Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қирғизистон жанубидаги этник қирғин туфайли ўн минглаб одамлар ишсиз қолишган

Қирғизистонлик масъулларга кўра, ўтган июн ойида мамлакатнинг жанубий минтақаларида кечган миллий зўравонликлар оқибатида 20 мингдан ортиқ иш ўринлари йўқотилган.

Қирғизистон Бош вазирининг Ижтимоий масалалар бўйича муовини Ўктамхон Абдуллаеванинг таъкидлашича, қарз олиб, савдо-сотиқ билан шуғулланаётган тижоратчилар бор-будлари қолиб, иш жойларидан ҳам айрилишган.

Унга кўра, шу сабабдан ҳам энг аввало ушбу муаммо ҳал этилмоғи лозим.

Абдуллаева хонимнинг айтишича, вужудга келган вазият назарда тутилса, 200.000 қирғиз сўмидаги қарз тижоратчиларнинг иқтисодий аҳволларини яхшилашга кифоя қилмайди.

Қирғизистон жанубидаги ўзбеклар асосан тижорат билан шуғулланиб келишган. Дўкон, нонвойхона, турли кичик корхоналарни юритиб, шунинг орқасидан даромад қилишган.

Ўтган июн ойидаги қонли зўравонликлар ортидан уларнинг аксарияти вайрон этилган ёки ўт қўйилган.

Миллий низолар чоғида, бундан ташқари, юзлаб одамлар қурбон бўлган, кўплаб турар-жойларга зиён етган ва ўн минглаб одамлар ўз турар-жойларини ташлаб чиқишга мажбур бўлишганди.

Халқаро ҳамжамият август ойида жанубий минтақаларини қайта тиклаш учун Қирғизистонга бир миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратишга ваъда берганди.

Хўш, этник зўравонликлардан уч ой ўтиб, Қирғизистон жанубида оддий одамларнинг ҳаётлари қанчалик ўнгланган, бугун улар ниманинг орқасидан тирикчилик қилишмоқда?

Биз шундай савол билан Ўш яшовчиларидан бирини суҳбатга тортдик.