украинадан Қирғизистон Ўзбек миллий-маданий маркази раҳбарларидан бири Қодиржон Ботировни экстрадиция қилишни сўраб расман мурожаат қилган.

Қирғизистон расмийларига кўра, Қодиржон Ботиров ҳозир Киев шаҳрида.

Шу йил июн ойида Ўш ва Жалолобод вилоятларида Қирғизистон қирғини номи билан танилган қонли ҳодисалар рўй берди.

Қирғиз расмийлари 400 атрофида инсон ҳалок бўлганини, бироқ ҳаётдан кўз юмганларнинг аниқ сони расман эълон этилганидан анча кўп бўлиши мумкинлигини айтишади.

Қотилликлар, ўзбек маҳаллаларидаги хонадонларга ўт қўйиш, вайрон этиш ва талон-тарожлар 100 мингдан зиёд ўзбек миллатига мансуб инсонларни Ўзбекистондан вақтинча бошпана излашга мажбур этган.

Қирғиз расмийларига кўра, қирғизлар билан ўзбеклар ўртасидаги миллий низони Қирғизистондаги ўзбек диаспораси раҳбарлари уюштирганлар.

Қирғизистон жанубидаги қонли ҳодисалар юзасидан қўзғатилган жиноий ишларда зўравонликлар ортида Жалолобод Ўзбек миллий-маданий маркази раҳбари Қодиржон Ботиров тургани айтилган.

Қодиржон Ботиров бу айбловларни рад этади, у Қирғизистон жанубида этник можаро келиб чиқишида муваққат ҳукумат раҳбарларини айблайди.

Жаноб Ботиров айтишича, Қирғизистоннинг собиқ президенти Қурманбек Бакиев ўзи туғилиб ўсган Жалолобод шаҳри яқинидаги Тейит қишлоғида жойлашиб, муваққат ҳукуматга қарши амалиётларга киришганда, расмийлар Бакиевга қарши ўзбекларнинг дастакловини таъминлашни Қирғизистон ўзбеклари раҳбарларидан илтимос қилишган.

"Роза Ўтинбоева ва муваққат ҳукуматнинг бошқа аъзолари мендан қайта-қайта ўзбекларнинг Қурманбек Бакиевни дастаклашига йўл қўймасликни сўрашди", деди Қодиржон Ботиров.

"Эвазига менга давлат лавозими таклиф этилди", дейди у.

Жаноб Ботировнинг айтишича, ўзлари Қурманбек Бакиевнинг этник омилдан мамлакат жанубидаги вазиятни беқарорлаштиришига йўл қўймаганлар.

Қодиржон Ботиров, ўзбекларнинг мамлакат жанубидаги жипслиги ва яхши ташкиллангани муваққат ҳукумат сиёсатчиларини чўчитди, дейди.

"Биз(ўзбеклар) ҳисоблашиш лозим бўлган аҳамиятли сиёсий кучга айландик. Бундай аҳвол янги ҳокимият лидерларини қониқтирмас эди", деб айтган жаноб Ботиров ўзининг интернетда эълон қилган видеомурожаатида.

Қодиржон Ботиров таъқиблар туфайли Қирғизистонни тарк этганини, ҳозир бошқа мамлакатда эканини маълум қилган.