Тожикистон шарқидаги ҳарбий амалиётлар Афғонистонга қанчалар боғлиқ?

Рашт тумани
Image caption Ҳозир шарқий Рашт туманида жангариларга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётлар кечмоқда

Афғонистон шимолида Толибон ва уларга алоқадор Исломий жангарилар фаолияти кучайиб, ҳатто афғон-тожик чегарасидаги айрим нуқталар исёнкорлар назоратига ўтаётгани ҳақида хабарлар чиқмоқда. Тожикистон шарқидаги сўнгги ҳафталар юз бераётган ҳужумларни эса, Душанбе расмийлари бевосита Афғонистондаги жангари гуруҳларга боғлашади. Аслида ҳам бу боғлиқлик қанчалик кўзга ташланади? Би-би-си Ўзбек Хизмати ушбу савол билан тожикистонлик журналист Искандар Ферузга мурожаат этган:

Искандар Феруз: Дарҳақиқат, Тожикистондаги сўнгги қуролли тўқнашувларда ҳукумат Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Толибонни айблар экан, бу муайян воқеаларга таянди. Аввало, афғон-тожик чегарасида кечган отишмалар. Ҳали ўтган ой ўртасида ҳам Тожикистон чегарачилари Афғонистондан кириб келишга интилган бир гуруҳ жангариларни қайтаришган. Хавфсизлик мулозимлари эса, бу жангарилар орасида айнан Толибон ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари бўлганини айтишганди. Расмийлар, шунингдек, шимолий Тожикистондаги ҳужумни ҳам бевосита Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига боғлади ва бу ўринда худкуш ҳужумчи инисининг кўрсатмасини келтирди. Аввалроқ, Душанбедаги ҳибсхонадан қочган маҳбуслар орасида ҳам ўтган йили қўлга олинган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари ва Афғонистон ватандошлари бўлишган. Ҳукумат ҳали бир йил олдин гуруҳларнинг Тожикистон ҳудудига суқилиб киришлари эҳтимоли ҳақида гапиришганди. Яқинда Ғарб нашрларига суҳбат берган Толибон вакиллари ҳам марказий осиёлик жангарилар бугунда Тожикистон ҳудуди орқали ўз ватанларига қайтишмоқда, деб айтдилар.

Би-би-си: Афғон-тожик чегарасининг кўп қисмларини назорат қилиб бўлмаслиги айтилади. Бунинг устига, Афғонистон тарафидаги айрим муҳим ўтиш нуқталари Толибон назоратида деган хабарлар келмоқда. Тожикистон томонида ҳозир аҳвол қандай? Ҳукумат чегарани ҳимоя қила оладими?

Искандар Феруз: Келинг, масалага рўй-рост қарайлик. Гап шундаки, тожик-афғон чегарасининг кўплаб қисмини назорат қилиб бўлмайди. Ҳали Шўро даврида ҳам юзлаб чақирим чегара масканлари беназорат бўлган. Баланд тоғли ҳудудларда умуман чегарани қўриқлаш қийин. Бу эса, чегарадан ноқонуний ошиб ўтиш учун имконият яратади. Қуйи ҳудудларда чегарачилар сарҳадларни муҳофаза этишмоқда. Лекин, баланд тоғли жойларда назорат йўқлигини тан олиш керак. Тўғри, бошқа тарафдан жангарилар ҳам осонлик билан баланд тоғли сарҳадлардан ошиб ўта олмайдилар. Аммо исташса, қочоқчилар ҳам, террорчилар ҳам бу тоғли ўтиш йўлларини истеъфода этишлари мумкин дейилади.

Би-би-си: Марказий Осиёлик мужоҳидлар ўз ватанларига қайтишаётгани ҳақида айтдингиз. Улар қандай мақсадда қайтишмоқда? Урушиш учунми ва ё тинч ҳаётга қайтишмоқчими?

Искандар Феруз: Менимча, Толибонга қарши Америка етакчилигидаги иттифоқ кучларининг кучаётган ҳужумлари ҳам бу жангариларни қайтишга ундаётган бўлиши мумкин. Айни пайтда, марказий осиёлик жангарилар ўз жонлари бироз бехатар бўлган жойларга ўтишни режалашаётгандек. Лекин, шунча йиллик урушлардан кейин бу одамлар тинч ҳаётга қайтишларини башорат қилиб бўлмайди. Бунинг устига, Марказий Осиё ҳукуматлари қайтиб келган жангариларни топишса, уларни, албатта, қамоққа ташлашади. Бу жангарилар олдида қолаётган йўл эса - Марказий Осиё ҳудудларига келгач, очиқ ҳолдами ва ё махфийми, барибир, бу ерда ҳам ўз жангарилик фаолиятларини давом эттириш. Улар хорижий иттифоқ кучларининг Афғонистондаги таъминоти учун муҳим йўлак - Ўзбекистон ва Тожикистондан ўтадиган таъминот йўлини заифлаштириш ниятида бўлишлари ҳам мумкин. Яъни, Марказий Осиёда туриб, Афғонистондаги маслакдошлари ва сафдошларига ёрдам беришни ҳам режалашгани эҳтимолини назардан соқит қилмаслик керак.