Қирғизистонда парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда

Қирғизистонликлар июн ойида юзлаб инсонларнинг ўлимига зомин бўлган миллатлараро тўқнашувлардан сўнг биринчи марта овоз беришмоқда.

Марказий Осиёдаги илк парламент демократиясини яратишига умид қилинаётган сайловларда парламентдаги 120 ўрин учун 29 та партия курашмоқда.

Мамлакат бўйлаб сайлов шаҳобчалари маҳаллий вақт билан соат 8 да очилган ва кечки 8 да ёпилади.

Бишкекдаги мусиқа мактабида овоз берган Президент Роза Ўтинбоева "Бизнинг халқимиз ўз тарихини яхши билади. Халқимиз парламент республикасини тузишга бел боғлаган ва уни ҳимоя қилади", - деб айтган.

"Биз бугун имтиҳон топшираяпмиз. Агар имтиҳондан ўтсак, хавфсизлик сақланади, деб мен ишонаман", деган Ўтинбоева.

Қирғиз расмийлари сайловлар чоғида июн ойидаги зўравонликларнинг қайтарилмаслиги учун зарур чоралар кўрганликларини айтишган.

Этник зўравонликларда юзлаб, асосан ўзбеклар ҳалок бўлган эди.

Зўравонликлар ортидан ўтказилган референдум натижасида Қирғизистон президент бошқарувидан парламент бошқарувига ўтгани эълон қилинган.

Мамлакатнинг собиқ президенти Қурманбек Бакиев апрел ойидаги ғалаён чоғида ҳокимиятдан ағдарилган.

Image caption Ўтинбоева ўзбекларни сайловларда фаол қатнашишга чақирган

Бакиев даврида ҳокимиятда бўлганларнинг кўпчилиги ҳозирда мухолифатда ва улар собиқ президентнинг тарафдорлари кўп бўлган мамлакат жанубида катта қўллаб-қувватловга эга.

Овоз бериш жараёнлари чоғида асосий эътибор этник зўравонликлар юз берган Ўш ва Жалолободга қаратилади.

Ўзбекларнинг овози

Қирғизистон президенти Роза Ўтинбоева шанба куни ўзбек аҳолисига мурожаат этиб, парламент сайловларида фаол овоз беришга чақирган.

Унинг айтишича, янги ва кучли парламент мамлакатда тинчликнинг таъминлашига хизмат қилиши мумкин.

Роза Ўтинбоева бўлажак сайловлар Қирғизистонни Марказий Осиёдаги дастлабки парламентар мамлакатга айлантиришини айтган.

"Биз бир шахс диктати остида яшадик, аммо бу иш бермади," деб айтган Қирғизистон президенти.

Бироқ июн ойидаги зўравонликлар чоғида уйлари ёқиб юборилган ўзбеклар ҳозирда уй-жойларини тиклаш билан овора.

Ўшлик Омина опанинг айтишича, қирғиз ҳукумати уларга уй-жойларини тиклашга ёрдам бераётгани йўқ.

Аммо қирғиз мулозимлари миллатига қарамасдан, барча жабр чеккан фуқароларга бошпаналарини тиклашда ёрдам бераётганларини айтишади.

Ўзбекларнинг сайловларда қайси партияни қўллаб-қувватлаётганлари номаълум.

Чунки зўравонликлардан сўнг ўзбек лидерлари тартибсизликларда айбланган ва ўзбеклар амалда сиёсий жараёндан четлатилган.

Сайловлар аарфасида Ўшда бўлиб қайтган Британиядаги Муҳожирлар билан ишлаш хайрия ташкилоти ходимаси Мари Поулнинг Би-би-сига айтишича, ўзбеклар сайловлардан кўп нарса кутаётганлари йўқ.

"Ҳеч ким сайловларга катта умид билан қараётгани йўқ. Одамларнинг кўпи келажакка умуман ишонишмайди. Шунинг учун Ўш шаҳридан июн ва айниқса июл ойидан буён кўплаб одамлар чиқиб кетган. Кўплар Қирғизистонни умуман тарк этиш ва келажакларини хорижда топишга уринмоқда. Умид учқунлари сақланиб қолган одамлар мен билан суҳбатда Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти полициячиларининг келишига кўз тикиб туришганларини айтишди. Улар шунингдек июн ойида содир этилган зўравонликлар юзасидан халқаро мустақил текширувлар ўтказилишига умид қилишаётганларини билдиришди", дейди британиялик ёрдам ташкилоти ходимаси.

Якшанба кунги овоз бериш жараёнлари тинч бошланган, аммо ҳокимият учун курашаётган сиёсий партиялар ўзлари истаган натижага эришмаганлари тақдирда норозилик ва зўравонликларнинг қайтадан бошланиб кетишидан ҳавотирлар мавжуд.

Агар сиз сайловларда иштирок этаётган бўлсангиз, кузатишларингиз ва сайловларнинг аҳамияти ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашинг.