Покистонда яна Натонинг ўнлаб карвонлари ҳужумга тутилди

Покистонда яхши қуролланган шахслар Афғонистондаги НАТО кучлари учун мўлжалланган 30 га яқин ёқилғи танкерини вайрон қилганлар.

Йигирмата қуролли ёқилғи Балужистон вилоятида бугун эрта тонгда ёқилғи ортилган юк машиналарини ўраб олганлар.

Қуроллилардан бири гранатомётни ишга солган.

Покистон Афғонистонга элтувчи ўзининг асосий йўлини беркитиб қўйганди.

Исломобод НАТО вертолётлари Покистон ичкарисида ҳаво амалиётларини ўтказишига эътирозан мазкур амалга қўл урганди.

Ҳужум шанба тонгида амалга оширилган

Ҳозир Афғонистондаги НАТО қўшинлари учун ёқилғи Покистон жанубидаги Карочи бандаргоҳига кемаларда, ундан кейин эса қуруқликда Покистон ҳудуди орқали Афғонистоннинг Қандаҳор чегарасига яқин Чаман нуқтасига етказилаяпти.

Сўнгги ҳужум Балужистон вилоятининг Митри деб аталадиган туманида Сиби шаҳри яқинида юз берган.

Ҳайдовчиларнинг мухбирларга айтишларича, улар йўл юриб кеча кечқурун катта йўл четида жойлашган ресторан олдида тўхташган ва кечки овқатни шу ерда еб ухлашган.

Ҳайдовчилардан бирининг ёрдамчиси Муҳаммад Барваннинг "Франс пресс" агентлигига айтишича, қуроллилар Калашников автоматлари билан қуролланган бўлган.

"Биз автомобилларимиз ёнида ухлаб ётган эдик. Қуроллилар келиб, автомобиллар олдидан кетишга буйруқ берди. Улар юзларини ниқоб билан тўсган эдилар", деб айтган Муҳаммад Барван.

Митри тумани расмийларидан бирининг айтишича, қуроллилар сони 20 дан зиёд бўлган, йўл четида тўхтаган 29 ёқилғи ортилган юк автомобилларига гранатомётлардан ўт очилган.

Митри расмийсига кўра, ушбу ҳужумда икки полиция зобити яраланган.

Аланга кучлилигидан расмийлар оловни ўчиришга қийналганлар ҳамда талофатнинг умумий миқёсини аниқлаш қийин бўлганини айтишган.

Ҳужумчилар номаълум

НАТО ёқилғи карвонига сўнгги ҳужумни содир этган қуроллилар ким экани маълум бўлмаган.

Бироқ бу сўнгги ҳафталардаги Покистон ҳудудида Афғонистондаги НАТО қўшинлари таъминотини нишонга олиб амалга оширилган 6-ҳужум ва бундан олдинги ҳужумлар учун масъулиятни Покистон Толибони ўз зиммасига олган.

Покистондаги Толибон ҳаракати мамлакат ҳукуматидан Афғонистондаги НАТО ва АҚШ қўшинларига таъминот етказишда Покистоннинг қуруқлик ҳудудидан фойдаланишга чек қўйишни талаб қилиб келади.

Бу ҳужумлар Толибоннинг Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош тоғли ҳудудларига АҚШ учувчисиз учоқларидан ракета ҳужумлари кўпайганига жангариларнинг жавоби деб кўрилаяпти.

Покистон шимоли-ғарбида учувчисиз бошқариладиган учоқлардан ракета ҳужумлари Толибон ва "Ал-Қоида" жангариларини нишонга олмоқда.

Покистон расмийлари ўз мамлакатлари ҳудудига сентябр бошидан буён 26 учувчисиз учоқ ҳужумлари уюштирилганини айтишган, бу ҳужумларда 140 дан зиёд одам ҳалок бўлган.

Америка учоқлари ҳужумлари экстремистларнинг Оврўпо шаҳарларида Мумбай усулидаги ҳужумлари режасини издан чиқариш мақсадида кучайтирилгани хабар қилинган. Сўнгги ҳужум Покистон ўзининг Афғонистон билан чегарадош Турхам ўтиш нуқтасини ёпганининг 10-кунида юз берган.

НАТО вертолётининг хатоси туфайли жангари деб ўйлаб, камида икки Покистон аскари ўлдирилган, бунга норозилик сифатида Покистон Афғонистонга туташ Турхам ўтиш нуқтасини ёқилғи таъминоти учун ёпиб қўйган эди.

Расмийлар иккинчи ўтиш жойи Чаман очиқ эканини айтадилар.